БМТ Бош котиби Ўзбекистонга ташриф буюради

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь - 1 июль кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

    Олий мартабали меҳмоннинг ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

    Кун тартибидан Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган. Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

    Ташриф давомида БМТ Бош котиби қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади.