SpaceX ёғочли сунъий йўлдошни коинотга олиб чиқди

    Япониялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган, дунёдаги биринчи ёғочли сунъий йўлдошга айланган LignoSat, SpaceX миссияси доирасида учирилди, деб хабар бермоқда Reuters.

    Киото университетида ишлаб чиқилган сунъий йўлдош Халқаро коинот станциясига етказилади ва Ердан тахминан 400 километр баландликдаги орбитага чиқарилади. Хабарда миссия қайта тикланадиган материалларнинг имкониятларини намойиш этиши таъкидланган.

    “Ёғоч, яъни мустақил тарзда ўзимиз ишлаб чиқаришимиз мумкин бўлган материал ёрдамида биз уйлар қура оламиз, коинотда абадий яшай ва ишлай оламиз”, деди Киото университети тадқиқотчиси ва собиқ астронавт Такао Дои. Унинг жамоаси келгуси 50 йил ичида Ой ва Марсда дарахт экиш ва ёғоч уйлар қуришни ҳам режалаштирмоқда.

    Киото университети профессори Кожи Мурат ёғоч коинотда Ердагидан кўра мустаҳкамроқ бўлади, деб ҳисоблайди. Бу сув ва кислороднинг салбий таъсирининг йўқлиги билан боғлиқ, деб хабар беради lenta.ru.