Сўнги йилларда Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, оғир, ўта оғир ва коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларнинг жазони ўташ муассасасида бўлиш муддатлари узайтирилди.
Шунингдек, жазо муддатини тўлиқ ўташлари лозим бўлган маҳкумлар тоифаси ҳам кенгайтирилди.
Бу ўзгаришлар, ўз навбатида 2-3 йилдан сўнг жазони ўташ муассасаларида сақланаётган маҳкумлар сони ва сиғими масаласини кун тартибига чиқариб, альтернатив чоралар кўришни тақозо этади.
Шу билан бирга, сўнги вақтларда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан транспортни бошқариш билан боғлиқ кўплаб қоидабузарликлар содир этиляпти.
Шу боис, Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи, шунингдек «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 12810 ва 131-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун суд томонидан муайян муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган шахсларни ҳам профилактик ҳисобга олишни белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Қўмита мажлисида Қонунни қабул қилиниши маҳкумларни ахлоқан тузатишга, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, профилактик ҳисобга олинган шахслар билан олиб бориладиган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш орқали мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашишга ва ҳуқуқбузарликларнинг, қолаверса транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан транспортни бошқариш билан боғлиқ кўплаб қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши олди олинишига хизмат қилиши таъкидланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.









