Давлат-хусусий шериклиги маданият соҳасига қай даражада зарур?

    Марҳамат туманидаги маданият ва истироҳат боғи шу пайтгача ҳувиллаб ётгани, қўпол қилиб айтганда, бу ерда занг босган темир қайиқдан бошқа кўзга ташланадиган бирон нарса қолмаганини марҳаматликларнинг ҳеч бири инкор қилмаса керак.

    Бугун жадал ривожланаётган соҳалардан бири — мактабгача таълимга туб янгиланишлардан бири сифатида кириб келган давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тизими қамровни кескин оширишда муҳим омил бўляпти. Асосийси, буни одамларнинг ўзлари ҳам ҳис қилмоқда.

    Зеро, 2018 йилда ДХШ асосидаги мактабгача таълим муассасалари сони 751 та эди. 2021 йилга келиб, улар 11269 тани ташкил этди. Бу орқали 3 йил аввал 3344 та иш ўрни ташкил этилган бўлса, айни пайтда ДХШ натижасида 33679 кишининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, бу тизим минг-минглаб ота-оналарнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Бугун битта маҳалланинг ўзида камида 2 та хусусий боғча очиляпти. Муҳими, тадбиркорлар ДХШдан унумли фойдалана бошлади.

    Мазкур тизимнинг эндиликда маданият соҳасига ҳам татбиқ этилаётгани муҳим воқеликдир. Айни пайтдаги ишлар Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 26 апрелдаги “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари асосида йўлга қўйиляпти.

    Маданият вазирлиги тизимида давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиладиган объектлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, 2020 йилда вазирлик томонидан хусусий шериклар ўртасида 10 та лойиҳа бўйича жами қиймати 50 миллиард сўмликдан ортиқ битим (шартнома)лар имзоланди.

    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган 172 та давлат мулки объекти рўйхати тасдиқланган. Уларнинг 140 таси маданият маркази, 18 таси маданият ва истироҳат боғи, 48 таси маданият марказлари ер майдони, 8 таси фойдаланилмасдан ётган бино ва 2 таси таъмирталаб аҳволга келиб қолган амфитеатрдир.

    Ушбу рўйхатдаги объектлар бўйича ҳозирги кунда Маданият вазирлигига маҳаллий тадбиркорлар томонидан 30 дан ортиқ таклиф лойиҳалари келиб тушган. Ушбу лойиҳалар Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги веб-сайтларига эълон бериш бўйича белгиланган тартибда қонун ҳужжатларига асосан қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳозирги кунда 3 та объектнинг лойиҳа ҳужжатлари эълонга берилган.

    ДХШ тизимга нима беради?

    Ушбу саволга, аввало, Маданият вазирлиги тизимида таъмирталаб ҳолга келиб қолган мингга яқин маданият ва санъат муассасасини давлат-хусусий шерикликка бериш орқали уларни янгидан қуриш, реконструкция қилиш, замон талаблари асосида жиҳозлаш учун ажратиладиган бюджет маблағлари тежалишига эришилади, деб жавоб бериш мумкин.

    Бу тўғридаги қарорда Маданият вазирлиги билан келишилмасдан, уларнинг розилигини олмасдан туриб, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари тасарруфидаги кўчмас мулкларни хусусийлаштириш, шунингдек, улар ҳудудидаги ер майдонларининг маҳаллий ҳокимликлар захирасига олинмаслиги алоҳида қайд этилгани муҳим аҳамиятга эга.

    — Негаки, объектлар маҳаллий ҳокимликлар захирасига ўтказилгандан сўнг белгиланган тартибда сотиб юборилиши каби кўплаб салбий ҳолатлар кузатилган, — дейди Маданият вазирлиги Инвестицияларни жалб қилиш ва маданий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Асқаров. — Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш имконияти камайишига сабаб бўлиб, ёшларни маданият ва санъатга кенг жалб этиш ишларининг талаб даражасида ташкил этилишида муаммолар туғдиради. Шу маънода ҳам ДХШни маданият соҳасига жорий этиш маънавиятимизни қадрлаш, маънавий бойликларимизни асраш борасида муҳим омил бўлади.

    Шунингдек, қарорда маданият ва санъат объектлари ДХШга ўтказилгандан сўнг уларнинг ушбу йўналишдаги барча фаолият турлари сақлаб қолиниши, соҳа вакилларига ижодий имкониятлар, шарт-шароитлар яратиш белгилангани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

    Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган турли хизматлар кўрсатиш, кичик ишлаб чиқариш ва савдо фаолияти билан шуғулланишга ҳам рухсат берилди.

    Тадбиркорлар қўллаб-қувватланса, бас

    Марҳамат туманидаги маданият ва истироҳат боғи шу пайтгача ҳувиллаб ётгани, қўпол қилиб айтганда, бу ерда занг босган темир қайиқдан бошқа кўзга ташланадиган бирон нарса қолмаганини марҳаматликларнинг ҳеч бири инкор қилмаса керак. Негаки, бугун улар айни шу ерда бутунлай бошқа манзарага гувоҳ бўлиб, “боғни обод қилганнинг отасига раҳмат”, деяётгани аниқ.

    Ўша файзсиз ерни хусусий шериклик асосида олиш таклифи билан Маданият вазирлигига мурожаат қилган Шаҳобиддин Мадаминов 3,5 миллиард сўм миқдоридаги ўз маблағи ҳисобидан боғни чинакамига “Болажонлар асл боғи”га айлантирди. Тадбиркорнинг айтишича, 10 тадан кўп аттракцион ўрнатилиб, амфитеатр ташкил этилди, боғнинг айлана йўли текисланди. Боғда кичкинагина ҳайвонот боғи ҳам бор. Турли-туман қушлар, бургут, товуқлар, кийик каби жониворлар диққатингизни тортади. Агар ваъда қилинган имтиёзли кредитга эга бўлса, боғ эгаси яқинда катта чархпалак билан бирга яна 1-2 та аттракцион ўрнатиш ниятида.

    — “Malaxit plus” МЧЖ Самарқанд вилоятидаги етакчи қурилиш ташкилотларидан, — дейди корхона раҳбари Ўктамжон Қутбиддинов. — Аксарият банкларнинг ўзлари бизга таклиф билан мурожаат қилади. Чунки 18 йиллик фаолиятимиз давомида уй-жойлар, коттежлар қуриб, анча тажрибага эга бўлдик. Инвестиция киритиш шарти билан ўзимиз қурган меҳмонхона рўпарасидаги “Афсона” чўмилиш ҳавзасини давлат-хусусий шериклиги асосида олдик. Кўркам меҳмонхона олдида бир аҳволга келиб қолган аквапарк, умуман, хунук манзара, ахир. Тағин кучли ёғингарчиликда сув тошади. Ҳар қандай сайёҳ, наҳотки, шундай жойга меҳмонхона қурилса, деб таажжубланиши табиий. Аквапаркни обод қилиш тўғрисидаги таклифимиз қўллаб-қувватлангач, ўз кучимиз билан фасадларни янгиладик. Ўша сув тошиб ётган, ташландиқ жой бугун жуда чиройли кўринишга келди. Насиб қилса, яқинда очилиш маросимини тантанали тарзда ўтказамиз.

    Бухоролик тадбиркор Олти Ҳусенов ДХШ бўйича битим имзолаб, эртамиз эгалари учун энг эзгу ишга қўл урди. Ҳатто кундузи ҳам одам кирса қўрқиб кетадиган, Пешку тумани “Навоий” МФЙ Қудрашех қишлоғидаги собиқ Навоий ширкат хўжалигининг эски маъмурий биноси бугун тамомила янги қиёфага кирди. Бинонинг иккинчи қаватидаги 268,14 метр квадрат жойда “Шаҳризода” нодавлат маданият ва санъат муассасаси ташкил топди.

    — Тадбиркорнинг машаққатли меҳнатлари, жонкуярлиги, энг муҳими, фидойилиги ортидан 40 нафар одам иш билан таъминланди, 530 нафар ўғил-қиз мусиқа ва тасвирий санъат сирларини ўрганишга жалб этилди, — дейди кекса санъаткор, устоз Енгил Авезов. — Биз, санъат, маданият фидойилари бу хайрли амаллар учун мутасаддиларга миннатдорлик изҳор қиламиз, бўлаётган ишлардан мамнун эканимизни билдирамиз.

    Кўриниб турибдики, тадбиркорларнинг иштиёқи баланд. Фақат уларни қўллаб-қувватлаб, керакли имкониятлар яратиб берилса, бас. Ўзи яшайдиган ҳудуднинг ободлиги йўлидаги олижанобликлари уларни янги-янги мақсадларга ундайверади.

    Ўзбекистон тажрибасини ҳам яратиш мумкин, агар...

    ДХШ тўғрисидаги қонуннинг 1-лойиҳасида тизимни 16 та соҳага жорий этиш кўзда тутилган эди. Лекин ривожланаётган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, тизимни энергетика, транспорт, коммунал, сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, ирригация соҳаларига жорий қилиш истиқболлироқ, деган хулосага келинди.

    ДХШ борасида Туркия тажрибасини оладиган бўлсак, ушбу мамлакатда кўплаб лойиҳалар маҳаллий манбалардан молиялаштирилади. Банк ва молия тизимининг ривожлангани бу борада анча қўл келади. Лекин шуни айтиш мумкинки, ДХШ бўйича Ўзбекистон тажрибасини ҳам яратса бўлади. Зеро, Президентимиз томонидан тизимни кенгайтиришга доир тезкор чора-тадбирлар кўрилаётгани мазкур тажрибани яратишга пойдевор бўлиши, шубҳасиз. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилганидан 6 ой ўтиб, тезкор равишда бу бўйича қонун, кўплаб қарорлар қабул қилиш айтишгагина осон.

    Аслида ДХШни барча соҳаларга жорий этиш мумкин. Фақат айрим давлат шерикларининг жуда хом, молиявий ҳисоб-китобларсиз тақдим этаётган лойиҳалари боис, тизим баъзи соҳаларда самара бермаётган бўлиши мумкин. Амалга ошмай қолаётган кўплаб лойиҳалар айни сабаблар туфайли қолиб кетаётганини ҳам тан олиш керак. Аммо бунинг ечими қийин эмас. Ҳар қандай давлат шериги ДХШ борасида ёндашувни аниқ белгилаб олса, объектларни маҳаллий инвесторларга берса, бу бўйича хатлов ўтказса, муаммолар камаяди. Жумладан, маданият соҳасида ҳам. Тадбиркорларнинг қизиқиш даражаси ўрганилиб, тендерлар ўтказилиши тизимнинг янада самарадорлигини таъминлайди. Хусусий ташаббуслар эса фақат ва фақат тизимнинг тараққиётига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

    Ғолиб ХОЛЖИГИТОВ,

    иқтисодчи,

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates