Чирой очаётган обод манзиллар

    маҳалланинг кўрки, аҳолининг ифтихорига айланмоқда.

    Бугун ҳар қадамда юртимиздаги янгиланиш, ободлик ва тараққиётга гувоҳ бўляпмиз. Халқимизнинг сифатли таълим олиши, меҳнат қилиши, мазмунли ҳаёт кечириши йўлида қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар фақат битта мақсадга — одамларнинг розилигига эришишга қаратилган. Ёшлар бандлигини таъминлаш, яшил ҳудудлар ва аҳоли учун дам олиш масканлари барпо этиш, замонавий ва сифатли уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар эътирофга муҳтож эмас. Барпо этилаётган янги марказлар, чирой очаётган маҳаллалар, қулайлик ва шароитлар одамларнинг бугунги кунидан кўнгли тўқ, фаровон ва осойишта умр кечиришига хизмат қилаётир.

    Шайхонтоҳур тумани — пойтахтимизнинг тарихий ҳудуди. Шайх Зайниддин бобо, Нуриддин бобо, Хўжа Аламбардор, Шайх Хованди Тоҳур, Сузук ота каби табаррук қадамжолар туманнинг ўтмиши олисларга бориб тақалишидан далолат беради. Бугун ана шу қадимий маскан янгича тароват касб этиб, чирой очмоқда. Унда миллий ва замонавий шаҳарсозлик анъаналари муваффақиятли уйғунлашаётгани, барпо этилаётган янги манзиллар аҳоли турмуш тарзига, эртанги кун билан боғлиқ орзуларига янгича мазмун бераётгани Президентимизнинг яқинда Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида яна бир бор яққол кўзга ташланди.

    Давлатимиз раҳбари дастлаб Шайхонтоҳур туманининг энг қадимий гўшаси — Самарқанд дарвозада қад ростлаган янги касбга йўналтириш маркази ва замонавий спорт мажмуасида бўлди. Хусусий таълим муассасаси ва Жангоҳ маҳалласини кўздан кечирди.

    Айни пайтда туманда 51 та маҳалла мавжуд. Ҳудуд аҳолиси 360 минг кишидан кўпроқ. Улардан муайян қисмининг доимий даромадли ишга эҳтиёжи бор. Аҳолини иш билан таъминлаш учун имконият ҳам йўқ эмас. Чунки туманда салоҳиятли тадбиркорлар сони 100 дан зиёд. Бугун фаолиятини кенгайтириш учун уларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Шундай экан, ишбилармонларнинг ишчи кучига эҳтиёжи ортиши табиий. Ана шу омилларга кўра, шартнома асосида тадбиркорларга маҳаллалардаги ишсизлар бириктирилмоқда. Тадбиркорлар аҳолини касбга ўқитиб, иш билан таъминлайди.

    Замонавий, янгича фикрлайдиган ходим ҳар қандай тадбиркор учун айни муддао. Бунинг учун касбга йўналтириш марказига энг яхши мутахассислар жалб этилади. Бу ерда нафақат ўз соҳасининг экспертлари, балки реал амалиётчилар ва MFaktor лойиҳасининг машҳур спикерлари интерактив студияларда маҳорат дарслари ўтади. Ўтилган мавзу билан амалиёт баравар олиб борилади. Тадбиркорлар эҳтиёжига қараб ёшларни муайян касбга йўналтиради. Уларнинг иш билан таъминланиши ҳам кафолатланади. Шу тарзда ишчи, иш берувчи, жамият ва давлат манфаатлари бир нуқтада кесишади.

    — Бир тарафдан иш берувчилар, иккинчи тарафдан иш ўрганаман дейдиган ёшлар билан ишлаймиз. Иш берувчиларнинг эҳтиёжига кўра, йигитқизларга зарур билимларни ўргатамиз. Машғулотларга энг яхши мутахассисларни жалб этамиз. Лойиҳамиз “Манфаатлар чорраҳаси” деб номланади. Бу иш берувчининг яхши ходимга эҳтиёжини таъминлайди. Спикерлар, яъни ўқитувчилар дарс бериши ва гонорар олиши мумкин. Тадбиркорлар учун эса компанияларига энг яхши кадрларни жалб этиш имконияти туғилади, — дейди тадбиркор Ҳусан Мамасаидов. — Марказимиз “Темир дафтар”га киритилган ёки яхши касб қидириб, ҳаётда ўрнини топишга интилаётган ишсиз ёшларнинг даромадли, талабгир ҳамда замонавий касб эгаси бўлишига, иш билан таъминланишига кўмак беради. Бундан ташқари, тадбиркорлар орасида сўровнома ўтказганимизда бугунги бизнесда энг керакли касб сотувчилик экани аён бўлди. Савдо — бизнеснинг юраги, десак ҳам бўлади. Агар сотув яхши йўлга қўйилса, бизнес ривожланади. Яхши инфратузилма вужудга келади. Шу сабабли, малакали сотувчилар тайёрлашга катта эътибор қаратяпмиз. Шу аснода марказда таҳсил олган йигит-қизларнинг ҳаёт йўлини топишига кўмаклашамиз.

