Бугунни эртага топиб бўлмайди

    Шу кунларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбир давомида турли соҳаларда танловлар, фестиваллар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ташкил этилади.

    Қуйидаги мақолада мактабни битираётган ёшлар, уларнинг бугунги ҳаёти, ўй ва ташвишлари ҳақида мулоҳазалар юритилган.

    ***

    Менинг ёш замондошим!

    Бахтингиз шундаки, орзу-умидлар рўёбига элтувчи барча имкон қўлингизда, чунки эндигина балоғат остонасидан ҳатладингиз. Бир файласуф айтганидек, кечагина халқ учун нондан сўнг энг муҳими бўлган мактаб остонасига кириб келган эдингиз. Қаранг, умрингизнинг энг ҳароратли ўн бир йилининг жўшқин дамлари кечган қутлуғ остона ҳам бугун тарихга айланиб турибди. Энди истасангиз ҳам бу масканда бирор лаҳза бўлса-да, ўқувчи сифатида сабоқ ололмайсиз. Ҳа, шунинг учун ҳам умрнинг ҳар лаҳзаси азиз, ундан ҳақингни олиб қололмасанг, пушаймон бўласан, деган улуғлар.

    Бугун шу қутлуғ масканни битириб, катта ҳаёт чорраҳасида турибсиз. Аввал бошда оила, кейин қисман боғча, мактабдаги тарбия ва билимни ўзингизники қилиб олган бўлсангиз, шунча йиллик умрингизни беҳуда ўтказмаганингиз учун ота-онангиздан ҳам, устозларингиздан ҳам, ҳатто ўзингиздан ҳам бутун умр миннатдор бўласиз ҳали. Ўқувчилик даврингиздан ўз ҳақингизни олганингиз учун ташаккур, баракалла! Ишонамизки, интилишингиз ортидан мустақил ҳаётга мардона кириб борасиз ва унда ҳам барчанинг ишончини оқлашингизга умидвормиз.

    Сиздай умидбахш ёшларимиз борлигига шукроналар айтамиз. Боиси, сиз туфайли у ёки бу соҳага етук мутахассислар, касб-ҳунар эгалари келади, юртимизнинг эртаси чиндан-да билимдон, интилувчан мутахассис, қизиққан касб-корини эгаллаган, инновацион фикрлай оладиган ишончли қўлларга ўтади.

    Менинг ёш замондошим!

    Сиз инсоният оламида алжабрни, тиббиётни, фалакиётни, ислом таълимотини, фиқҳни кашф этган – Марказий Осиёда илм-маърифат бобида биринчи Ренессанс машъалини ёққан Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, иккинчи Уйғониш даврини бошлаб берган Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк алломалар авлоди эканингиз қалбингизда ғурур уйғотиши баробарида улкан масъулият юклашини ҳам ҳис қила оладиган ёшдасиз энди. Юртимизнинг умидли эртаси чорраҳада турган сиз, ёшларнинг айни ўзингиз орзулаган, танлаган муносиб йўлга қадам ташлашингизга боғлиқдир.

    Қишлоқларга-да қадимий ва ҳозир ҳам эҳтиёж катта бўлган ҳунармандлик тури – атлас ва адрас, гилам тўқиш дастгоҳларини олиб кирган, нафақат Фарғона, балки воҳадаги қизиқувчиларга ҳам косиблик сирларини ўргатиш имкониятини яратиб берган Иброҳимжон Султоновга кимнинг ҳаваси келмайди! Водию воҳада минглаб иш ўринлари яратган Иброҳимжон бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси! “Ташаббус” кўрик-танловининг “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида мутлақ ғолиб бўлиб, бош совринни қўлга киритганидан бир неча минглаб ҳунарманд, туманимиз аҳли ҳам хурсанд бўлгани тайин. Меҳнати, ақлу заковати, интилиши билан оддий бир ҳунарманд эришиши мумкин бўлган натижа шунчалар бўлар!

    Айтмоқчиманки, балоғат остонасидан ўтган ҳар бир инсон эгаллаган касб-кори, мутахассислиги, тутган ҳаётий позицияси билан тараққиётга муносиб ҳисса қўша олсин!

    Менинг ёш замондошим!

    Ўқишингиз ўртамиёна бўлса-да, шу даврда у ёки бу ҳунарни ўрганган бўлсангиз, ишонаверинг, ҳеч қачон доғда қолмайсиз. Ҳунар битмас-туганмас хазина, унинг калити меҳнатда ва яна сабрда эканини англаб олганингизга шубҳа йўқ. Сизни касб-ҳунар йўлига етаклаган устозингиз, ота-онангиз кам бўлмасин. Бу билан ўзингиз, ота-онангиз, демакки, жамиятимиз келажагига умид ниҳолларини экибсиз. Ҳали бу ниҳоллар шундай мевалар берадики, ундан баҳраманд бўлганлар “отангга, устозингга раҳмат!” деганида изланиш йўлида чеккан заҳматларингиз унут бўлади. Бу хулоса шунчаки гап эмас, кузатишларда исботланган ҳақиқатдир.

    Ҳаёт чорраҳасида турган ёш дўстим!

    Сезяпсизми, дақиқалар, соатлар, кунлар, ойлар шитоб билан ўтиб боряпти. Улардан улушингизни олиб қолмасангиз, бой берган фурсатларингиз сизни асло кечирмайди.

    Самарқандга қилган сафаримизда публицист, ёзувчи ва шоир Фармон Тошев тақдим этган “Тафаккур манзаралари” китобчасидаги “Истеъдодсиз бола йўқ, эътиборсиз ота-оналар бор” ҳикмати ҳаёт ҳақиқатини кафт устига қўйиб қўйибди. Аллоҳнинг улуғ неъмати ва раҳмати бўлган фарзандимизнинг билимли ёки билимсиз бўлиб қолиши кўп жиҳатдан биз, катталарнинг уларга муносабатимизга боғлиқ. Ўсиб келаётган фарзандининг юриш-туриши, билим олиши, тарбияси, кимлар билан дўстлашгани, қизиқиши, нимага интилишига бефарқ бўлмаган ва бу сифатлари ривожланишига ижобий таъсирини ўтказа билган ота-оналар қандини урсин! Улар Аллоҳнинг олдида ҳам, жамият олдида ҳам ўз бурчларини адо этяптилар. Аслида улар ўзларининг бахтли кексалигига мустаҳкам асос яратмоқдалар.

    Нур борки, соя бор, дейдилар. Тан олиб айтадиган бўлсак, боласи мактабни битиргунгача бирор марта бу даргоҳга қадам ранжида қилмаган оталар қанча? Битирувчи боласининг юриш-туриши, қизиқишларига қизиқмаганлар-чи? “Ўқиб менга дунёни олиб берармидинг”, дея фарзанди кўнглини синдирадиганлар, кам бўлса-да, учрайди.

    Энди нима бўлганда ҳам энг шафқатли ва шафқатсиз вақт ўз ҳукмини ўтказди: болангиз мактабни битирди. Ҳаёт чорраҳасида турган ўғил ёки қизингиз ўзига муносиб йўлга қайрилиб олиши учун унинг қўлидан тутинг. Ахир болангизнинг ҳаётдаги биринчи муаллими сизсиз, қадрдон ота-оналар! Шу ёшгача мустақил ҳаёт йўлини қатъий белгилаб ололмаган ёшгинанинг чалғишига асло йўл қўйманг, зеро, унинг нималарга қодир эканини устозидан кўра сиз яхши билишингиз шарт!

    Ҳаёт чорраҳасида турган ёш замондошим!

    Ёшлик – бебақо, яъни ўткинчи, вақт – беаёв, уни асло тизгинлаб бўлмас. Бир қўшиқда айтилганидек, бугунни эртага топиб бўлмайди. Билим, тарбия, ҳунар, касб-кор масаласида бугундан олган ҳиссангиз эртанги юксалишингизга зинадир. Ҳали ёшман, ҳаммасига улгураман десангиз, хато қиласиз. Вақт тулпорингиз олға интиляпти, шошмасангиз, етолмай қоласиз. Етолмай қолиш эса бой бериш демакдир. Инсон аталмиш онгли мавжудотни Парвардигори олам ёруғ оламга вақтни бой бериш учун эмас, бунёдкорлик, дунёни обод этиш, эзгуликлар улашиш учун яратганини асло ёдингиздан чиқарманг.

    Ҳаёт чорраҳасида турган ёш замондошим!

    Сизни илм-маърифат, яратиш ва бунёдкорликлар йўли кутмоқда. Фурсат аталмиш буюк неъмат ичра ўз ҳақингизни бой бериб қўйманг. Ўз билим ва салоҳиятингиз, интилиш ва имкониятингиз даражасида келажак сари қадамингизни дадилроқ ташланг.

    Қани, олға!

    Хадичахон КАРИМОВА,

    Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates