Пул эвазига хорижлик сайёҳни Vip классга ўтказиб қўйган «Афросиёб» поезди ходими ишдан олинди

    Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳ поездда эконом классдан Vip классга жойини ўзгаритириш учун поезд бошлиғига 15 АҚШ доллари берганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

    Хабарда айтилишича, турист поезд кузатувчилари( проводник) олдига бориб, 10 АҚШ долларига сотиб олган чиптасини 15 АҚШ доллари бериб, Vip классга алмаштирган.

    Ҳолат юзасидан Ўзтемирйўлйўловчи АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.

    Ушбу ҳодиса 2023 йилнинг 6 июл кунида бўлиб ўтган, 10 июл куни поезд бошлиғи мазкур ҳолат бўйича лавозимидан озод этилган.

    Вагон кузатувчилари стюардларга бу каби ҳодисалар қайтарилмаслиги бўйича тегишли йўриқномалар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

    — Ҳозирги кунда Афросиёб электропоездларининг барчасида ишчи гуруҳ томонидан текширув амалга оширилмоқда. Бу каби ҳолатлар қайтарилмаслиги учун назорат ўрнатилган. Сизлардан эски маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраймиз", — дейилади муносабатда.