Бугундан “Менинг боғим” лойиҳасига старт берилди

    Фуқаролар 2024 йилнинг 10-20 июнь кунлари «Очиқ бюджет» ахборот порталида «Менинг боғим» лойиҳалари бўйича ўз таклифларини киритишлари мумкин.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган «Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилмоқда.

    Жорий йилда ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жами 52 миллиард сўм маблағлар ажратилади. 208 та туман ва шаҳарларга тенг улушларда, 250 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда тақсимланади.

    Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ишчи гуруҳ ва Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан жорий йил 20 июндан 23 июнгача келиб тушган лойиҳалар белгиланган мезонлар асосида танлаб олинади ва овоз беришнинг навбатдаги босқичига ўтказилади.

    Фуқаролар 2024 йил 23 июндан 3 июлгача «Очиқ бюджет» порталидаги энг яхши лойиҳалар учун овоз беришлари мумкин.

    Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар манзилли рўйхати асосида молиялаштирилади.