Жумладан, жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмаслиги, хусусан, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолаётгани, 1 минг 400 та мактабда чет тилни ўқитиш сифати мутлақо қониқарсизлиги, бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эга экани, 49 фоизи тестдан ўта олмагани таъкидлаб ўтилди.
Бу ҳолат жуда аянчли. Биз мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мана шундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллар институтида хорижий тилларни ўқитадиган ва абитуриентларни олий таълим муассасаларига тайёрлайдиган марказлар очганмиз.
Ушбу марказларда ҳар йили икки мингдан ортиқ абитуриент хорижий тилларини ўрганади. Президентимиз топшириғидан келиб чиқиб, келгусида ҳар йили марказларимизда хорижий тилларни ўрганадиган абитуриентлар сонини 5000 нафарга чиқаришни режалаштирдик.
Мазкур марказларга Британия Кенгаши, АҚШ элчихонаси, Гёте институти, Алъянс Франсез, KOICA, Конфуций институти ҳамда ДААД ташкилотлари билан ҳамкорликда хорижлик ўқитувчиларни жалб қилганмиз ва кечки ўқув курсларини йўлга қўйганмиз. Уларда нафақат абитуриентлар, балки ўқитувчилар ҳам тайёргарлик кўришлари мумкин.
Самарқанд вилоятида жами 1 257 та мактабда 5 404 нафар чет тили ўқитувчиси (3 751 нафари, 69,4 фоизи аёллар) фаолият юритмоқда. Инглиз тилидан дарс берадиган 4 559 ўқитувчидан борйўғи 221 нафари (4,8 фоизи) IELTS, CEFR сертификатига эга.
Нуробод туманидаги 17-мактаб (мактабда 52 нафар ўқитувчи, 530 нафар ўқувчи) фаолиятини ўрганганимизда, янги авлод дарсликлари, замонавий ўқитиш методикалари, халқаро тил билиш сертификатига эга ўқитувчилар ҳамда моддий-техник база етишмаслиги аниқланди. Оқибатда ўтган ўқув йилида 22 нафар битирувчидан фақат 5 нафаригина (27,2 фоиз) ОТМга қабул қилинган. Мавжуд холатдан келиб чиқиб, тумандаги 79 та мактабдан 10 тасига институтнинг 20 нафар профессор-ўқитувчиси ва магистрантини бириктирдик.
Бу тажрибани оммалаштириш мақсадида вилоят шаҳар ва туманларидаги 60 та мактаб танлаб олиниб, институтнинг 60 нафар тажрибали профессор-ўқитувчисидан иборат лингво-аудит хизмати ташкил этилди. Мактаб ўқитувчиларининг чет тилни билиш даражасини ошириш ва уларни янги методикалар билан таништириш мақсадида каскад усули орқали туманлар кесимида тренерлар тайёрланди.
Чет тили ўқитувчилари учун 40 соатлик онлайн дарслар ташкил этилди. 68 та видеодарс электрон таълим платформасига жойлаштирилди. Шу аснода институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан барча мактабларнинг кутубхона ва моддий-техник базасини ривожлантиришга 100 миллион сўм йўналтирилди. Бу саъй-ҳаракатларимиз ва таълимга киритаётган сармоямиз инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган, албатта.
Президентимиз айтганидек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар институти билан бир қаторда ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллар бўйича таянч муассаса сифатида белгиланмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, эндиликда ҳар бир вилоятда ташкил этилаётган таянч таълим муассасаси орқали вилоятнинг барча туманларидаги, ҳаттоки чекка қишлоқлардаги чет тили ўқитувчиларининг ҳам малакавий ва методик салоҳиятини ошириш, билим, савия ҳамда кўникмаларини бойитиш, мактаб ўқувчиларига замонавий адабиётлар асосида чет тилларни ўқитиш учун янги-янги имкониятлар эшиги очилади. Бу орқали хорижий тилларни ўқитиш сифати ўсишига эришиш мумкин.
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан бошлаб педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларига халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбар, мутахассис ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд давлат чет тиллари институтида хорижий тиллар бўйича барча таълим босқичлари учун узвийликда фаолият юритувчи комплекс малака ошириш ва қайта тайёрлаш илмий-методик марказини ташкил этиш таклифини билдирдик.
Ушбу марказда вилоят миқёсида йилига халқ таълими тизимидан 900 нафар, мактабгача таълим тизимидан 500 нафар, олий таълим тизимидан 1 304 нафар, жами 2 704 нафар чет тили ўқитувчиси ва педагог ходим малака ошириши режалаштирилган.
Илмий-методик марказда ҳамкор халқаро ташкилотларнинг катта тажрибаси, замонавий методикаларидан унумли фойдаланган ҳолда, қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиб, халқаро тиллар бўйича сертификатларни бериш имкониятлари кенгаяди.
Мазкур марказда мактабгача ва халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари олиб боришни йўлга қўйиш ҳам мумкин.
Бундан ташқари, ушбу илмий-методик марказда мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган педагог ходимларни, турли соҳалар мутахассисларини, бизнес вакиллари ва тадбиркорларни чет тиллар бўйича 6 ойлик интенсив қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби имкониятлар ҳам мавжуд. Талабгорлар ўз ихтиёрига кўра, анъанавий ва масофавий таълим шаклида малака ошириши мумкин бўлади. Тизимга замонавий ахборот технологиялари жорий этилади ҳамда электрон таълим платформаси орқали тингловчиларга онлайн таълим олиш имконияти яратилади.
Бизга Президентимизнинг Самарқанд давлат чет тиллар институти фаолиятини такомиллаштириш ҳамда комплекс малака ошириш ва қайта тайёрлаш илмийметодик марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини бир ой муддат ичида ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бу қарор тасдиқланиши мазкур йўналишдаги ишларимизни янги босқичга кўтаришга пойдевор бўлади.
Видеоселектор давомида Президентимиз хорижий китоблар, илғор ўқув дастурлари ва методикалардан эркин фойдаланиш ҳамда фанларни чет тилида ўқитишни йўлга қўйиш тўғрисида ҳам гапириб ўтди. Бунинг тасдиғини Самарқанд давлат чет тиллар институтида очилган янги мутахассислик “Компьютер лингвистикаси” йўналишида кўришимиз мумкин. Ушбу мутахассислик 2020/2021 ўқув йилида очилди. Мазкур йўналишда aхборот технологиялари инглиз тилида ўргатилади.
Йиғилишда олий таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, чет тиллари бўйича қабул квоталари сони 2 баравар кўпайтирилиб, 16 мингтага етказилиши, давлат гранти эса 3 бараварга оширилиши таъкидланди. Биз бу борада режаларни белгилаб олдик ва 2021/2022 ўқув йили қабули учун тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Жумладан, ўқув биноларини қуриш ва мавжудларини тўлиқ таъмирдан чиқариш, адабиётлар ҳамда янгидан-янги замонавий дарсликлар яратиш, замонавий Aхборот-ресурс марказларини, шунингдек, талабаларнинг замонавий биноларда истиқомат қилишлари учун барча шароитларга эга талабалар турар жойларини қуриш, инвестициялар орқали замонавий ахборот технологиялари воситалари билан таъминлаш шулар жумласидандир.
Умуман олганда, бугунги кунда илм-фанга қаратилаётган эътибор, таълимга ажратилаётган сармоялар ёш авлоднинг келажакда юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қиладиган кадрлар бўлиб етишишида дастуриламал бўлади.
Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор








