Бухорода Италия университетининг филиали очилади

    Халқаро ҳамкорлик 28 апрел 2021 2024

    Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Бухоро шаҳрида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг (UniCampania) талабалар кампуси (филиали)ни ташкил этиш бўйича навбатдаги видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

    Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров март ойи охирида ушбу университетга ташрифини ташкил этгани, университет ҳақида батафсил тақдимот ўтказгани ҳамда Италия вакилларининг Бухорода талабалар кампусини ташкил қилиш бўйича таклифи учун «UniCampania» раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Элчи «UniCampania» раҳбариятининг май - июнь ойларида ушбу лойиҳанинг барча ташкилий масалаларини муҳокама қилиш ва тегишли шартномани имзолаш учун Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Узоқбой Бегимқулов «UniCampania» Бухоро вилоятида ўз кампусини ташкил этишга тайёрлигини мамнуният билан кутиб олди. Ушбу лойиҳа таълим ва маданият соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади. Унга кўра, «UniCampania» томонидан тақдим этилган материаллар ўрганиб чиқилиб, ҳозирги кунда улар асосида Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва «UniCampania» ўртасида тўрт томонлама келишув, шунингдек, таълим лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрланмоқда.

    Кампания университети проректори Луиджи Маффей университет ректори, профессор Жанфранко Николеттининг иштирокчиларга табригини етказди. Шунингдек, у тез орада Бухоро шаҳрида Италия университети филиалини ташкил этиш учун амалий ишларни бошлашга тайёрлигини билдирди.

    Хусусан, «UniCampania» талабалар кампусида қурилиш фанлари ва технологияси (муҳандислик), дизайн, ҳамширалик ва архитектура каби тўртта йўналишда бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш назарда тутилмоқда. Таълим Италия таълим дастури асосида италиялик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Битирувчилар Италияда ва Европада тан олинадиган дипломларга эга бўлади.

    Ректор вакили, профессор Серхио Минуччи университетнинг Бухоро шаҳрида тўлақонли филиалини яратиш бироз вақт талаб этилишини ва ўқув жараёнини имкон қадар тезроқ бошлаш учун у шу йилнинг сентябрь ойида шаҳардаги мавжуд университетлар негизида Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг филиали шаклида курсларни параллель равишда бошлашни таклиф қилди.

    Ушбу таклиф Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки босқичи сифатида Бухоро муҳандислик-техника университетида муҳандислик, архитектура ва қурилиш, Бухоро давлат тиббиёт институти негизида тиббиёт йўналишида қўшма таълим дастурлари ташкил этиш мумкинлиги билдирилди.

    Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев қўшма лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.

    «Қўшма тадбирларни бошлаш учун талабалар кампусини жойлаштириш ва ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда», - деди у.

    Бухоро муҳандислик-техника университети ректор Нусрат Баракаев ва Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев таълим муассасалари ҳақида қисқача тақдимот ўтказди ва «UniCampania» билан ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўз фикрларини билдирди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates