Давлат тилида иш юритиш: яна бир қулайлик яратилди

    “O‘zbekiston nashriyoti” давлат унитар корхонасида 15 минг нусхада нашр қилинган ушбу қўлланма ҳам вазирлик, идоралар ва ҳокимликларга бепул тақдим этилмоқда.

    Ўзбек тилининг нуфузини ошириш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилаётган, бу борадаги Қарор ва фармонлар ижроси таъминланаётган бўлса-да, ҳануз бу каби ишлар кўламини янада кенгайтиришга эҳтиёж мавжуд экани сезилмоқда.

    Айни эҳтиёжни қондириш масаласига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул, албатта. Ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда самарали фаолият олиб бораётган департамент томонидан 2020 йилда тилимиз ривожига хизмат қилгувчи 10 га яқин китоблар чоп этилгани фикримиз далилидир.

    Айниқса, сентябрь ойида “Давлат тилида иш юритиш”нинг янги, такомиллаштирилган нашри 4 минг нусхада чоп этилгани ва барча вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ҳокимликларга бепул тарқатилгани ажойиб туҳфа бўлган эди. Эндиликда мазкур нашрнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳам дунё юзини кўрди.

    Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти билан ҳамкорликда чоп этилган “Davlat tilida ish yuritish” амалий қўлланмаси тақдимоти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтди. Тадбирда Департамент вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент шаҳар ва туманлари ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар, тилшунос олимлар, китоб муаллифлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

    — Мана шу ерда ўтирган маслаҳатчиларнинг барчаси давлат тилида тўғри иш юритиш орқали тилимизнинг нуфузини, қадрини оширишга масъул шахслардир, — деди тадбирни кириш сўзи билан очган Абдуғаффор Қирғизбоев. Шунингдек, таниқли нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов ҳам ўзбек тилининг нуфузини ошириш кўча-кўйдаги русча сўзларни ўзбекчасига алмаштириш эмас, давлат тилида тўғри сўзлаш ва иш юритишдан бошланишини алоҳида таъкидлади.

    Тадбирда нутқ сўзлаган китоб муаллифларидан Низомиддин Маҳмудов, Ёрқин Одилов, Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Ориф Тўхташ ва бошқалар ҳам мазкур қўлланманинг тилимиз тараққиёти йўлидаги беқиёс ўрнига тўхталиб ўтдилар.

    Айтиш жоизки, мазкур амалий қўлланмада ташкилот ва муассасаларнинг иш юритиш фаолиятида энг кўп қўлланадиган ҳужжатлар, уларни тузиш тартиб- қоидалари масалаларига урғу берилган, мазкур ҳужжатлар тегишли намуналар билан кўрсатилган, шунингдек, иш юритишга оид луғатлар ҳам китобдан ўрин олган.

    “Davlat tilida ish yuritish” амалий қўлланмаси биринчи навбатда, ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига, бошқарув фаолиятида бевосита ҳужжат устида ишловчилар, котиб-референтлар, кадр хизмати ходимларига мўлжалланган, шунингдек, ундан ҳисобчилар, адлия маслаҳатчилари, аудитор, менежерлар ҳам фойдаланишлари мумкин.

    “O‘zbekiston nashriyoti” давлат унитар корхонасида 15 минг нусхада нашр қилинган ушбу қўлланма ҳам вазирлик, идоралар ва ҳокимликларга бепул тақдим этилмоқда.

    Дарҳақиқат, ўзбек тилининг ҳам она тили, ҳам давлат тили сифатидаги тараққиётини таъминлаш, ҳеч шубҳасиз, миллий манфаатларимизга хизмат қиладиган муқаддас ҳаракатлардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бугун ана шундай ҳаракатларнинг бошини қовуштириш, бу борадаги ишларга янгича руҳ бериш мақсадида фаолият олиб бормоқда.

    Шунингдек, ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини оширишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаши, ўзбек тилининг бой ифода имкониятларини кўрсатадиган изоҳли ва терминологик луғатларни нашр этиш, илмий асосланган сўз ва атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, пировардида эса ҳар бир фуқаро қалбида давлат тилига эҳтиром туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates