Лого Лого-пв-уз

    Бизни эл-юрт манфаати ва буюк ғоялар бирлаштиради

    Сиёсат 27 июл 2023 452

    Қорақалпоқнинг улуғ шоири Ибройим Юсупов қон-қардош халқларимиз ҳақида шундай ёзади: “Дарёни дарёга қўшган, Фазоларнинг сирин очган, Бир оиладек уюшган, Мангу яша, туғишганлик”. Ёки бошқа бир шеърида “Қандай яхши биродар, Одамзотнинг юраги. Бир одамга бир одам, Бўлса доим кераги”, дейди.

    Шоирнинг бу мисраларини бежиз келтирмадик. Боиси, кейинги йилларда англаб етган ҳақиқатимиз мамлакатимизда яшаётган кўп миллатли халқимиз орасида ўзаро биродарлик, бирдамлик ва меҳрдошлик ҳисси юксалгани бўлди.

    Халқимиз бу қутлуғ ҳодисани, ҳақли равишда, мамлакатимизда юз бераётган катта ислоҳотлар самараси билан боғлайди. Бунга ҳар биримиз ўз ҳаётимиз, қолаверса, маҳалламиз, овулимиз, шаҳару туманларимиз, умуман, мамлакатимиз ўзгараётгани мисолида гувоҳмиз.

    Президентимиз бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмаслигини кўп таъкидлайди. Бу – бир қарашда табиийдек туюлади. Лекин бу ҳолга эришишда бир қатор босқичларни муваффақиятли босиб ўтганимиз кўп ҳам хаёлимизга келавермайди.

    Бугун мана шу босқичларни, ўтган йилларда эришилган ютуқларимиз ва улар оддий фуқаролар ҳаётини қанчалик ўзгартириб юборганини Қорақалпоғистон Республикаси мисолида таҳлил қилмоқчимиз.

    Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз сайловолди учрашувлари доирасидаги мулоқотини бу сафар ҳам Қорақалпоқ элидан бошлади. Ва шунда айтдики: “Албатта, қилинган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин, лекин ислоҳотларимиз натижасига баҳо берадиган энг холис ҳакам, бу – халқимиз”.

    Мавзуга шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, кўп миллионли халқимиз яна бир бор ўз Президентига ишонч билдиргани бежиз эмаслигини аниқ тушуниб оламиз.

    Биринчидан, унутилган овул ва туманларга янги ҳаёт шукуҳи қайтди.

    Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланади. Ўзига хос иқлим шароитига эга бўлган ушбу ҳудуднинг ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ. Лекин кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоқ элига бўлган юксак меҳри ва эътибори, алоҳида ғамхўрлиги жазирамани юмшатиб, аёзни илиқликка айлантира олди.

    Гап шундаки, Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш йўлида қилинаётган ишлар жуда кўп. Бугунги кунга келиб, ҳудуднинг иқтисодий тузилиши тубдан такомиллаштирилиб, барқарор ривожланишга мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.

    Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларига мамлакатимизнинг бошқа вилоятлари бириктирилиб, ҳудудда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ички инвестицияларни жалб қилган ҳолда саноат, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.

    Бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикасида оғир шароитда яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 71 фоизга етди.

    Қорақалпоғистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти йил сайин кенгайиб бормоқда. Бугунги кунга келиб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 196 тани ташкил этиб, кўрсаткич 3 баробар ошди. Ҳудудий экспортёр корхоналар 2023 йилда 240 тага етди ва 2016 йилга нисбатан 3 баробар ортди. Сўнгги 6 йилда Қорақалпоғистон ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Америка Қўшма Штатлари, Франция, Италия, Испания, Нидерландия, Португалия, Болгария, Канада, Австралия, Миср, Бангладеш, Филиппин, Исроил, Тайван, Покистон, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа хорижий давлатларга кириб борди. Бу давлатларга экспорт қилинган маҳсулотга тури 2 баробар кўпайиб, трикотаж маҳсулотлари, ип-калава, ош тузи, ипак, ун, қуритилган помидор, шиша идишлари, ярим тайёр мебель, ярим тайёр чарм маҳсулоти, инфузион система, бир марталик инъекцион шприцлар, кир ювиш кукуни, суюлтирилган ойна, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сетка ва қоракўл териси ташқи бозорда юқори баҳоланмоқда.

    Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланишида “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси, Қўнғирот сода заводи каби йирик экспортчилар қаторида “Нукус Мед Тех”, “Ориент Текнолоджи”, “Себу Артемия” “Амударётекс”, “Кантекс Инвест”, “Корпорация Арал Сан Бао”, “Биогумус”, “Ланэкстракт” ва бошқа экспортёр корхоналарни қилиб келтиришимиз мумкин.

    Иккинчидан, ёшлар ва хотин-қизларга эътибор юксалди.

    Қорақалпоғистондаги олийгоҳлар сони 2 баробар кўпайиб, 12 тага етди. Уларга қабул сони эса 3,5 марта ошди ва қамров 19 фоиздан 46 фоизга ўсди. Ҳозирги вақтда бу ерда 58 минг талаба таҳсил олмоқда.

    Айтиш жоизки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни, айниқса, аёл-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда.

    Давлатимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Маҳалла хотин-қизлар фидойиларининг таклифлари асосида бугунги кунда 41 турдаги ёрдам кўрсатиш амалиёти жорий этилган. Масалан, биргина “Аёллар дафтари” тизими доирасида ўтган 2021–2022 йилларда 82 мингдан ортиқ хотин-қизнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўз ечимини топган бўлса, ушбу тадбирлар учун жами 158 миллиард 666 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилган.

    2023 йилнинг ўзида 55 минг 51 хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, шу кунга қадар 38,5 мингдан зиёд хотин-қизнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топилди. Жумладан, жорий йилнинг 5 ойи давомида 28 минг 729 хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 4418 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 4814 нафарига 43 миллиард 331 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди, 272 хотин-қизга 1 миллиард 347 миллион сўм миқдорида субсидиялар берилди.

    Ижтимоий ҳимояга мухтож хотин-қизларнинг билим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022–2023 ўқув йилида магистратура босқичида ўқиётган 2300 дан ортиқ талаба қизнинг шартнома тўловлари тўлаб берилди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртида таълим олаётган 1951 хотин-қизга 17 миллиард 220 миллион сўм миқдоридаги шартнома тўлови учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит ажратилди.

    Учинчидан, йўл инфратузилмаси яхшиланди.

    Йўллар аҳоли турмуш фаровонлиги, мамлакат тараққиётини белгиловчи мезонлардан биридир. Қаерда йўл қурилиши, таъмирлаш ишлари кенг қулоч ёзса, ўша жойда замонавий инфратузилма объектлари қад ростлаб, аҳоли ҳаёт тарзи юксалиб бораверади.

    Бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 12381,5 километр автомобиль йўллари мавжуд. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 4254 километр, ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари 8127,5 километрни ташкил қилади.

    Ҳақиқатан ҳам, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти сўнгги пайтларда янги йўл ва кўприклар қуриш, унинг инфратузилмасини халқаро андозалар даражасида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда намоён бўлмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда замонавий йўл ҳамда кўприклар қурилиши, аввало, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг вақтини тежаш, маҳаллаларимиз қиёфасини тубдан ўзгартиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.

    Тўртинчидан, мактабгача ва мактаб таълими тубдан ўзгарди.

    Давлатимиз келажак авлод учун зарур шароитлар яратиш бўйича аниқ йўналишга эга. Боғчалар қамрови 28 фоиздан 81 фоизга, уларнинг сони эса 317 тадан 1 минг 600 тага кўпайди. 172 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 104 та мактабда қўшимча бинолар барпо этилгани ҳисобига 118 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди.

    Яқин келажакда Қорақалпоғистонда 160 янги боғча қурилиб, айримлари қайта таъмирланади, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинади. Келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратилади. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилиб, 350 таси таъмирланади. Ихтисослашган мактаблар сони 2 карра оширилиб, 32 тага етказилади. Натижада Қорақалпоғистондаги мактабларда 30–35 дан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди.

    Болаларнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан соғлом ва сифатли овқатланишига боғлиқ. Ўз навбатида, бунда мактаблардаги бепул овқатлантириш самарали таъсир кўратади. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 умумтаълим мактабида бошланғич синфлардаги ўқувчилар кейтеринг усулида бепул овқат билан таъминланган. Эндиликда эса олис ва чекка овуллардаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини йўлга қуйиш Қорақалпоғистондан бошланадиган бўлди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди”. Шундай экан, инсонларнинг бугунги ҳаётидан розилигини таъминлаш йўлидаги эзгу ишлар давом этаверади.

    Бешинчидан, қорақалпоғистонликлар учун алоҳида имтиёзлар берилмоқда.

    Қорақалпоғистон учун берилаётган имтиёзлар қаторида 7000 нафар ёшга Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртига квота ажратилаётган бўлса, тадбиркорлар учун қўлланиладиган солиқ тури ва миқдори деярли 2 баробар камайтириляпти. Фақатгина Қорақалпоғистон учун темир йўл ва авиачипталарга 50 фоизлик имтиёз бериш тизими жорий қилинди. Янги ўқув йилидан эътиборан, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари даромад солиғидан озод этилади.

    Шунингдек, Қорақалпоғистонда агро-технологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилади.

    Президентимиз сайловчилар билан учрашувда “Умуман, биз Қорақалпоғистонда олий таълим қамровини келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга етказамиз. Бунинг учун, чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ўқишини юртимиз олийгоҳларига давлат гранти асосида кўчириш амалиётини йўлга қўямиз”, дея таъкидлади.

    Бугунги кунда барча шаҳар ва туманларда жами 21 мингдан ортиқ уй-жойларда 350 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, шунингдек, 452 маҳалланинг ҳар бирига бевосита 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, кадастри йўқ 47 минг турар жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб берилади. Шу билан бирга, жорий йилда 4 мингта уй қурилиб, яна шунча шахсий турар жой қуриш учун 4 сотихдан ер участкаси ажратиб берилади.

    Олтинчидан, аҳоли қулай яшаши учун зарур инфратузилма яратилмоқда.

    Қорақалпоғистонда 2030 йилга қадар мўлжалланган режага мувофиқ, маҳалла ва овулларда 6 минг километр йўл ҳамда 150 кўприк таъмирланади. 5 минг километр электр тармоғи, 1 минг 350 трансформатор ва 10 подстанция янгиланади. 70 минг хонадонга эга 2 мингта кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади. Барча ижтимоий объектлар ва давлат идоралари ҳамда 17 минг хонадонга 55 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилади.

    Еттинчидан, аҳоли саломатлигини мутаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Президентимиз таъкидлаганидек, Тошкентда мавжуд бўлган барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади, олис ва чекка овуллардаги тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Қорақалпоғистондаги Онкология ва радиология маркази филиали учун янги бино қурилади ва энг замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унинг ҳудудида беморларнинг яқинлари вақтинча яшаб турадиган ётоқхона барпо этилади. Энди келаси йилдан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғиротда ҳам 200 фоизлик ойлик устама тўлаш йўлга қўйилади.

    Давлатимиз раҳбари фақат Қорақалпоғистон учун аҳолининг стационарда даволаниш харажатлари даромад солиғидан озод қилиниб, ижтимоий реестрга кирган аҳоли ордер асосида Тошкент шаҳри ёки бошқа вилоятга даволанишга келганида, уларга авиа ва темир йўл харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Шу билан бирга, қорақалпоғистонлик болаларга юқори технологик операциялар учун ҳомийлик қилган тадбиркорларнинг ушбу харажатлари солиқ ундириш базасидан чегириб ташланиши маълум қилинди.

    Саккизинчидан, қорақалпоғистонлик ёшлар – давлат ҳимоясида.

    Таъкидланганидек, ёшлар учун махсус уй-жойлар қурилади ва келгуси етти йилда ҳар йили 1 мингта ёш оилага имтиёзли ипотека кредитлари берилиши, бунинг учун, мазкур лойиҳага Хўжайли туманидан биринчи босқичда 100 гектар ер ажратилади ҳамда 100 миллион доллар маблағ йўналтирилиши айтилди.

    Хўжайли туманида ташкил қилинадиган “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”га эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш шарти билан тадбиркорларга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилади. Ушбу марказда нафақат ишлаб чиқариш объектлари, балки касбга ўқитиш марказлари, IT парк филиали, лойиҳа офислари жойлаштирилади.

    Тўққизинчидан, Қорақалпоғистон туристик ҳудудга айланмоқда.

    Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари туризмга ихтисослаштирилади. Тўрткўл, Беруний, Амударё, Хўжайли, Қонликўл, Қўнғиротда йўл-савдо инфратузилмаси кенгайтирилади. Шу билан бирга, Тошкентдан Нукусга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиб, йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради. Бунинг учун, узунлиги 465 километр бўлган “Бухоро – Урганч – Хива” ва узунлиги 196 километр бўлган “Мискин – Нукус” темир йўл линиялари электрлаштирилади. Бу лойиҳага 460 миллион доллар йўналтирилади. Ушбу линия ишга туширилгач, “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива” анъанавий туристик занжирига Қорақалпоғистон ҳам қўшилади.

    Натижада хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг юртимизда 4–5 кунгача бўлишини таъминлаш, туристик хизматлар экспортини 100 миллион долларга етказиш имконияти яратилади.

    Ўнинчидан, қорақалпоқ маҳалларида бошқарув тизими ўзгарди.

    Президентимиз сайловчилар билан учрашувда маҳалла тизимида кутилаётган бир қатор янгиликлар ҳақида ҳам маълум қилди.

    Жумладан, эндиликда маҳалланинг молиявий мустақиллигини ошириш бўйича ҳам қатор янгиликлар қилинади. Бу борада аҳолидан йиғиладиган мол-мулк ва ер солиқлари ягона мулк солиғи бўлиб бирлашади ва аҳолидан ундириладиган қисми маҳалла бюджетига тўлиқ ўтказилади. Бу Қорақалпоғистондаги маҳаллалар ихтиёрида ҳар йили 230 миллиард сўм қўшимча маблағ қолади, дегани.

    Президентимиз мамлакат бўйича аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилиши (Қорақалпоғистонда 20 миллиард сўм) ҳақида айтганида Қорақалпоғистон эли ниҳоятда қувонди. Шу билан бирга, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” имкониятлари янада кенгайтирилиб, унга ажратиладиган маблағлар 3 карра оширилиши ҳам катта янгилик бўлди. Маълум қилинишича, эндиликда “Очиқ бюджет” лойиҳаларида ғолиб бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади ва ушбу мақсадлар учун йил якунига қадар яна 1,2 триллион сўм ажратилади.

    Биз ҳозир кейинги йилларда Қорақалпоғистонда кузатилган айрим ўзгаришларнигина санадик, холос. Аслида қорақалпоқ элининг бугунги қиёфаси, овул ва қишлоқларимиз буткул ўзгача чирой очгани, одамларимиз ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин.

    Буларни Президентимизнинг битта истаги билан ифодалаш мумкин: “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиги жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”.

    Демак биз катта йўлнинг бошидамиз. Бу йўлда ҳали янгидан-янги ташаббус ва ғоялар юзага чиқарилади. Шунда яна бир бор шоиримиз сўзига қулоқ тутгимиз келади: Эзгулик униб ўссин, Инсон инсонни суйсин! Йўқса қандай яшайди, Бир одамсиз бир одам?

    Байрамбай ОТЕМУРАТОВ,

    Ажиниёз номидаги Нукус давлат

    педагогика институти ректори

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates