Далолатнома ёзувларига ўзгартириш киритиш ёки бекор қилиш қонуний(ми?)

    Биласизми? 22 ноябр 2022 3481

    Вафот этган шахснинг далолатнома ёзувларига ҳам ўзгартиришлар киритиладими?

    Қонун фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар — туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди.

    Бугун биз фуқаролардан келиб тушаётган саволлар асосида фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатларга ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳақида маълумот берамиз.

    Далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тузатиш, тўлдириш тартиби

    Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда, ушбу ёзувлар сақланаётган жойдаги, агар улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлса, ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг тегишли далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризасига кўра, бунинг акси бўлган ҳолларда уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакилларининг аризасига кўра амалга оширилади. Бундай жараён консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида ҳам амалга оширилиши мумкин.

    Вафот этган шахснинг далолатнома ёзувларига ҳам ўзгартиришлар киритиладими?

    Қонунчиликка кўра, вафот этган шахсларнинг ҳам тегишли далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар киритилади. Фақат вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар киритиш суд қарорига асосан бажарилади. Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш эса яқин қариндош(лар) ёки меросхўр(лар)нинг аризасига кўра амалга оширилади.

    Қандай ҳоллар асос бўлиши мумкин?

    Далолатнома ёзувларига оталик белгиланганда, фарзандликка олинганда, ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси, шунингдек, миллати ўзгартирилганда, никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар), суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда, ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилинганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда, ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда ҳамда шу каби қонунчиликда белгиланган ҳолларда ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритилади.

    Аризани кўриб чиқиш белгиланган муддатидан ҳам ошиши мумкинми?

    Албатта. Мазкур мазмундаги мурожаатлар ариза тушган кундан бошлаб 10 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак. Узрли сабаблар (ўзгартириш киритиш зарур бўлган ёзувлар нусхалари олинмаганда ва бошқа ҳолларда) мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири томонидан ушбу муддат бир ойгача муддатга узайтирилиши мумкин.

    ФҲДЁ ходимлари ва консул нималарга ҳақли эмас?

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ФҲДЁ органлари ходимлари ҳамда консул ўзи, эри ёки хотини ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган ака-ука, опа-сингиллари) тўғрисида далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмаслар.

    Бундай ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш ёки уларга ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш бўйсуниш тартибида юқори органнинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқа ходим томонидан ёки бошқа ФҲДЁ органида амалга оширилади.

    Далолатнома ёзувларини бекор қилиш қонунийми?

    Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 233-моддасига мувофиқ, агар ФҲДЁ органи томонидан икки ва ундан ортиқ бир хил ёзувлар борлиги аниқланса, тикланган ёзувлар улар тузилган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан бекор қилиниши мумкин. Агар топилган далолатнома ёзувларида фамилия, исм, ота исми, туғилган сана, ота-она тўғрисидаги маълумотларда жиддий фарқ бўлса, тикланган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари суднинг қарори билан бекор қилинади.

    Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, собиқ иттифоқ республикаларидан келган ҳужжатлар бўйича ёзувларни бекор қилиш адлия бошқармалари хулосалари бўйича ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади, ёзувни бекор қилиш бўйича ҳужжатлар эса шу ФҲДЁ органида сақланади.

    Нодира МИРМУҲАММЕДОВА,

    Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates