Чет тили ўқитувчисининг педагогик билими қандай баҳоланиши зарур?

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 15 сентябрь сонида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи Санжар Обидовнинг "Чет тили ўқитувчисининг педагогик билими қандай баҳоланиши зарур?" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Дунёда кечаётган глобаллашув, техника ва технологияларнинг шиддат билан ривожланиши, жаҳон ҳамжамияти билан алоқаларнинг чуқурлашуви халқимизнинг, хусусан, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга талаби ва эҳтиёжи ортишига сабаб бўлмоқда.

    Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чет тилларни ўқитиш тизимини ҳар томонлама қайта кўриб чиқиш ва хорижий тил бўйича педагоглар фаолиятини янги босқичга кўтаришни тақозо этади.

    Сўнгги йилларда ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши янада ортиб, улар бирваракайига бир неча хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари талабалигига мушарраф бўлмоқда. Бироқ таълим сифатига келганда “хорижий тил мутахассиси дарс ўтиш маҳоратига эга эмас: аудиторияни бошқаролмаяпти, қизиқарли дарс ташкил эта олмаяпти ёки замонавий методикалардан хабардор эмас” каби эътирозларни эшитмоқдамиз. Бу хорижий тил таълимига доир қарашларни ҳамда чет тил бўйича педагогларга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш лозим.

    Мамлакатимиз ва дунё стандартларига мос равишда жорий этилган тестлар талабгорларнинг тил билиш даражаларини, яъни ўқиш, ёзиш, тинглаб тушуниш ва гапиришга доир билимларини аниқлашда ёрдам беради. Бундай билимлар муайян доирадаги мулоқот ва коммуникация учун нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ёки тил билиш даражаси қандай эканини аниқлашга мўлжалланган. Бироқ тил таълими, педагогика нуқтаи назаридан бундай компетенциялар маҳоратли педагог учун етарли эмас.

    Шунингдек, аудиторияга хорижий тилни ўргатиш учун жалб қилинган педагогдан юқори даражада малака, кўникма талаб этилиши ва тилни мукаммал билиш билан бир қаторда етарлича педагогик, психологик билим ва маҳорат зарурлиги тўғрисида тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг хулосалари мавжуд.

    Шундай экан, бўлғуси хорижий тил ўқитувчисидан фақат тилни билиш даражасига доир билимларни талаб қилишимиз ва уларни шу йўналишда тайёрлашимиз нечоғлиқ тўғри?

    Тадқиқотлар кўрсатдики, жаҳон миқёсида чет тили педагоглари дунёнинг энг кучли университетлари юзталигида айнан педагогик маҳорат ва тил билиш даражасига доир халқаро тестлар бўйича баҳоланади. Улардан энг йириги Trinity ESOL: TESOL/ TEFL, Cambridge ESOL: TKT TESOL тестлари бўлиб, улардан муваффақиятли ўтганлар дунёнинг деярли барча таълим муассасасида дарс бериш ҳуқуқини қўлга киритади.

    Ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянадиган бўлсак, инглиз тили ўқитувчиларининг инглиз тили ва ўқитиш методикаси бўйича билимларини мутахассислар орасида ТКТ номи билан машҳур “The Teaching Knowledge Test” (Ўқитишдаги билимларни баҳолаш тести) орқали баҳолаш ва уларнинг методик билимларини ошириб боришимиз мақсадга мувофиқ.

    Бу тест тизими педагогик тажрибага эга бўлганлар, шунингдек, инглиз тили ўқитувчиси бўлиш умидида юрган талабалар учун мўлжалланган бўлиб, уч асосий модулдан таркиб топган.

    Унинг қўшимча модуллари — CLIL (Content and Language Integrated Learning) ҳамда YL (Young Learners) нафақат чет тили ўқитувчилари, балки бошқа фанларни хорижий тилда ўтадиган мутахассислар ва 6-12 ёшли болаларга дарс берувчи педагогларга ҳам мўлжалланган.

    Афзалликларига тўхталадиган бўлсак, асосий ва қўшимча модулларнинг ҳар бири алоҳида топширилиши мумкин. Ҳар бир модул 80 та саволдан иборат бўлиб, бир модулни топшириш давомийлиги 1 соат 20 дақиқани ташкил этади. Талабгорларга қўйиладиган шартларнинг энг асосийси — педагог CEFR бўйича камида В1 даражага эга бўлиши керак. Бундай тест тизими янги авлод педагоглари учун ҳам зарур.

    Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз шуки, биз янги давр хорижий тил ўқитувчиларини тайёрлашда уларнинг фақат тил билиш даражасини эмас, балки ўз дарсларига аудиторияни қизиқтира олиш маҳорати, замонавий метод ва таълим технологияларни қўллаш ҳамда ўқувчиларнинг тил ўрганишга эҳтиёжини сифатли таъминлаб бера олиш компетенциясига ҳам эътибор қаратишимиз лозим.

    Зотан, битта маҳоратли педагог юзлаб шижоатли, билимли ёшларни тарбиялайди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates