Дронлардан фойдаланиш фермерларга харажатларни камайтириш имконини беради

    Фикр 13 ноябр 2023 566

    Сув ресурслари тақчиллигининг сезиларли даражада кучайиши, ер ресурсларининг жадал таназзулга учраши, зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларининг тарқалиши шароитида учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) қишлоқ хўжалиги соҳасида тобора оммалашиб боряпти.

    Агар 2016 йилда қишлоқ хўжалиги учун дронлар бозори 864 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб унинг ҳажми 5 баробар ошиб, 4,2 миллиард долларга етди. Жорий йил бошида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган дронлар умумий дронлар сонининг11 фоизини ташкил этди. 2030 йилга бориб унинг ўртача йиллик ўсиши 20 фоизни ташкил этиши тахмин қилиняпти.

    Ҳозирги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражаси: пахта ва ғаллачиликда – 90 %; сабзавот ва полизчиликда – 45 %; чорвачиликда – 48 %; боғдорчилик ва узумчиликда – 36 %. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш учун 267 мингдан ортиқ техника ва ускуналар мавжуд. Уларнинг 38 %и маънан ва жисмоний жиҳатдан эскирган, 15 йилдан ортиқ ишлатилган. Шу билан бирга, дронлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида деярли фойдаланилмайди.

    Нега дронларга бўлган талаб ортиб боряпти?

    Мутахассисларнинг таъкидлашича, улар ёрдамида:

    - минерал ўғитлар, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш;

    - сув ресурсларини тежаш;

    - меҳнат унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш мумкинлигида.

    Биринчидан, дронлар мультиспектрал тасвирлаш орқали экин майдонларининг ҳолати ҳақида маълумот тўплаши мумкин. Бу ер ва ҳосилнинг ўғитларга бўлган эҳтиёжни, зараркунандалар билан зарарланиш ҳолатларини, шунингдек, бактерицид ва вирусли ўсимлик касалликларини аниқлаш имконини беради.

    Маълумот учун: мультиспектрал тасвир бир вақтнинг ўзида электромагнит нурланиш спектрининг турли зоналарида бир хил ҳудуднинг бир нечта тасвирларини ҳосил қилади. Тегишли дастурий таъминот, сунъий интеллект ва машинани ўргатиш (machine learning) орқали ҳудудларнинг ҳолати ҳақида керакли маълумотларни тақдим этади.

    Шундай қилиб, дронлар зараркунандалар билан зарарланган ва бегона ўтлар кўпайган ҳудудларни 95 % аниқлик билан аниқлайди, бу эса фермерларга экинларнинг фақат мақсадли жойларини даволаш имконини беради. Тадқиқотларга кўра, анъанавий усуллар (қўл ёки тракторда) одатдагидан 30 % кўпроқ пестицид ва ўғитлардан фойдаланилади.

    Илмий тадқиқот натижаларига кўра, дронлардан фойдаланиш натижасида фермерларнинг пестицидлар ва ўғитларга бўлган харажатлари 40 %гача қисқаради. BBC эълон қилган интервьюда эса Ҳиндистонда дронлар орқали 60 % – 70 % ўғитлар тежалишига олиб келган.

    Иккинчидан, дронлар сув танқислиги ва ортиқчалигини ўз вақтида аниқлаб, сув ресурсларини бошқаради.

    Масалан, Қатарда дронлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалигида сувни 30 %га тежалишига олиб келди. Мозамбикда қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлиги 55 %га яхшиланди.

    Учинчидан, дронлардан фойдаланиш меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин. Тадқиқотларга кўра, дронлар қишлоқ хўжалиги ерларини кузатиш вақтини 10 баробарга қисқартиришга ёрдам беради.

    Масофадан бошқариладиган қурилмалар, шунингдек, инсон саломатлигига зарар етказувчи кимёвий моддаларни тез пуркаш имконини беради, бу эса қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ишлаш вақтини сезиларли даражада қисқартиради.