    Тадбиркорнинг айтишича, йирик компания эгалари машғулотларга жалб этилиб, уларнинг маҳорат дарслари, ёшлар билан учрашуви ташкил қилинади. Келгусида фойдаланиш учун таниқли тадбиркорларнинг маърузалари ёзиб олинади. Ҳозир ҳар ойда 500 нафаргача йигит-қизни ўқитиш имкони бор. Профессионал кураторлар ҳам тайёрланади. Муҳими, ўтилган ҳар бир мавзу амалиёт билан баравар олиб борилади. Шунингдек, марказда аёллар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

    — Ҳар бир аёлнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида замонавий касблар хонасини ташкил этдик, — дейди туман ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зиёда Тоҳирова. — Алоҳида бизнес режа ишлаб чиқадиган, инновацион йўналишларда ишлай оладиган тадбиркор аёллар нафақат ўзининг, балки маҳалласи, ҳудудининг ҳаётига ҳам ижобий янгиликлар олиб кира олади.

    Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, касбга йўналтириш марказида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ажралиш ёқасидаги оилалар билан ишлаш ҳамда уларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Жамиятда аёл-қизларнинг муаммоларини индивидуал тарзда психологик тренинглар орқали ҳал этиш мақсадида психолог маслаҳатхоналари ташкил этилган. Шу билан бирга, хотин-қизлар саломатлигини яхшилаш учун сув спорти ва гимнастика соғломлаштириш хоналари фаолияти йўлга қўйилди. “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш, уларга психологик ёрдам ва мотивация бериш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсад қилинган.

    Миллий либослар яратишда инновация, рақамли технологияларни қўллаш йўналишида таҳсил олишни истаган хотин-қизлар учун ҳам зарур барча шартшароит бор. Аёл касбу корли бўлса, оила тинч, турмуш фаровон, фарзандлар таълим-тарбияси рисоладагидек бўлиши тасдиғини топган.

    Юрт иқтисодиёти барқарорлиги, барча соҳаларда ривожланган давлатлар билан рақобатлаша олиши ҳам меҳнат бозоридаги кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Бундай кадрлар эса, энг аввало, мактабда шаклланади. Яхши йўлга қўйилган таълим тизими сифатли кадрларни тарбиялайди, сифатли кадрлар эса ривожланган жамиятни барпо этади. Бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг ўрни алоҳида экани давлатимиз раҳбари ташриф буюрган мактаб мисолида ҳам кўзга ташланди.

    — Пойтахтдаги кўплаб объектлар орасидан таълим даргоҳимизнинг ташриф режасига киритилгани, албатта, биз учун қувонарли ва кутилмаган ҳолат бўлди, — дейди “International school lumos mind” нодавлат таълим муассасаси директори Мавлон Турсунов. — Мактабимиз 1000 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда 800 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ходимларимиз 87 нафар, шулардан 69 нафари педагог.

    Инглиз тили, шарқ тиллари ва аниқ фанларни ўргатишга ихтисослашган мактабда ўқув ва компьютер хоналари, STEM лабораторияси, кутубхона, ошхона, спорт зали, бассейн ўқувчилар ихтиёрида. Бундан ташқари, мактабда ўқувчилар камида иккита хорижий тил ва битта ҳунар ўрганади. Жумладан, тикувчилик, дурадгорлик, компьютер сирларини мукаммал эгаллаши учун зарур шароит яратилган. Уларнинг қизиқишларига мос турли тўгараклар ҳам ташкил этилган.

    Президентимиз учрашув чоғида ушбу мактаб тажрибаси асосида кичик ҳудудда кўп ўқувчи ўрнини яратиш, нодавлат мактабларда таълим сифатини назорат қилиш муҳимлигини таъкидлади.

    Маҳалла тарихдан ёш авлодга эзгулик бешиги, тарбия ўчоғи, миллий удумлар, урф-одат ва анъаналар шаклланган маскан бўлиб келган. Инсонларнинг ўзаро меҳр-оқибатли, мурувватли, саховатли бўлишида ва ўзига хос жамоани шакллантиришда маҳалла муҳим аҳамиятга эга. Неча минг йиллик тарихга эга бу тузилманинг ҳақиқий қиёфаси бугун Шайхонтоҳур туманининг Жангоҳ маҳалласида бўй кўрсатмоқда.

    Маҳалла обод ва кўркам масканга айланган. Унда 6 минг 700 дан зиёд аҳоли яшайди. Бир қанча маиший хизмат ва савдо дўконлари орқали ҳам маҳалла ёшларининг бандлиги таъминланган. Фуқаролар йиғини биноси, таъмирдан чиққан кўп қаватли уйлар, асфальт ётқизилган ички йўллар, янгидан ташкил этилган болалар ўйингоҳи ва замонавий автотураргоҳ — буларнинг барчаси аҳолига қулайлик яратиш, обод ва фаровон турмуш кечириши учун хизмат қилаётир.

    Жангоҳ маҳалласидаги турар жойлар шу пайтгача 7 ширкатга бириктирилган эди. Аммо бу ширкатлар ҳамма вақт ҳам аҳоли муаммосига ечим бўлмаган. Бугун мана шу турар жойларнинг ҳаммаси битта “Янги Жангоҳ” бошқарув компаниясига бириктирилди. У маҳалладаги 52 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилгани, “Менинг уйим” мобиль иловаси ишга туширилгани аҳолига қулайлик яратади. Айни пайтда 22 турдаги хизмат кўрсатиш имкониятини ҳам бермоқда.

    — Президентимизнинг биз билан суҳбатлашишини сира кутмаган эдик. Самимий мулоқотдан жуда руҳландик, — дейди шу маҳаллада яшовчи Нилуфар Алибоева. — Маҳалламиздаги кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, томи, ертўласи таъмирланди. Болалар майдончаси, спорт майдончаси, автотураргоҳлар барпо этилди. Йўлларимиз ҳаммаси асфальт қилинди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Мен Президентимиз билан суҳбатда шу ҳақида гапирдим ва миннатдорлик билдирдим. Давлатимиз раҳбари яратилган шу қулайликларни, имкониятларни асраб-авайлаш кераклигини айтди. Биз бу суҳбатдан катта қувват олдик. Шу ерда яшовчи фуқаро сифатида маҳалламизни асраб-авайлаш ўз қўлимизда эканини англадик. Келажакда маҳалла равнақига, албатта, ҳиссамизни қўшамиз.

    “Жангоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Соипхон Акромовнинг айтишича, маҳаллада 14 оила “Темир дафтар”га киритилган. Уларга бир марталик ёрдам пули, ҳомийлар томонидан қўшимча равишда мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилади. “Аёллар дафтари”га киритилган 217 нафар хотин-қизга ҳам зарур кўмак кўрсатилмоқда. “Ёшлар дафтари”даги 6 нафар йигит-қизга тўлов-шартнома суммасини тўлаши, компьютер жиҳозларини харид қилиши учун моддий ёрдам берилди.

    — Илгари маҳалламизда хавфсизлик даражаси паст эди, — дейди маҳалла фаоли Саида Ғафурова. — Кўп қаватли уйлар орқасида чироқлар йўқ, бирор зарурат билан кўчага чиқсангиз, қоронғиликдан қўрқардингиз. Ҳамма томон гаражлар билан тартибсиз ўралган эди. Бугун улар ўрнида замонавий автотураргоҳ қурилди. Йўлаклар очиқ, бемалол сайр қилиб юрсак бўлади. Ҳозир ҳеч қандай хавотирсиз, ҳадиксиз яшаймиз. Кўчалар ёруғ, файзли, участка нозири ҳам ёнимизда. Таъмирталаб, ёмғир ёққанда кўлмак ҳосил бўладиган, сув кечиб ўтиш қийин йўлаклар асфальт қилинган. Равон ва текис йўлларда бугун болаларимиз маза қилиб велосипед, мопед, ролик учиб юрибди. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз.

    Президентимиз таъкидлаганидек, бу ишлар фақат Тошкентда эмас, Қорақалпоғистону Хоразмда ҳам, Қашқадарёда, юртимизнинг ҳар бир гўшасида қилиняпти. Бугун юртимиздаги ҳар бир инсон ижобий ўзгаришларни сезяпти. Маҳаллага татбиқ этилаётган янги тизим ва тамойиллар бугун юрт равнақи, турмуш тарзи ва ҳаёт сифатида юксалаётгани мисолида ўзини оқламоқда. Мақсад ҳам шу — тинч ва осойишта ҳаётни қарор топтириш, аҳоли розилигига эришиш, юрт тараққиёти сари дадил одимлаш.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates