Мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, замон талабларига мос инфратузилма яратиш борасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2024 йилда 2017 йилга нисбатан ишга туширилган инвестиция лойиҳалари қиймати қарийб 8 баробарга, иш ўринлари сони эса 2,6 баробарга ошди. Умуман, сўнгги 8 йил мобайнида инвестиция дастурлари доирасида қарийб 100 миллиард долларлик 96 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилиб, 1,8 миллионта янги иш ўрни яратилди.
Бу бир қарашда оддий рақамлар, сизу бизга ҳеч бир дахли йўқдек гўё. Аслида, ҳар бир рақам, ҳар бир лойиҳа ортида юзлаб, минглаб янги иш ўринлари, демакки, бир неча миллион нуфуcли юртдошларимизнинг даромадли меҳнат билан банд бўлгани турганини, унинг ортидан шунча оилаларга фаровонлик инаётгани, орзу-умидлари ушалаётгани, асосийси, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор тараққий этаётганини инобатга олсак, ушбу натижа нечоғлиқ катта аҳамиятга эга эканини англаш қийин эмас. Айниқса, бу каби ютуқларга Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли асос бўлаётгани экология соҳаси масъули сифатида мени беҳад қувонтиради.
Гапни бежиз инвестиция мавзусидан бошламадик. Бинобарин, Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази ана шундай ҳудудга иқтисодий барқарорлик, аҳолига фаровонлик, ташриф буюрувчиларга мароқли ҳордиқни тақдим этувчи йирик лойиҳалардан бири.
Хўш, лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти қандай?
Туризм бозоридаги талаб ва таклиф номутаносиблиги
Ушбу саволга жавоб беришдан олдин лойиҳа учун мўлжалланган жой — Чорвоқ сув омбори ҳудудида мавжуд ҳолат, халқаро туризм маркази қурилиши заруратига тўхталиб ўтсак.
2016 йилга қадар Чорвоқ сув ҳавзаси ҳудудидаги аксарият дам олиш масканлари йиллар давомида ташландиқ ҳолатга келиб қолган, эътибор қаратилмаган ва дам олувчилар учун етарли шароитлар яратилмаган эди.
Кейинги йилларга келибгина Президентимиз томонидан ҳудудни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси ташкил этилди ва бугунги кунда дирекция томонидан ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлашга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Дирекцияга раҳбарлик қилган давримда ҳудуднинг яшил қопламаларини асраб қолиш ва туристик инфраструктурасини ривожлантиришга эътибор кучайтирилди. Илгари қурилган кўпгина объектлар қайта тикланди, бир қанча объектлар хусусийлаштириш йўли орқали самарадорлиги оширилди. Бундан ташқари, “Амирсой” каби янги объектлар ҳам қурилди.
Булар нима учун керак эди? Биринчидан, бугунги кунда Тошкент аҳолиси кўпайиб бормоқда, даромадлари ошмоқда. Ўз навбатида, ёз ойларида аҳолининг дам олиш масканларига эҳтиёжи ортмоқда. Қолаверса, юртдошларимизнинг иқтисодий имконияти йилдан йилга яхшиланиб бораётгани ҳисобига кейинги пайтларда Бўстонлиққа бошқа вилоятлар, шунингдек, қўшни давлатлардан ҳам ташриф буюрувчилар сони муттасил ортиб бормоқда.
Иккинчидан, туризм сектори иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун муҳим манбага айланади. Ҳар йили ўзбекистонликлар хорижда дам олиш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфламоқда. Мамлакатимизда замонавий дам олиш масканлари тизимини кенгайтириш орқали бу маблағни сақлаб қолиш мумкин. Бу, ўз навбатида, ҳудудларни ривожлантириш, кичик бизнес, инфратузилма ва хизматлар соҳасини кенгайтириш имконини беради.
Аммо бизда туризм бозори талабига яраша таклиф мавжуд эмас, чунки замонавий йирик дам олиш масканлари ташкил этилмаган. Бир нечта намунавий лойиҳалар бор, масалан, “Чорвоқ дарвозаси”, “Ugam River” ва ҳоказо.
Биргина “Чорвоқ дарвозаси” мажмуасини олайлик. Биринчи босқичи якунланган лойиҳага кўра, мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади. Мана шу лойиҳанинг ўзиёқ қанчадан қанча юртдошларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлаши, ҳудуд иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.
Бундан ташқари, Чимёнда бир кунда 6000 нафар меҳмонни қабул қилишга мўлжалланган 20 га яқин меҳмонхона қурилмоқда, мустақиллик байрами арафасида йирик туристик марказ очилиши кутилмоқда. Билдирсойда ҳам замонавий меҳмонхона қурилади. Буларнинг барчаси пировардида мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Чорвоқни асраб қолиш имкони
Лекин шуни ҳам қайд этиш лозимки, аҳолининг сув бўйида ҳордиқ чиқаришга талаби катта. Чорвоқ ҳудудида эса йирик туризм объекти мавжуд эмас, кичик объектлар эса талабга жавоб бермайди. Масалан, Угом дарёси ҳудудини экополиция, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари қанчалик назоратга олмасин, одамлар дарёгача машинада боряпти, сувга ҳам машинасида киряпти, овқатланяпти ва чиқиндиларини сувга ташлаяпти. Бунга қарши кураш олиб бориляпти, аммо аҳвол кўпчилигимизга маълум.
Чорвоқ бўйидаги ҳолат ҳам ачинарли — бир ҳудудда ҳам ўт ёқиб, ҳам овқат тайёрланяпти, чиқиндилар сувга ташланяпти, ҳожатхона йўқлиги ёки талабга жавоб бермаслиги ҳам салбий таъсир қиляпти. Ҳалигача ягона концепциясиз, соҳа мутахассислари жалб қилинмасдан беқарор қурилишлар кузатилмоқда. Умумий қилиб айтганда, экологияга жуда катта зарар етказиляпти. Шу ердаги аксар тадбиркорлар сувга яқин бўламан деб ноқонуний қурилмалар қурган. Тартиб йўқ. Лойиҳа зарурати шунда эдики, биз ҳақиқатан Чорвоқни экологик жиҳатдан сақлаб қолмоқчи бўлсак, балансни таъминлашимиз лозим, яъни ҳам аҳоли эҳтиёжини таъминлаш, ҳам табиатни асраб қолиш учун экологик талабларга мос келадиган дам олиш масканлари керак.
Хориж тажрибасига назар соладиган бўлсак, сув бўйида ҳеч қандай объект қурилмайди, канализацияси талабга жавоб бермаган объектларга умуман рухсат берилмайди. Ўзимизда ҳам шу тартибни жорий қилишимиз, замонавий пляжлар яратишимиз керак.
Бу борада тажриба тариқасида бир қанча ишлар қилинмоқда. Жумладан, Навоий вилоятидаги Тўдакул кўлида замонавий, экологик талабларга жавоб берадиган масканлар қурилмоқда. Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар ҳудудида ҳам замонавий, сувдан анча узоқроқда бўлган инфраструктура барпо этиляпти: замонавий меҳмонхоналар, канализация тизимлари, туристик мажмуалар қуриляпти.
Юқорида қайд этиб ўтилган заруратдан келиб чиқиб, Чорвоқда ҳам шу ишларни қилишимиз лозим. Бу бизга нима беради? Биринчидан, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш масаласи ечилади. Зеро, лойиҳа мўлжалланган ҳудудларда яшовчи кўплаб инсонлар ишлаш учун чет элга кетади. Уларни юртимизда, ўзи туғилиб ўсган қишлоқда иш билан таъминлаш муҳим, албатта.
Иккинчидан, лойиҳа доирасида икки қишлоқ ўртасида кўприк қурилади, транспорт хизмати яхшиланади, ҳудуд ривожлантирилади. Учинчидан эса Тошкент катта мегаполис, хорижлик туристлар сони ҳам ортмоқда. Бу каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали эса уларга замонавий, экологик мезонларга мос дам олиш маскани таклиф қилишимиз мумкин бўлади.
Шу ўринда яна хориж тажрибасига эътибор қаратсак. Швейцариядаги кўллар атрофида бир қанча чиройли дам олиш оромгоҳлари барпо этилган. Лекин у ердаги аҳоли, экофаоллар ёки бошқалар буларни бузиш керак демаяпти. Швейцариядаги кўлларни кўрганман, бемалол сувидан ичса бўлади, ваҳоланки, атрофида йирик-йирик шаҳарлар бор. Лекин у ерда аҳоли томонидан табиатни асрашга жиддий эътибор қаратилган, замонавий канализация тизимлари тартибга солинган.
Аслини олганда, инсониятнинг ҳар қандай фаолияти экология учун хавф туғдириши мумкин. Аммо муҳими шу хавфни тўғри бошқаришдир. “Бўлди, бу хавфли экан”, деб воз кечгандан кўра вазиятни тўғри бошқарсак, бундай лойиҳалар ҳисобига кўплаб инсонлар иш билан таъминланади, инфратузилма яхшиланади.
Маҳаллий аҳоли иш ўринлари яратилиши ва инфратузилма яхшиланишига умид қилмоқда
Маҳаллий аҳоли агар лойиҳа тасдиқланиб, қурилиш ишлари бошланса ва янги дам олиш маскани барпо этилса, қўшимча иш ўринлари яратилиши, аҳоли ишлаш учун чет элларга кетмасдан иш билан таъминланиши, шу билан бирга, чет элга кетган кўплаб юртдошларимиз ўзимизда ишлашни маъқул кўриб, оиласи бағрига қайтишини таъкидламоқда. Ёшларнинг фикрича, халқаро даражадаги дам олиш мажмуасида ишлаш улар учун қувонарли ҳолатдир.
Маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан, шунингдек, “Бурчмулла, Яккатут ҳудудларида инфратузилма яхши эмас”, “Йўллар талабга жавоб бермаслиги туфайли туристлар бора олмайди”, “Бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа айланма йўллар орқали бориш керак, агар икки қишлоқ орасида кўприк қурилса, анча қулай бўларди”, “Канализация тизимини яхшилаш керак” каби фикрлар билдирилди. Айрим фуқаролар кўзда тутилган лойиҳа чет элдан катта миқдорда инвестиция киритилишига сабаб бўлишини таъкидламоқда. Улар Чорвоқда қурилган дам олиш маскани ўзимизда қолиши, инвестор уни кўтариб олиб кетмаслиги, халқимиз Дубай ёки Туркияга дам олишга кетганидан кўра, ўзимизда мароқли ҳордиқ чиқаргани маъқуллиги, юртимизда чет элдагидан қолишмайдиган дам олиш масканлари бўлиши фойдали экани каби фикрларни ҳам билдирди.
Бош режа ва қурилиш мумкин бўлмаган ҳудудларга мораторий
Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳозир “яшил”, барқарор туризм ривожлантирилмоқда. Ҳар қандай лойиҳага биз экологик нуқтаи назардан ёндашамиз. Айни дамда “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бўйича шу жараён кетмоқда.
Биз Чорвоқ сув омборидаги маълум ҳудудни, яъни пляж яратиш мумкин бўлган ҳудудларни белгилаб, Бош режа яратиб, шу асосда қурилиш ишларини амалга ошириш тарафдоримиз. Мумкин бўлмаган ҳудудларда эса қурилишга мораторий эълон қилиш керак. Бу жойларда “яшил” ҳудудлар, ўз экотизимини ҳимоя қиладиган зоналар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ана шунда ҳудуд экотизими, биохилма-хиллиги сақланиб қолади. Қолаверса, ҳудудда хаотик (тартибсиз, режалаштирилмаган) қурилишларга барҳам берилади. Ҳукуматга бу борадаги ёндашувларимизни етказганмиз, чуқур ўйланган ҳолда тегишли қарорлар тайёрланмоқда.
Пилот лойиҳа — ҳамма учун очиқ ва бепул пляж қуриляпти
Айни дамда “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси доирасида инвестор томонидан ўз ҳисобидан 500 метр ҳудудда намунавий пляж барпо этилмоқда. Мақсад — инвестор намунавий пляж орқали режалаштираётган лойиҳаси қандай бўлишини амалда кўрсатиб беради. Аҳоли эса мавжуд дам олиш шароитлари билан солиштириб кўради ва хулоса қилади.
