Лого Лого-пв-уз

    Бугун сен дунёга ўз сўзингни айт!

    Колумбия университети докторанти Шуҳрат Тоғаев Нью Йорк учрашуви ҳақида сўзлаб берди.

    Самарқанднинг Нарпайида, оддий қишлоқ оиласида туғилганман. Ёшлигимда хорижда таҳсил олаётган йигит-қизларга ниҳоятда ҳавасим келарди. Ўша чоғларда “Мен ҳам бир кун келиб, дунёнинг энг нуфузли университетида ўқийман”, дея аҳд қилардим. Аммо турли сабаблар билан орзум ушалмади.

    Отам вафот этгач, бизга бир дунё китоб мерос қолди. Онам фабрикада тикувчи бўлиб ишлар, топган-тутгани рўзғордан ортмасди.

    Яхши ният — ярим давлат, деймиз. Нима бўлганда ҳам орзу қилишдан тўхтамадим. Ниҳоят, 2022 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлдим. Ҳозир Колумбия университетида инглиз тили педагогикаси мутахассислиги бўйича PhD дастурида ўқияпман. Болалигимдан ўқитувчи бўлишга иштиёқманд эдим. Шу туфайли ўқитувчилик соҳасини танладим.

    Ортга назар ташласам, орзу-умидлар, армонлар, уринишлар ва тикланишлар кўз олдимда кинотасмадан ўтаётгандек жонланади. Албатта, ҳар қандай ютуқ ва эришилган натижалар аввалида тўғри шакллантирилган мақсад, ният туради. Тақдир мени нуфузли Колумбия университетида грант асосида таҳсил олишга йўллади. Бугун дунёга ўз сўзимни айтиш имкони бор.

    АҚШда таҳсил олиш қиммат. Масалан, бизнинг университетда ўқиш учун бир йилда 55-60 минг доллар тўлаш керак бўлади. Бу оз пул эмас. Кўпчиликнинг, айниқса, мен каби оддий оила фарзандларининг бу пулни тўлаб ўқишга қурби етмайди, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса бизга шу қадрли имкониятни яратиб берди. Бу мен каби оддий оиладан чиқиб, моддий қийинчилик туфайли орзуларига етиша олмаётган юзлаб ёшларга ғамхўрлик эди.

    Куни кеча яна бир қувончли воқеа бўлди. Биз Нью-Йорк шаҳрида давлатимиз раҳбари билан учрашдик. Учрашувда “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини йўлга қўйишда юзага келган турли мураккабликлар, қарама-қаршиликлар ҳақида сўз юритилди. Амин бўлдимки, Ўзбекистон ёшларини дунёнинг энг нуфузли университетларида давлат ҳисобидан ўқиш учун юборишнинг ўзи бўлмаган. Демак, бизга ишонч, келажакда ватанимиз равнақига ҳисса қўшишимизга умид билдирилмоқда. Бу ҳам дунёда кечаётган оғир, мураккаб вазиятда нафақат хориждаги ўқишимиз молиялаштирилиб, балки кунлик харажатларимиз ҳам қоплаб берилиши таълимга, янги авлод кадрларига бўлган катта эътибордан далолат.

    Давлатимиз раҳбари учрашувда стипендиатлар ва ватандошларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашгани зўр бўлди. Бу барчага фахр бағишлади.

    Юртимизга қайтгач, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда инклюзив таълимни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва ногирон талабаларнинг инглиз тилини мукаммал ўзлаштиришига кўмаклашиш ва тилни коммуникатив ўрганиш усулларини кенг жорий қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатор режаларим бор.

    Масалан, инглиз тилида ёзма нутқни ривожлантиришга қаратилган янги методикаларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишни кўзлаб турибман. Ҳозирча ўзимизда шундай алоҳида дастурлар йўлга қўйилмаган. Қолаверса, махсус кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уларнинг таълим олишини барқарорлаштириш ва янада самаралироқ ташкил этиш ниятидаман. Бу мамлакатимиз таълим тизимида ўта муҳим ва долзарбдир.

    Чет тилларга ихтисослашган ОТМлар ҳузурида академик ёзма нутқ кўникмаларини шакллантирувчи марказ ёки лаборатория ташкил қилиш, академик ёзувни шакллантириш учун хориждан мутахассислар чақириш мумкин. Бу мутахассислар одатда катта пул эвазига ёлланади. Аммо АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси махсус дастури доирасида 6 ойдан бир ўқув йилигача муддатда мутахассисларни грант асосида текин жалб қилиш имкони бор. Бу мутахассислар биринчи босқичда университетлардаги инглиз тили профилларини ёзма нутқни ривожлантиришга йўналтиради. Иккинчи босқичда эса мактабларда бошланғич синфдан юқори синфларгача бўлган кесимда ўқув дастурларига ёзув фанини киритиш бўйича материаллар тайёрлайди.

    Айни пайтда Колумбия университети профессорлари билан музокара олиб бор япман. Улар вақти-вақти билан икки-уч ойлик муддатга Ўзбекистонга келиб, Самарқанд давлат чет тиллар университети ўқитувчиларига малака ошириш курсларини ўтаб бериши режалаштирилмоқда.

    Ҳозирча шундай режа ва мақсадларим бор. Президентимиз билан учрашувдан кейин олдимга янада катта мақсадлар қўя бошладим. Юртимиз ривожи учун фидойилик билан ишлаш, дунёга ўз сўзимизни айтиш истаги қатъийлашди.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates