Бу ҳафта ҳаво янада исийди

    "Ўзгидромет" Ўзбекистонда 24-28 июль кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотини улашди.

    Маълум бўлишича, бошланган ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

    Кундуз кунлари ҳарорат 39-42° га, жанубда ва чўл ҳудудларда, шунингдек 24-25 июль кунлари республика шимолида баъзи жойларда 43-44° га етади.

    27 июлда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига, 28 июлда республиканинг барча ҳудудларига Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келади ва ҳарорат 35-38° гача, жанубда 40-42° гача бироз пасаяди.

    Бундай ҳарорат ҳафта охирида ҳам сақланиб туради.

    Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача, айрим жойларда 20-22 м/м гача кучайиши, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

    Тоғли ҳудудларда 24 июлда куннинг иккинчи ярмида ва ҳафта охирида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

    Пойтахтимизда: 24-27 июль кунлари ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликгача эсади. Ҳарорат 24-27 июлда 39-42°, 28 июлда 38-40° бўлади.

    "Ушбу ҳафтада кунлар иссиқ бўлишига қарамай, ҳаво ҳарорати ўтган йилларда ўрнатилган рекорд кўрсаткичларга етиб бормайди", дейилади хабарда.