Қон — бу ҳаёт. У — бебаҳодир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди.
Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатади, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиз ҳисобланади. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади. Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали экан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига бўйича донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиради. Бахтсиз ҳодисалар, операциялар чоғида организмнинг оғир талафотларга учраш эҳтимоли донорларда бошқаларга нисбатан камроқ бўлади. Чунки, донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади ва оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади. Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. Олимлар эркак донорлар орасида юрак инфаркти бошқаларга қараганда 30 фоиз камроқ учрашини аниқлашган.
Ҳар йили «14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни” муносабати билан қон топшириш акцияси ташкил этилади. Жорий йил ҳам “Қон топширинг, қон плазмасини беринг, ўзгаларга ҳаёт бағишланг, уни тез-тез бажаринг!» шиори остида акциялар давом этмоқда. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали талабаси Рахат Жанабаев Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг беғараз донори ҳисобланади ва у ҳар доим қон топширишда жуда фаол.
— Ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик — одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир. Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган бебаҳо совғаси деб биламан. Менимча қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшилик қилишга интилиши керак,- дейди донор Рахат Жанабаев. – Олдин ота-онам мен қон топшириб юрганимдан хабари йўқ эди. Менинг донор эканлигимни билишгач, жуда қаттиқ қувонишди. Инсонларга ёрдаминг тегадиган, элинг, юртинг учун, халқинг учун фойдаси тегадиган инсон бўл, ўғлим дейишди.
Ҳа, албатта инсон ҳар доим хам жамиятда ўз ўрнига, нуфузига эга бўлиш керак. Рахат хам бугунги кунда илм ўрганаётган талаба бўлишига қарамасдан донор сифатида қонга муҳтож инсонларнинг дардига дармон бўлиб келмоқда.
— Шу кунга қадар 46 марта қон топширдим, — дейди Рахат Жанабаев. — Бу қисқа вақт ичида ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон миқёсидаги рекорд даража экан. Албатта, мен бундан ғурурланаман. Атрофимдаги инсонларга ёрдам бериш мен учун бахт деб биламан. Мен уларга қон бердим. Демак, улар ким бўлишидан қатъий назар менинг қариндошим ҳисобланади. Йил сайин қариндошларим сони ҳам ортиб бормоқда.
Ҳар йили «14 июнь — Бутунжаҳон донорлар куни” сифатида кенг нишонланиши ва ушбу санага бағишланган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказиш эзгу анъанага айланган. Рахат Жанабаев 2021 йили Ўзбекистонда ўтказилган “Кўнгиллилар форуми”да “Донорлик” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллаб, “Йил кўнгиллиси” номинацияси ғолиби бўлган. У 2019 йилдан буён беғараз қон топшириб келмоқда.
Сўнги пайтлари давлатимиз томонидан аҳолининг соғлиғини сақлаш, шу жумладан қон хавфсизлигини таъминлаш, беғараз донорларни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясига 2022-2023 йиллар давомида 6 миллиард 299 миллион маблағ ҳисобига плазмафарез ускунаси, миксер, ИФА анализаторлари, гемоглобинометр, плазма сепаратор, -86оС ли совиткич, музлатгич сингари тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Станция томонидан 2022-йил давомида 25013 донордан 12718,7 литр консервантсиз қон тайёрланиб, режа -158 % га бажарилган. Жорий йилнинг шу кунига қадар 11029 донордан 4907,7 литр консервантсиз қон олинган. Шунингдек, сайёр қон тайёрлашга имконият яратилиб, 2023-йил Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясига барча қулайликларга эга 1 дона “ISUZI HC40» маркали (мобил комплекс) махсус автобус ажратилди.
- Донор қон топширар экан, кимнингдир ҳаётини сақлабгина қолмай, ўз соғлиғини сақлашга ҳам эришади. Чунки, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриш ва қон таҳлилларини топшириш, киши саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб боришига хизмат қилади. Ҳозирда дунёнинг 70 та давлатида қон захираси кўнгилли донорлик ҳисобига йиғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан ҳар бир давлатда жами аҳоли сонинг 3 фоизи донор бўлганида қонга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш мумкин. Бу кўрсаткич бизнинг давлатимизда 1 % га тенг. Шу боис донорлар сонини кўпайтириш зарурлиги бор, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясининг донорлар бўлими мудири Жадира Габбарова. — Кўнгилли донорлик тарғиботи фақат қон қуйиш марказлари ёки унинг сайёр гуруҳлари вазифаси эмас. Жамоатчилик томонидан қон ва қон маҳсулотлари захираси нечоғли муҳимлиги, қай ҳолларда қон қуйишга мурожаат қилиниши, захира бўшаб қолиши қандай оқибатларга олиб келиши батафсил тушунтирилиб борилса, ишонамизки, кўнгилли донорликка муносабат ўзгаради.
Эътиборли жиҳати, ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган кишилар фахрий донор ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам ана шундай бағрикенг ва сахий инсонлар учун “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланишади. Қон хизматларида олинадиган қон миқдори организмдаги умумий қон миқдорининг 10 фоизини ташкил қилади, яъни 350-400 миллилитр. Организм йўқотган суюқлик ўрнини 36 соат ичида тикланар экан.
- Жорий йил Рахат Жанабаев сингари бир неча йиллардан буён беғараз қон топшириб келаётган Қорақалпоғистонлик донорлар Алимжан Саипов, Курмангази Изенов, Толибай Курбанов ва Дунай Убайдуллаевлар “Ўзбекистон Республикаси Фахрий донори” кўкрак нишони эгасига айланди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясининг бош шифокори Аймурат Танирбергенов. — Сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортмоқда.
Маълумки, 2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди. Соғлом, донорлик талабига жавоб берадиган ҳар қандай киши қонга эҳтиёж сезган ёхуд фалокатга учраб, операция столига ётқизилган хаста ва мушкул аҳволда қолган кишиларга ёки бутунлай бегона инсонларга ҳам ўз қонини бериб, донорлик қилиши мумкин.
Қувонарлиси, донорлик қисқа вақт ичида юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзиб, вазирлик ва идоралар ходимлари, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.