    Бунда кимёвий моддаларнинг зарарлилиги туфайли одамлар далаларда жуда чекланган вақтгина қолиши таъминланади. Шунингдек, катта пахта майдонларида одамлар учун зарарли ва жуда қиммат авиация хизматининг ўрнини босади.

    Бу омилларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини сезиларли даражада оширади. Мозамбикда янги дрон технологиялари қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини 41 %га, Саудия Арабистонида 20 %га оширишга ёрдам берди.

    Ҳиндистон модели

    Ҳиндистонда қишлоқ хўжалигида дронлардан оммавий фойдаланиш йўлга қўйилди. Дронлардан фойдаланиш 2026 йилга бориб Ҳиндистон ялпи ички маҳсулотини 1,5 %га (51 миллиард доллар) ошириши ва 500 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиши кутиляпти.

    Қишлоқ хўжалигига дронларни кенг кўламда фойдаланишга тарғиб этиш бўйича Ҳиндистон моделининг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

    1) Қишлоқ хўжалигига янги технологияларни жорий этишни рағбатлантириш.

    Ҳукумат бир қатор давлат идоралари томонидан дронларни сотиб олишни 100% субсидиялайди.

    Фермерларни лизинг шартларида дрон билан таъминлаш мақсадида дрон нархининг 40%и миқдорида моддий ёрдам кўрсатади.

    Фермер аёллар ёки кам ривожланган ва аҳоли кам яшайдиган ҳудудлар вакиллари томонидан якка тартибда дронларни сотиб олиниши учун дрон нархининг 50%и миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.

    Маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги учун тайёр учувчисиз учадиган аппаратлар тизимлари 1,5 минг доллардан 25 минг долларгача бўлиши мумкин.

    2) Дронларни сотиб олиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни либераллаштириш.

    Ҳукумат қишлоқ хўжалиги дронларини сертификатлашнинг соддалаштирилган схемасини жорий этди, у нафақат кимёвий моддалар ва ўғитларни пуркаш, балки фото ва видеога олиш орқали ерларни кузатишда ҳам қўлланилиши мумкин.

    3) Фермерларни янги технологияларга ўргатиш дастурларини ишга тушириш.

    Қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланишни ривожлантириш мақсадида Ҳиндистон ҳукумати мамлакатнинг барча ҳудудларида фермерлар учун оммавий ўқув курсларини ташкил этган.

    4) Фермерларга дронларни ижарага олиш имконияти мавжудлиги.

    EM3 иловаси ишлаб чиқилган бўлиб у фермерларга қўшимча даромад топиш имконияти ва техникаси мавжуд бўлмаган деҳқонларга уларни ижарага олиш имкониятини яратиб беради.

    Хитойда дронлар ижараси бўйича илова яратилган.

    2016-йил бошида Пекинда ташкил этилган Farm Friend фермерлар учун қишлоқ хўжалиги дрон эгаларига экинларга пестицидлар ва ўғитлар пуркаш учун дронларни ижарага олиш платформасидир. Farm Friend қишлоқ хўжалигига мўлжалланган дронларга ўзи эга эмас, шунга қарамай у Хитойнинг 10 та провинциясида 60 минг гектардан ортиқ майдонда 5 мингдан ортиқ дронларни жойлаштиряпти. Фермерлар ўзлари хоҳлаган сана ва вақтни, экин номини, ўғит ёки пестицидни, гектар қишлоқ хўжалиги ерини, жойлашуви ва алоқа маълумотларини киритадилар. Farm Friend автоматик равишда энг яқин хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан уларнинг сўровларини мослаштиради. Дрон операторлари буюртма маълумотларини олади ва ишни режалаштиради. Иш тугагач ва дастур орқали ишлаш ҳақида фикр-мулоҳазалар юборилса, тўловлар операторларнинг ҳисобларига ўтказилади.

    Ўзбекистон тажрибаси

    Айни пайтда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, ўғит ва кимёвий моддалар таннархини пасайтириш, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш муаммоларини ҳал этишда дронлардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар мавжуд.

    Масалан, Жиззах вилоятидаги “Жиззах Organic” кластери Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга. Ушбу корхонанинг қурилмалари ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишидаги аномалияларни аниқлайди, ўғитларни аниқ сепади ва суғоришнинг бир хиллигини назорат қилади. Ушбу амалиёт “Жиззах Organic” мутахассисларига экинларнинг сифати, шикастланиши ёки нобуд бўлиши ҳақида сўнгги ва тўлиқ маълумотларни тақдим этади.

    Биринчи прототип Ўзбекистонга 2020-йил ноябрь ойида келган. Great Shark 330VTOL модели Хитойнинг FOXTECH компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Ускуна тасвирни 30 баробар катталаштириши мумкин ва унинг махсус режими тунги вақтда кузатиш имконини беради. Қурилманинг максимал юк кўтариш оғирлиги 21 килограммни ташкил этади ва юқори тезликда (80 км/соатигача) 2,5 соат давомида парвоз қилиш имкониятига эга.

    Шу билан бирга, Ўзбекистонда дронларнинг кенг қўлланилиши қатор сабабларга кўра етарлича ривожланмаган. Хусусан:

    Биринчидан, қишлоқ хўжалиги мақсадларида дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базанинг йўқлиги.

    Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, жумладан, хорижий ижодий гуруҳлар томонидан фото ва видео материаллар тайёрлаш учун дронларни вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат берилади.

    Бошқа мақсадларда учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга рухсатномалар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори асосида берилиши мумкин.

    Маълумот тариқасида: Россияда оғирлиги 250 граммгача бўлган дронларни рўйхатдан ўтказмасдан олиб кириш мумкин. Оғирлиги 250 граммдан 30 килограммгача бўлган дронлар рўйхатга олинади. Рўйхатдан ўтиш онлайн ва бепул амалга оширилади, дрон эгаларига почта орқали махсус радиочастота (RFID) теглари юборилади, уларни кузатиш учун дрон корпусига ёпиштириш керак бўлади.

    АҚШда ҳам 250 граммгача бўлган дронлар рўйхатдан ўтмасдан фойдаланишга рухсат этилган. Оғирлиги 250 граммдан 25 килограммгача бўлган моделлар онлайн рўйхатдан ўтиш керак (ҳар бир нусха учун 3 йилга тўлов — 5 доллар). Рўйхатдан ўтгандан сўнг дрон корпусига ёпиштирилиши керак бўлган махсус стикер берилади.

    Иккинчидан, дронлардан фойдаланиш бўйича мутахассис билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги. Аксарият кластерлар ва фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги муаммоларини ҳал этишда дронларнинг имкониятларидан бехабар. Ҳозирги илмий ва таълим муассасалари ушбу соҳани ўрганмайди ва бу йўналишда илмий тадқиқот олиб бормайди.

    Учинчидан, қишлоқ хўжалиги муаммоларини ҳал этишда дронларни жорий этишни давлат томонидан рағбатлантириш тизимининг мавжуд эмас.

    Қишлоқ хўжалиги мақсадларида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш бўйича қуйидагилар тавсия этилади:

    – Ҳиндистон, Хитой ва Қатар тажрибасини ўзлаштириш;

    – фермерларга учувчисиз учадиган аппаратларнинг илғор технологияларини жорий этишда илмий ва амалий-услубий ёрдам кўрсатиш;

    – етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар ва университетлар билан ҳамкорликда дронлардан фойдаланиш тажрибасини оммалаштиришга қаратилган ўқув курслар ташкил этиш;

    – қонунчиликка қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган дронларнинг олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳамда аэрофотосурат материалларини назорат қилиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш;

    – дронларни ижарага бериш ва алмашиш платформасини яратиш;

    – давлат ташкилотлари ва фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланишни рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

    – фермер ва қишлоқ хўжалиги ходимларини дронлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишга ўргатиш бўйича ўқув дастурлар ва семинарлар ташкил этиш.

    Умуман олганда, дронлардан фаол фойдаланиш қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган кластер, фермер ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш борасида қўйилган мақсадларга эришишга салмоқли ҳисса қўшиш имкониятини яратади.

    Прогрессив ислоҳотлар маркази матбуот хизмати.