Болгария Президенти Тошкентдаги Миллий маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюрди

    Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги муҳим иқтисодий воқеликка айланмоқда. Жорий йилда форум доирасида илк бор ташкил этилган Ўзбекистон Миллий маҳсулотлари кўргазмаси халқаро ҳамжамият эътиборини тортаётган муҳим майдон бўлди.

    Айни пайтда “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуасида бўлиб ўтаётган мазкур кўргазмада нефт-кимё, машинасозлик, қурилиш саноати, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа тез ривожланаётган соҳаларда фаолият юритаётган 90 дан ортиқ миллий компания ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этмоқда.

    Кўргазмага ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар қаторида Болгария Республикаси Президенти Румен Радев ҳам бор. Олий мартабали меҳмон ушбу кўргазма инвесторлар учун Ўзбекистондаги имкониятлар ҳақида мукаммал тасаввур ҳосил қилишда муҳим ўрин тутишига урғу берди.

    Таъкидланишича, Болгария тадбиркорлари Ўзбекистондаги лойиҳаларга сармоя киритиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этишга тайёр. Шунингдек, Президент икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш учун зарур ташаббуслар қўллаб-қувватланишини қайд этди.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ўсмоқда, айниқса, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, фармацевтика, машинасозлик ва қурилиш материаллари соҳаларида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.

    Кўргазма доирасида Болгария ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида қатор ишбилармонлик учрашувлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янгиланган ҳамкорлик форматларини жорий этишга замин яратади.