Қайд этилишича, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган ва ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Маълумотларга кўра, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси ва Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари етиб борган.
Энергетика вазирлигининг қўшимча қилишича, айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган.
Ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақдаги батафсил маълумот ишлар якунланганидан сўнг маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, “М-25” газ конини ўзлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга бўлиб, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланиб, кучайтирилган назорат чоралари амалга оширилмоқда.