Чирчиқ шаҳрида Ватан ҳимоячилари эъзозланди

    Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Чирчиқ шаҳрида ҳам катта тантана билан нишонланмоқда.

    Куни кеча Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган байрам тадбирида шаҳарда жойлашган ҳарбий қисмлар хизматчилари, сектор раҳбарлари, депутатлар, фахрий ҳарбийлар, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов ҳарбийларни байрам билан қутлади.

    Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширлди. Шундан сўнг таниқли санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада байрамона завқ бағишлади.

    Аскарларнинг қурол-аслаҳалар ёрдамида ва қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари барчада ҳаяжон ва қизиқиш уйғотди. Айниқса, ёшлар қалбида Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуси янада жўшқинланиб, миллий армиямиз ва аскарликка бўлган иштиёқи ортгани бор гап.

    Шунингдек, тадбир доирасида ёш авлодни ватанпарварлик ва фидойлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида мактаб ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар ҳарбий қисм фаолияти билан яқиндан таништирилди. Ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар, аскарларга яратилган муносиб шароитлар билан танишган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига ҳарбий-мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.

    Илҳом РАҲМОНОВ