Асосийси, пляж бепул, хавфсиз ва ҳамма учун очиқ бўлади. Пилот лойиҳа якунлари асосида бу ташаббусни Чорвоқнинг бошқа ҳудудларида қўллаш мумкин бўлади. Бу ўзгаришлар орқали дам олишга бўлган ёндашувни қайта шакллантириш — тартибсизликдан қулайликка, ёпиқ ҳудудлардан очиқлик ва оммабопликка ўтиш таъминланади. Бундай саъй-ҳаракатлар жамиятда янги тасаввурларни шакллантиради: курорт ҳамма учун мўлжалланган жой, фақат танланганлар учун эмас.
Яна бир масала — нарх-наво. Ҳозир Чорвоқни турли тадбиркорлар эгаллаб олган, кирган-чиққанлардан пул йиғилади, санитария ҳолати қониқарсиз, кўпчилик сувга тушиб, пала-партиш тарзда дам оляпти. Машиналар сувда ювиляпти. Энг хавфлиси, ёш болалар катта-катта қирғоқлардан сувга сакраяпти, назорат ҳам, жавобгар ҳам йўқ. Агар замонавий лойиҳа амалга оширилса, бу каби ҳолатлар бартараф этилади — машиналар сув бўйидан камида 500 метр узоқликда бўлади, инсонлар хавфсизлиги таъминланади. Кийим алмаштириш хоналари, ҳожатхоналар ва умуман, барча хизматлар экологик ва санитария талабларига мос тарзда йўлга қўйилади.
Ҳар бир лойиҳани амалга оширишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Аввал лойиҳа ҳужжати тайёрланиб, тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилади. Бизда ҳам баҳолаш тартиби бор. Ана шу босқичлардан кейин лойиҳани жамоатчиликка тақдим этамиз. Қандай экологик хавфлар борлиги ва бошқа ҳолатлар борасида ечим берилади. Агар лойиҳа хатарли, талабларга мос эмас деб топилса, салбий хулоса берилади ва амалга оширилмайди.
Оқова тизими барпо этилади
Яқинда Озарбайжондаги “Sea Breeze” курорти шароитлари билан танишдик. Энг маъқул жиҳати, у ерда концепция шундан иборатки, қурилиш қилишдан олдин ҳудуднинг яшил каркаси яратилган, яъни тегишли йўлаклар, қуриладиган бинолар атрофида дарахтлар экилган, қурилишгача яшил ҳудуд барпо қилинган. Бинолар уч йиллик бўлса, дарахтлар 10 йиллик. Бу жуда яхши амалиёт, агар “яшил каркас” тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллайдиган бўлсак, бу фақат ва фақат фойда келтиради.
Ҳали лойиҳани кўрмасдан туриб салбий фикр билдириш ва қоралаш нотўғри деб ўйлайман. Экологик вазиятни яхшилайдиган, инфратузилмани барқарорлаштирадиган, иш ўринлари яратадиган, хуллас, ҳам экологияга, ҳам туристларга, ҳам аҳолига, ҳам давлатга фойда келтирадиган бу каби лойиҳаларни, албатта, амалга ошириш лозим. Акс ҳолда, Чорвоқ сув ҳавзасидан бутунлай айриламиз, назоратни буткул йўқотамиз.
Экологияни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан йирик мажмуа қурилса, уни текшириш ҳам, назорат қилиш ҳам, экологик хавфларни бошқариш ва олдини олиш ҳам анча осон бўлади. Биз ўз талабларимизни қўямиз ва бу талаблар амалга оширилишини назорат қила оламиз.
Шу ўринда таъкидлаш керак, сув ҳавзасига оқова сувлар ташланишининг олдини олиш масаласи ҳам долзарб. Чорвоқда кичик-кичик объектлар бор, аммо йирик инвестициялар ҳисобига ўзини кейинчалик қоплайдиган канализация тизимини яратиш бўйича лойиҳалар йўқ эди. Ҳозир эса бу борада Қурилиш ва уй- жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан режалар тақдим этилди. Мақсад Чорвоқда ташкил этилган туризм объектлари, бу ерда яшайдиган аҳолини сифатли канализация тизими билан таъминлаш учун замонавий коммуникацияларни барпо этишдир. Бу борада “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси энг самарали танлов дейишимиз мумкин.
Барқарор туризм учун бурилиш нуқтаси
Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда барқарор туризм учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Нима учун бундай деяпман? Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантиришда янги босқичга қадам қўймоқда — бу босқич замонавийлик, барқарорлик ва экологик жиҳатдан тўғри йўналишни талаб қилади. Мазкур жараённинг марказида инвестициялар, табиатни муҳофаза қилиш ва жамият манфаатлари ўртасида мукаммал мувозанатни таъминлаш туради. Шу нуқтада Чорвоқ сув омборида амалга оширилаётган халқаро туристик лойиҳа намуна сифатида бутун мамлакатимиз бўйлаб тизимли ўзгаришларнинг бошланғич нуқтасига айланишига шубҳа йўқ.
Хавфдан чўчиш эмас, уни бошқариш керак
Ҳозирги кунда Чорвоқ сув омбори жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларга дуч келмоқда. Соҳил чизиғидаги назоратсиз ва бир хил концепциясиз жадал қурилишлар, табиат ва санитария талабларининг инобатга олинмаслиги бу ҳудуднинг табиий ҳолати йўқотилишига олиб келмоқда. Кўплаб жойлар хусусий тўсиқлар ортида қолиб, сувга эркин кириш имкони чекланмоқда. Бу вазият экологик ва ижтимоий хавфларни кучайтиради.
Биринчи қадам, юқорида айтиб ўтганимиздек, Чорвоқ учун аниқ зоналаштириш, чекловлар ва муҳофаза чораларини ўз ичига олган Бош режа ишлаб чиқишдир. Шу билан бирга, режага мувофиқ бўлмаган ҳар қандай янги қурилишга мораторий эълон қилиниши керак.
Ҳар бир қурилиш атроф-муҳитга таъсир этувчи хавф-хатарларни ўз ичига олади. Энг асосийси — шу хавфларни бошқариш. Айни шу сабабдан ҳам “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Халқаро экологик кенгаш ташкил этилмоқда. Кенгаш мустақил орган бўлиб, табиий муҳитни муҳофаза қилиш нормаларига риоя этилишини назорат қилади, экспертлик ёрдамини таъминлайди ва аҳоли манфаатларини инобатга олади.
Бу янги масъулият маданиятига қадамдир: лойиҳа нафақат чиройли, балки табиат ва инсонлар учун фойдали бўлиши керак. “Sea Breeze Uzbekistan” туризм — аниқ режалаштириш, малакали мутахассислар иштироки ва доимий мониторинг орқали атроф-муҳитга зарар етказмасдан ривожланиш мумкинлигини исботлайди.
Мухтасар айтганда, Чорвоқ ҳозиргидек барча учун пуллик ёки ёпиқ жой бўлиши керак эмас. Бу бутун мамлакат учун дам олиш рамзи ва шундай бўлиб қолиши лозим. Бош режа, экологик нормалар, нархларни назорат қилиш ва сувга эркин кириш ҳудуднинг келажаги учун зарур бўлган тамойиллардир.
Айни пайтда олдимизда муҳим танлов турибди: ё хаотик қурилиш ва табиий бойликларни йўқотиш шароитида яшашни давом эттирамиз ёки замонавий, барқарор ва ҳамма учун очиқ туристик тизим яратамиз.
“Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси бу фақат дам олиш маскани эмас. Бу эски ёндашувни ўзгартиришга чақириқ, янги модель экологик, очиқ ва узоқ муддатли таклифдир. Бундай ташаббуслар мамлакатнинг туристик харитасини ўзгартириши ва ривожланиш йўлини бир неча ўн йилликка белгилаши мумкин.
Азиз АБДУҲАКИМОВ,
экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва
иқлим ўзгариши вазири









