Буюк Британия тарихчилар уюшмаси фахрий аъзоси Ўзбекистон шаҳарлари ҳақида ёзди

    Британия тарихчилар уюшмаси порталида уюшма фахрий аъзоси Николас Кинлохнинг «Ўзбекистон Ипак йўли бўйлаб саёҳат» сарлавҳали мақола жойлаштирилди.

    Муаллиф Ўзбекистон бўйлаб саёҳати ҳақида ёзар экан, Хива, Бухоро ва Самарқанд таърифига тўхталган. У мазкур шаҳарлардаги диққатга сазовор жойлар ва қадимий обидаларга ишлатилган рангларга алоҳида эътибор қаратган. Николас Кинлох атоқли шоир Жеймс Элрой Флекернинг 1913 йилда Самарқандга «билмаган нарсаларни билиш» мақсадида амалга оширган саёҳати ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

    Нашрда Хива асосан лой ғиштдан қурилган ва атрофи мустаҳкам истеҳкомлар билан ўралган ихчам шаҳар, деб таърифланган.

    — Бу ерда машғул бўладиган ва томоша қиладиган нарсалар кўп. Сиз буларни унутмайсиз, — дейди муаллиф. — Хива қалъаси, XII асрда бунёд этилган Кўҳна Арк билан танишув кошинларни қўллашда қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақидаги тушунчангизни кенгайтиради. Жума масжидининг минорасига чиқиб, шаҳарни ўраб турган ҳайратланарли манзарадан баҳра олишингиз мумкин.

    Муаллиф Бухоро ҳақидаги таассуротларини батафсил тасвирлаб берар экан, ушбу қадимий кент у борган учта шаҳар ичида унга энг кўп ёққанини таъкидлайди.

    — Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу ерда эски ва янги анъаналар уйғунлашиб кетган, — деб ёзади Николас Кинлох. — Бухорога ташрифингизни бир вақтлар шаҳарни сув билан таъминлаган, чойхоналар ва ётоқхоналар билан ўралган сув ҳавзаси — Лаби Ҳовузда бир пиёла чой ичишдан бошланг. Шаҳарнинг марказий қисмида XVI-XVII асрларга мансуб қадимий бинолар мажмуаси, жумладан, 1560 йилларда қурилган Кўкалдош мадрасаси жойлашган.

    Николас Кинлохнинг ёзишича, Самарқанд шаҳри ҳам энг таъсирли масканлардан бири.

    — Шаҳарда Марказий Осиёдаги энг гўзал меъморий ёдгорликларнинг намуналари сақланиб қолинган, — деб таъкидлайди муаллиф. — XIII асрда Самарқанд бошқа кўплаб шаҳарлар каби мўғуллар истилоси пайтида бутунлай вайрон этилган. Шаҳар кейинчалик Амир Темур давлатининг пойтахти сифатида юқори даражада қайта тикланган.

    Николас Кинлох мақоласини «Сиз ўзингизни муносиб камера, қўлланма, қулай пойабзал билан қуроллантиришингиз ва чипталарни ҳозироқ бронь қилишингиз керак», деган сўзлар билан якунлаган, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates