Давлат Бобонов жароҳати туфайли жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади

    Спорт 3 май 2023 763

    7-14 май кунлари Доха шаҳрида дзюдо бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

    Унда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасининг бир қисми эртага Қатар пойтахтига йўл олади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур чемпионатга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Унда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Илиас Илиадис бошчилигидаги терма жамоа мураббийлар штаби, спортчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

    Даставвал терма жамоанинг умумий тайёргарлиги ҳақида гап борди. Таъкидланишича, спортчиларимиз дунё биринчилигига сўнгги тайёргарликни Туркия ва Япония йиғинларидан кейин Самарқандда ўтказишади.

    Терма жамоа бош мураббийи И.Илиадис Давлат Бобонов жароҳати сабаб ушбу дунё биринчилигида иштирок эта олмаслиги, қолган спортчиларнинг тайёргарлиги юқори даражада эканини маълум қилди.

    Спортчилар номидан Давлат Бобонов сўз олиб, жамоадошларининг ҳолати аъло даражада экани, ўзининг саломатлиги ҳам барқарор тикланиб бораётгани хусусида гапирди. Шунингдек, Диёра Келдиёрова дзюдочи қизларимиз ҳам ушбу дунё биринчилигидан медаллар билан қайтишни мақсад қилишганини қўшимча қилди.