Унда Марказий Осиё давлатларининг «ақл марказлари», фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва халқаро экспертлар қатнашди.
Маҳаллий ва хорижий экспертлар очиқ мунозара шаклида жамиятни демократлаштириш, ислоҳотлар жараёнига фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилишнинг замонавий тенденциялари, инсон ҳуқуқларини илгари суришнинг илғор тажрибалари, фуқаролик жамиятини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда барча ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари туради. Илгари амал қилиб келган «давлат–жамият–инсон» тамойили янги «инсон–жамият–давлат» тамойилига ўзгартирилди. Халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шарти сифатида иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезонга айланди. «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган ғоя доирасида эса фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш белгиланди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба камбағаллик статистикаси расман тан олинди ва уни қисқартиришга комплекс чоралар кўриляпти. Бу, ўз навбатида, давлатнинг муаммоларни яширмаслик, камчиликларни тан олиш, муаммолар билан ишлаш, уларга конструктив ечим топиш йўлидан бораётганини кўрсатади. Бунга мисол тариқасида маҳаллалар ва хонадонлар кесимида манзилли ёндашув жорий этилаётганини, шартли равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» дея аталаётган тизим шакллантирилганини айтиш мумкин.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда биринчи марта ҳуқуқни ҳимоя қилиш глобал майдонида нутқ сўзлади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил этилган 2006 йилдан буён атиги 20 та давлат раҳбари дунёда инсон ҳуқуқлари соҳасида энг обрўли халқаро ташкилотнинг йиллик сессияси делегатларига тўғридан тўғри мурожаат қилган. Бу борада Ўзбекистон собиқ Иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлди. Давлат раҳбарининг шахсан иштироки Ўзбекистон ўзининг 2021—2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига қанчалик масъулият билан ёндашаётганини намоён этди. Юксак минбардан асосий тамойил қайта-қайта янгради: инсон қадр-қиммати дахлсиздир, уни ҳимоя қилиш ва эъзозлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Жумладан, Президент қийноқлар даъво муддати қонун билан белгиланмаган жиноят эканлигини ва ҳар қандай ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг бошқа кўринишлари каби унга қатъий барҳам берилишини таъкидлади. Шунингдек, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилишга, БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачисини ҳамкорликда иш олиб бориш учун Ўзбекистонга таклиф этишга тайёрлигини билдирди.
Янги Ўзбекистоннинг шаклланишида инсон ҳуқуқларини таъминлаш асосий ўрин тутади. Демократик ўзгаришларни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла риоя қилган ҳолда, халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот ва яқин ҳамкорликда изчил давом эттиришга қатъий сиёсий ирода мавжуд. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланганига далолатдир. Масалан, гендер мувозанатига эришиш, сиёсий ёки жамоат ишларида ўзини намоён этишга тайёр аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайли Парламентлараро иттифоқнинг 2021 йилги «Сиёсатдаги аёллар» жаҳон рейтингида Ўзбекистон 45-ўринни эгаллади. Ҳисоботда турли мамлакатлар парламенти ва ҳукуматида аёлларнинг вакиллиги ҳақидаги маълумотлар ошкор этилган. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз нафақат Марказий Осиё республикалари, балки Германия, АҚШ, Канада, Австралия каби давлатлардан ҳам олдинда.
2021 йил 14 октябрда эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индекси (World Justice Project)да Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилди. Жорий йилда мамлакатимизга берилган баҳо 4,1 фоизга ўсди ва бу йўналишда энг яхши натижа кўрсатган уч давлатдан бири бўлди. Натижада умумий рейтингда 85-ўринни эгаллади.
Экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда. 2016 йилдан буён Шавкат Мирзиёев халқ билан самарали мулоқот қилиш, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги очиқлиги ва масъулиятини давлат аппарати фаолиятининг муҳим шартлари сифатида белгилаб берди. Бугун улар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим, айниқса, аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашмоқда.
Ўзбекистон давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш босқичини бошидан кечираётган мамлакат сифатида фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий институтларни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ғояларига содиқдир. Сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари мақсадга мувофиқ равишда такомиллаштирилмоқда, кафолатлари мустаҳкамланмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолияти бўйича қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди. Масалан, жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. ННТларнинг хориж грантларини олишида ва улардан фойдаланишида тўсиқлар йўқ. ННТ ва рўйхатдан ўтказувчи орган ўртасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш тартиби бекор қилинди. ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари 5 бараварга, солиқ юки 2 бараварга камайтирилди. Фуқаролик жамияти институтларига давлат томонидан бериладиган субсидиялар ва грантлар сўнгги тўрт йил ичида 4 баравар ошди.
Ўтган беш йилда Ўзбекистонда фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Аммо стратегик истиқболда саъй-ҳаракатларни, жадалликни сақлаб қолиш йўллари, омиллари муҳимлигича қолмоқда. Бунда нафақат эришилган ютуқларни, балки аниқланган муаммолар ва юзага келаётган чақириқларни ҳам ҳар томонлама таҳлил қилишга зарурат бор.
Сессия якунлари бўйича давлат ва нодавлат секторлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замон талабларига ўз вақтида ва унумли жавоб беришда фуқаролар иштирокини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилди.
Маълумот учун: Халқаро мунозара клуби Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган. Клуби фаолияти долзарб ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, турли соҳалардаги тенденцияларни шакллантириш, таклифлар ишлаб чиқиш, экспертлар, шу жумладан хорижий ва халқаро ташкилотлар тавсиялари билан инновацион ғоялар ва қарашларни тарғиб қилишга қаратилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.