Давлат хизматига ишга кириш учун ёшлардан нима талаб этилади? 

    Таълим 9 июн 2023 1332

    Бугун ОТМ битирувчилари олдида катта ҳаётий масала турибди – қаерда ишлаш мумкин? Яхши яшаш учун диплом кифоя қиладими? Қандай қилиб, яхши ишга муаммосиз жойлашиш мумкин?

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд филиали мутасаддилари бугун Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг битирувчи-ёшлари билан навбатдаги учрашувида шу мавзу муҳокама этилди.

    “Давлат фуқаролик хизматига кириш” мавзусидаги очиқ мулоқотда филиал бўлим бошлиғи Фозил Аҳадов томонидан тақдимот намойиш этилди.

    “Давлатимизга билимли, салоҳиятли мутахассис кадрлар, сиз битирувчи – ёшларга эса муносиб меҳнат шароитларига эга, ўз мутахассислигингиз бўйича иш керак. Инсон ресурсини ривожлантириш борасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сезиларли даражада ўзгарди.

    Авваллари тараққий этган кўпгина давлатларнинг ишга қабул қилиш жараёнларига ҳавас қилардик. Кадрлар очиқ, шаффоф, онлайн ва кучли рақобат муҳитида танлаб олинади. Бугун мамлакатимизда ўша хорижий илғор тажрибалар амалиётга жорий қилинди. Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz платформаси бизнинг ана шу орзу истакларимизнинг натижаси ўлароқ вужудга келди, десак хато эмас”, дейди бўлим бошлиғи талабалар билан мулоқотида.

    Бугун ушбу очиқ портал фаолияти ёшлар, айниқса олий таълим муассасаларининг битирувчилари ҳамда магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида кенг тарғиб этилмоқда. Бу механизм орқали ёшларнинг давлат хизматига бўлган ишончи ортади ва салоҳиятли кадрларнинг танлаб, саралаб олинишига эришилади.

    Маълумотларга кўра, танлов орқали саралаб олиш жараёнлари онлайн тарзда кечади, яъни платформага ҳужжатлар электрон тарзда юборилиб, тест ва суҳбат жараёнлари очиқ, онлайн тарзда кечади. (Илгарилари 16 та ҳужжат папкага солиниб, раҳбар ёки кадрлар бошлиғи эшигида кутилган)

    Шу асосда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечилиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими соҳага жорий этилди.

    Шунингдек, мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун номзодларнинг очиқ мустақил танловларини ташкил этадиган электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

    Портал Ўзбекистон фуқароларига вакант лавозимларга электрон тарзда ҳужжат топшириш имкониятини беради ҳамда номзодларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишида инсон омилини минимал даражага туширишга хизмат қилади.

    Ҳозирги кунга қадар мазкур порталга 50 та вазирлик ва идора, 12 та вилоят ҳамда 190 та туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган.

    Ёшлар мутасаддиларга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларни беришди.

    Хуллас, сизга иш керак бўлса, таниш билиш, қариндош – уруғлардан фойдаланиш замони ўтди. Шу ишга даъвогарлик қилсангиз, танловга марҳамат! Порталга ҳужжатларингизни юборинг, тест ва суҳбатдан ўтинг! Билимингиз етарли бўлса, иш сизники. Коррупция, непотизм ва бошқа иллатларга барҳам беринг.

    Мулоқотдан ана шундай хулосани олдик.

    PS: Жорий йилда энг кўп битирувчиси очиқ танлов асосида давлат хизматига қабул қилинган ОТМларнинг ТОП-20 талигига кўра, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети 2 ўринни эгаллаган.

    Г.Бердиёрова

    Ахборот хизмати

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates