Бўстонлиқдан чиқишда чиқинди қабул қиладиган экопункт ташкил этилди

    Туризм ва маданий мерос вазирлиги, "Чорвоқ" ТРЗ дирекцияси ва Бўстонлиқ туманининг "Тоза ҳудуд" ДУК ҳамкорлигида Бўстонлиқдан чиқишда сайёҳлардан чиқиндиларни қабул қилиш учун экопункт ташкил этилди.

    Ушбу экопункт Бўстонлиқ туманининг Қоронкўл посёлкасида, Қоронкўл масжиди қаршисида жойлашган. Қолаверса, экопунктда чиқиндиларни қандай топшириш ва бу ташаббус учун қандай совғалар олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берувчи баннер ҳам ўрнатилган.

    Нима қилиш керак?

    — Бўстонлиқ туманида дам олгандан сўнг, ён-атрофдаги чиқиндиларни йиғиб олиш.
    — Бўстонлиқ туманидан чиқишда йиғилган чиқиндини топшириш ва рамзий совға олиш.

    Нималар учун совға олиш мумкин?

    — Чиқинди топширганлик учун.
    — Ўзингизнинг ва бошқаларнинг чиқиндиси учун.
    — Сараланган чиқинди учун.

    Шу тариқа, топширилган чиқиндига қараб иштирокчилар "Чорвоқ" ТРЗ дирекцияси томонидан совғалардан ташқари профессионал инструкторлар билан Угам дарёсида рафтинг учун 15 фоизлик чегирма ҳамда "Чорвоқ" ТРЗ дирекциясининг ҳамкорларидан бўлган бошқа совғаларга эга бўладилар.

    — Экопунктлар чиқиндиларнинг камайишига муносиб ҳисса қўшади. Бўстонлиқ туманига бир дам олиш кунида 45 мингдан ортиқ одам ташриф буюради. Ҳар бир киши ҳеч бўлмаса бир дона шиша ёки егулик ўрамини топширса, бу чиқиндига қарши курашдаги ғалабадир. Фурсатдан фойдаланиб, қизиққан ҳамкорларни ушбу акцияда иштирок этишга таклиф қиламиз, — дейди "Чорвоқ" ТРЗ дирекциясининг стратегик ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алина Абдураззоқова.

    Бу ҳақида Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар бермоқда.