Минтақада ягона меҳнат бозорини шакллантириш ва миграция сиёсатини такомиллаштириш йўлида

    Жорий йил 2 октябрда Тошкентда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «МДҲ ягона меҳнат бозорини шакллантириш доирасида миграция сиёсатини такомиллаштириш» мавзусида Ўзбекистон-Россия давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

    Давра суҳбати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги, шунингдек, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳамда «Петербург мулоқоти» форуми билан ҳамкорликда ўтказилди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Янги Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири эканини таъкидлади. Бинобарин, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида адолатли ва ҳуқуқий ҳимояланган меҳнат бозорини шакллантириш – халқларимиз ўртасида ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий таҳдидларни имкон қадар камайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида бутун дунёда тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига алоҳида тўхталар экан, экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз».

    А.Саидов Ўзбекистон-Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари ва тегишли давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида минтақамизда ягона меҳнат маконини барпо этиш масаласининг муҳокама қилиниши рамзий маънога эгалигига эътиборни қаратди.

    Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев таъкидлаганидек, бугунги кунда Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама изчил ривожланмоқда. Биргина иқтисодий алоқалар натижаларига қараганда, ўзаро товарлар айланмаси 10 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Бу кейинги олти йилда айни кўрсаткич 2 баробардан зиёд ўсганини англатади.

    В. Фадеевнинг фикрича, миграция соҳасида бир қанча муаммолар тўпланиб қолган ва уларга кўз юммасдан, тегишли мақбул ечимларни топиб, ижобий ҳал қилиш ҳамда айни йўналишда илгари одимлаш лозим. Шу маънода, давра суҳбати хулосалари ва тавсияларини ишлаб чиқиш ҳамда шу асосда якуний ҳужжат тайёрлаш керак бўлади. Маромига етказилган якуний ҳужжат ҳар икки давлатнинг ижро ҳокимияти органларига, қонунчилик ҳокимияти идоралари – парламентларга юборилса, бошқарув идоралари томонидан айни муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий қадамлар қўйилишига муҳим туртки бўлади.

    Давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Алексей Ерхов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев сўзга чиқди. Ҳар икки мамлакатнинг соҳа бўйича мутахассислари ва экспертларнинг фикрлари ҳам тингланди.

    Муҳокамаларда миграция сиёсатини такомиллаштиришга ҳар икки томонда, яъни қабул қилувчида ҳам, йўналтирувчида ҳам доимо эҳтиёж мавжудлиги эътироф этилди.

    Давра суҳбати якунида МДҲ маконида ягона меҳнат бозорини шакллантириш – фақат ҳуқуқий ёки иқтисодий масала эмаслигига алоҳида урғу берилди.

    Давра суҳбатида Россия Федерацияси делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, тегишли вазирликлар ва давлат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий-ўқув муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Владивосток, Екатеренбург, Новосибирск, Ростов-Дон шаҳарларида жойлашган мамлакатимиз Консуллик муассасалари бош консуллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеренбург, Самара, Каснодар ва Благовешенск шаҳарларидаги ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда минтақавий вакиллари онлайн қатнашди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

    Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates