Фармонга кўра, президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага Президент Администрацияси тузилмасида кадрлар, ташкилий ва эксперт масалаларини бошқариш бўйича ваколатлар ва Президент Администрацияси ходимларининг штат жадвалини тасдиқлаш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, унга президент маслаҳатчилари ўринбосарларини, администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг ўринбосарларини, комплаенс хизмати бошлиғи, канцелярия мудири, администрация бошқарув ходимлари (шу жумладан, илгари президент фармони билан тайинланганларни) тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, Саида Мирзиёева лойиҳа бошқаруви тамойиллари асосида ривожланиш дастурларини амалга оширишга маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан олимлар ва тадқиқотчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Бундай ҳамкорлик тўғридан тўғри шартномалар орқали расмийлаштирилади, молиялаштириш эса, шу жумладан, АЖ фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, унга меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини мустақил белгилаш, жалб этилган мутахассисларга ҳақни миллий ва чет эл валютасида тўлаш ҳуқуқи берилди.
Икки ҳафта муддатда Президент Администрацияси бошқарув ходимлари фаолиятини баҳолаш, уларни аттестациядан ўтказиш, шунингдек, энг малакали ва салоҳиятли кадрларни танлаб олишни таъминлаш топширилди.
Президент маслаҳатчилари ва Президент Администрацияси таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўн кун муддатда ўз йўналишлари бўйича ривожлантириш лойиҳалари рўйхатини шакллантириши ва тасдиқлаш учун Президент Администрацияси раҳбарига тақдим этиши лозим.
Коммуникациялар департаменти бир ой муддатда Давлат коммуникациялар стратегиясини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритади.
Агентлик девони бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда бир ой муддатда иш жараёнларига замонавий рақамли воситаларни, шу жумладан ходимлар фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш, видеоконференциялар, йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказишни жорий этиши лозим.
Президент администрацияси регламентига кўра, харажатларнинг йиллик сметасини, шунингдек, администрациянинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни (ходимларни мукофотлаш ва рағбатлантириш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар) тасдиқлаш Президент администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.








