Аниқланишича, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Бувайда тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникация, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари С.Х. мансабдор шахс бўла туриб, мансаб ваколатидан четга чиққан.
У Бувайда тумани «Найман» маҳалласидан ўтган Найман зовури атрофидаги дарахтларни «Д.С.» МЧЖнинг ишчиси томонидан кесилишини олдини олиш чораларини кўраётган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бувайда туман бўлими инспекторининг қонуний талабларига фаол қаршилик кўрсатган.
Ҳоким ўринбосари инспекторни хизмат вазифасидан кечишга мажбур қилиб, ҳодиса жойидан олиб кетиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан С.Х. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 198-моддаси 2-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши тергови шахсан Бош прокурор томонидан назоратга олинган.








