Бу муқаддас даргоҳга алоҳида тайёргарлик билан келиш керак

    Орадан қанча вақт ўтишига қарамай, матнлар ҳамон хотирасида қолганидан ҳайратимизни яширмадик, актриса барча ролларидаги партнёрлари сўзларини ҳам ёддан билишини айтиб, ҳайратимизни оширди.

    Мактабдан шошиб келган ўғлим “Ойи, мен Амир Темур ҳақидаги спектаклни кўришим керак” деди-ю, “Театрга олиб борайми”, дегунимча уни интернетдан излай бошлади. Адабиёт дарсида “Соҳибқирон” драмаси ўтилган экан. Устози ўқувчиларни ролларга бўлиб, матнни ўқиттирган, агар саҳна асари томоша қилинса, образга кириш осон бўлишини айтган. Жонли ижроларни дарсликдаги матн билан солиштирган фарзандим спектаклдан кўп маълумотлар олганини айтди. Эртаси куни спектаклни кўрган бошқа болалар ҳам шу гапни айтишибди. Бундан жуда қувондим, кўнглим ёришди.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йил якунида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида театр санъатини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиши ҳақида бежиз гапирмади. Дастурда пьесаларга ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш, Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш каби вазифалар назарда тутилган бўлиши лозимлиги эса айни муддао. Энг қувонарлиси, корхона ва муассасаларда ойда бир марта ходимларнинг театрга бориши йўлга қўйиладиган бўлди. Ажабмас, ходимлар дам олиш кунлари оиласини ҳам бу ерга олиб келишни кўнгилга тугса.

    Бугун театр ўриндиқлари яна тўла бошлади, комедик спектаклларга томошабин сиғмай қолаётганини ҳам эшитяпмиз. Бу яхши, албатта. Тарихий спектаклларга ҳам қизиқиш ортиб, фақат бир муносабат билан эмас, ҳар доим томошабин оқими кўпайса эди, буюк сиймоларимизни теранроқ англардик.

    Бир муносабат, деб нимага ишора қилганимиз сизга аён. Февраль ойида икки буюк мутафаккир — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди сабаб бобокалонларимизга бағишланган спектакллар саҳна юзини тез-тез кўриб қолади. Аслида улар театр репертуаридан мунтазам ўрин олиши, ёшларни тарихий спектаклларга кўпроқ эътиборли бўлишга чорлаши керак. Чунки театр саҳнасида намойиш этилган ҳар қандай тарихий асар бугуннинг бесабр ёшларини-да таъсирлантириши аниқ. Жумладан, Уйғун ва Иззат Султон муаллифлигидаги “Алишер Навоий” пьесаси ҳам мутафаккир бобомиз биографиясининг энг муҳим қирраларини оча олгани билан қимматли.

    Спектаклда ёшлар ўз тасаввуридаги Навоийни кўради. Зеро, 1945 йили Ҳамза театрида режиссёр Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилган “Алишер Навоий” асари саҳнага чиққунча қайта-қайта ишланган, узоқ таёргарлик кўрилган. Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилфуза Раҳматуллаеванинг “Тарих ва театр” китобида режиссёр Назира Алиева Маннон Уйғурнинг ўзига айтган гапларини бундай хотирлайди:

    “Ишни Навоий даври ва ижодини мукаммал ўрганишдан бошладингиз. Энди бу ишни давом эттирасиз. Мен Иззат Султон ва бошқа адабиётшунос олимлар билан келишиб қўйганман. Театрда Навоий даври ва ижодини ўрганиш бўйича юксак савияли лекциялар силсиласини уюштирамиз. Бу ишга ўзингиз раҳбарлик қиласиз. Ҳозироқ “завтруппа”га айтиб эълон чиқартиринг. Эртага Иззат Султон Навоий ҳақидаги биринчи лекциясини бошлайди”.

    Демак, асарни саҳналаштиришга мана шундай катта тадорик билан киришилди. Спектакль давомида томошабин Навоийнинг халқ манфаати учун қилган ишлари, шоирнинг Астрободдаги ҳаёти, Мўмин Мирзонинг қатли билан боғлиқ тарихий ҳақиқатларни кўради, бир муддат ўша даврга тушиб қолгандек бўлади. Ижодий жамоа Навоийнинг инсонпарварлигини кўрсатиш мақсадига тўлақонли эришган. Зеро, томошабин театрдан Алишер Навоий нақадар буюк шахс экани, абадий барҳаётлигига амин бўлиб қайтади.

    Уйғуннинг юқоридаги манбада келтирилган қуйидаги фикрлари эътиборимизни тортди: “Драма муваффақиятида Уйғур оғанинг хизматлари жуда катта эканини таъкидлагим келади. Оға билан жуда кўп ишлашга тўғри келди. Драманинг ҳар бир кўриниши, ҳар бир саҳнасини ёзаётганимизда, унинг бебаҳо маслаҳатлари қўл келган. Оға ҳам режиссёр, ҳам адабиётчи, ҳам дрматург сифатида бир неча пьесалар ёзган тенги йўқ одам эди. У тарихни ҳам, адабиётни ҳам, айниқса, тилни зўр биларди. Саҳна асарининг тили ажралиб туриши керак. Навоий даври тили, одамларнинг гапириш йўллари, муомала маданияти бошқача бўлган. Буни Маннон Уйғур яхши биларди, айниқса, актёрлар талаффузига эътибор берарди. Шунинг учун ҳам Навоий сўзлари Аброр ака, Олим Хўжаев тилида жозибали жаранглаган. Улар шу асосда ўзлари учун катта мактаб яратдилар”.

    — Ўша давр сиёсати сабаб спектакль турлича қарашлар силсиласида чиғириқлардан ўтарди. Ҳар кеча қўйилганда, спектакль турли тўсиқларга дуч келар эди. Муҳокамалардан бирида Ойбек қатнашгани, Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги кескинликни юмшатишни илтимос қилгани эсимда, — деб хотирлаган эди машҳур актёр Зикир Муҳаммаджонов.

    Алишер Навоий шахсига доир ҳамон баҳсталаб жиҳат — Гули образи ҳақидаги фикрларни ўрганар эканмиз, Уйғуннинг “Навоий образини баркамол очиш учун драманинг конфликти кучли бўлиши ва интригасини кучайтирадиган воқеа керак эди. Шунинг учун Гули образини олиб кирганмиз. Навоийнинг қуруқ илмий сиймосини, давлат арбоби эканини кўрсатилса-ю, унинг ички дунёси, туйғулари кўрсатилмаса, албатта, драма кучли чиқмас эди”, деган гапларини келтиришни жоиз билдик.

    Спектакль тарихига назар солар эканмиз, уни томошабин қалбига етказишда муносиб ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган Ўзбек миллий академик драма театри актёр ва актрисаларининг ҳам мазкур саҳна асари ҳақидаги сўзларига қулоқ тутдик.

    Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

    — Аброр Ҳидоятовдан сўнг халқимиз тасаввуридаги Навоий Олим Хўжаев бўлган. У билан ҳаётининг энг сўнгги дамларигача бирга ишлаганимдан фахрланаман. Алишер Навоий сиймоси ҳақида гап кетганда кўз ўнгимизда, аввало, Олим ака гавдаланади. Чунки ўша пайтларда бошқа театрларда ҳам “Алишер Навоий” спектакли қўйилган, бироқ одамлар Олим Хўжаевни кўрамиз, деб бизнинг театрга оқиб келишарди. Чунки режиссёрлар Навоийни халққа қай тарзда кўрсатиш кераклигига ҳам жиддий эътибор қаратган. Алишер Навоий — Олим Хўжаевга виқор берилар, биргина мўйловини ёпиштиришнинг ўзига қанча вақт кетарди. Салласи оқ ҳарир дока, шойи материалдан қилинарди. Саллага масъул Турғун Хонтўраев касал бўлиб қолганидан кейин Навоийнинг салласи қутида эҳтиёт қилиб сақланар, спектаклдан сўнг Олим Хўжаевнинг бошидан икки қўллаб, авайлаб олинарди. Олим ака саҳна бошлангунга қадар кийимим ғижим бўлади, деб ўриндиққа ўтирмасди.

    Асар бошланар экан, саҳна ортидан Берта Давидованинг жонли қўшиғи янграрди: “Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади”. Бунинг учун Берта опани махсус олиб келишарди. Олим аканинг аёли ҳам айтарди бу қўшиқни, овози жуда чиройли бўлган. Шу қўшиқ билан саҳна ёришиб, Олим ака — Навоий пайдо бўларди. Жонли қўшиқ айтилмаса, спектаклда ҳам жон йўқдай бўлган ўшанда.

    Бир сафар Олим ака Гулини Ҳусайн Бойқаронинг ҳарамидан олиб чиқиб кетиладиган саҳнада мени кўтариб чиқиб кетаётиб, қўлидан тушириб юборган. Ваҳоланки, мен жуда нозик қиз бўлганман. Ёши катта бўлиб қолгани сезилган ўшанда. Спектаклнинг телевидениеда ёзилган варианти йўқлиги ҳам шундан. “Гули менинг қизимдек бўлиб қолибди”, деб ўчиртириб юборган Олим ака. Гулининг ўлимига бағишланган “Сенга беш бебаҳо ҳайкал қўюрмен”, деган кичкинагина саҳна кўриниши қолган, холос.

    Турғун Азизовнинг “Алишер Навоий”си ҳам жуда яхши постановка бўлди. Бу спектаклда, асосан, уруш картинаси, халқ билан Навоийнинг муносабати кўрсатилди. Ҳозирги кун ёшлари, албатта, бу спектаклни кўриши керак. Афсуски, спектакль деярли қўйилмайди. Кўп иштирокчилар йўқ.

    ***

    Суҳбат чоғи Рихси опа бизга Алишер Навоий билан Гули ўртасида бўладиган диалогларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди. Орадан қанча вақт ўтишига қарамай, матнлар ҳамон хотирасида қолганидан ҳайратимизни яширмадик, актриса барча ролларидаги партнёрлари сўзларини ҳам ёддан билишини айтиб, ҳайратимизни оширди. “Касал бўлиб қолсам ҳам образга кирганимдан кейин тузалиб кетаман”, дейди Рихси опа. Мана, ўз ишига, саҳнага чинакам муҳаббат!.

    Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:

    — Ўша пайтдаги спектаклларни қайта қўйиш, классик асарларни йўқотмаслик керак. Айниқса, буюк сиймоларимиз, тарихий шахсларимиз, жадидлар ҳақидаги спектакллар саҳнадан тушмаслиги лозим. Зеро, бугун жадидлар деганда кимларни тушунасиз, деб савол берилса, жавоб беролмайдиган ёшлар бор. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби боболаримизни-ку, шундоқ ҳам билишлари шарт. Улар ҳақида ёш авлодга сўзловчи спектакллар бугун ҳам бор театрда. Масалан, “Алишер Навоий”, “Юлдузли тунлар”, “Мирзо Улуғбек” шулар жумласидан. “Алишер Навоий” спектаклига тўхталадиган бўлсак, аввало, кўз олдимга Олим Хўжаев келади. Нима десак ҳам барибир “Олтин девор”ни Ғани Аъзамов, “Парвона”ни Обид Юнусов, Эдипни Шукур Бурхонов ўзлари билан олиб кетгандек, Олим ака ҳам ўзбекнинг чинакам Навоийси бўлиб қолди.

    Маннон Уйғур саҳналаштирган спектаклда бу буюк театр дарғаси билан Хондамир ролини ўйнаганман. “Эй, Насимий, субҳ аҳволим дилоромимға айт”, деганда баданларим титраб кетарди. Турғун Азизов саҳналаштирган “Алишер Навоий”да эса менга Жомий роли берилган. Негадир Ҳусайн Бойқаро ролини ўйнагим келарди, кейинроқ бу ҳам насиб этди.

    Бугун халқимиз спектаклнинг энг сўнгги постановкасида Беҳзод Муҳаммадкаримов, Толибжон Мўминов гавдалантирган Навоийни кўряпти. Иккаласи ҳам ҳурматли, ўзига яраша ўрни бор актёрлар. Айниқса, Беҳзодда лирикага мойиллик кучлироқ, ғазалларни равон ўқийди. Қайси даврда, ким томонидан ўйналмасин, халқ буюк сиймоларни таниши, яқинроқ билиши керак.

    Шундоқ ҳам томошабин келмаяпти, деб комедияга, масхарабозликка йўл қўйган пайтларимиз бўлди. Аслида, театр, айниқса, Ўзбек миллий академик драма театри йўл-йўлакай кириладиган жой эмас, бу муқаддас даргоҳга алоҳида тайёргарлик билан келиш керак. Бир пайтлар узоқ ҳудудлардан самолётда келиб, спектакль кўриб кетганларни кўрганмиз. Элликка яқин буюк актёр ўтиб кетди. Уларнинг ўрнини босадиган актёрлар эса жуда кам.

    ***

    Режиссёр Рустам Ҳамидов Ўзбекистон Миллий академик драма театри саҳнасида мутафаккир таваллудининг 575 йиллигига “Алишер Навоий” спектаклининг яна бир янги талқинини саҳналаштирди.

    Актёр Беҳзод Муҳаммадкаримов ҳам донишманд, иродали, доимо халқ ғаму ташвишида яшаб, ўзи яшаган жамиятни поклашдек мураккаб ишга ҳаётини бағишлаган адолатпарвар, оқил ва доно давлат арбоби — комил инсонни халқимизга кўрсата олди.

    Беҳзод Муҳаммадкаримов, театр, кино ва дубляж актёри:

    — Отам ҳам, онам ҳам мумтоз адабиётга жуда қизиқишган. Навоийга муҳаббати шу даражада юксак бўлганини уларнинг ўша замонларда урф бўлган магнитафонга Навоий ва Гули бўлиб овозларини ёзишганидан биламиз. Биз, фарзандлар ҳам мумтоз адабиётга муҳаббатли бўлиб улғайдик. Олийгоҳга “Алишер Навоий” монологини ўқиб кирганман. Диплом спектаклида Навоий роли берилган. Ишига масъулиятли, фидойи Исоқжон деган домламиз саҳна нутқидан дарс берарди. Ғазалларни ўқиб топширардик. Бу 80-йилларда телевидениедаги ғазалхонлик кечаларидаги чиқишларимда муҳим омил бўлди. Суйима Ғаниева билан ҳар битта ғазалнинг мағзини чақардик. Бошқа олимлар билан ҳам ҳамкорликда ғазал илми билан шуғулланардим. Шу маънода айтмоқчиманки, Навоий образини саҳнада жонлантиришга дабдурустдан келиб қолмаганман.

    Турғун ака “Алишер Навоий” спектаклини саҳналаштиришга киришганида, мен ёш, янги актёр эдим театрда. Навоийнинг ёшлиги менга берилди. 7 та саҳнада мен, Астробод саҳнаси ва якунда Зикир Муҳаммаджонов ва Ёқуб Ахмедов ўйнарди. Гули ролида — Мадина Мухторова. Ёшмиз, билакда куч, юракда ўт бор. Биз ҳам театр саҳнасида чиқа олишимизни кўрсатишдек катта мақсадга эришиш учун жон-жаҳдимиз билан ишлаганмиз.

    2015 йили режиссёр Рустам Ҳамидов қайтадан саҳналаштирган “Алишер Навоий” спектаклида, ёшим катта бўлиб қолгани боис, алломанинг кексалик даврини ҳам ўзим ўйнадим. Пьеса ўша давр руҳи билан ёзилган бўлса-да, лирик саҳналарни завқланиб ижро этаман.

    Бугун техника даври бўлишига қарамай, театрнинг ўз ихлосмандлари бор. Хусусан, уч соатча давом этадиган “Алишер Навоий” спектаклининг охирги постановкасида ҳам неча марта ўйнаган бўлсам, одамларнинг спектакль тугагунча чиқиб кетмаслигидан хурсанд бўламан. Саҳнада Алишер Навоийнинг ўзи, “Лайли ва Мажнун”да Мажнунни гавдалантирган актёр сифатида айтишни истардимки, Навоийни қанча кўрсангиз, қанча эшитсангиз, ҳар сафар чуқурроқ англаб бораверасиз.

    ***

    Ҳа, Навоийни шунчаки англаб бўлмайди. Қайси даврда, қандай ишланган бўлмасин, унинг шахси, фаолиятига доир саҳна асарларини кўриш, керак бўлса, бир-бирига таққослаш буюк аллома ҳақида билганларингизни янада зиёда қилади. Спектаклдан мақсад — Алишер Навоийни улуғлаш, уни борича кўрсатиш ва ёш авлодга танитиш экани билан аҳамиятли.

    Қани эди, ўзимиз театрга мазкур спектаклни истаб борсак, фақат февраль ойида эмас, йил бўйи репертуардан тушмаслигини таъминласак... Бу билан навоийлар, бойқаролар, маждиддину мансурлар, гулиларни таниймиз. Қалбимиздаги ватанпарварлик ҳисси озгина жўш урса, бундай шукуҳга эриша оламиз!

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates