Дунё эътироф этаётган Ўзбекистон

    Фикр 26 сентябр 2020 1178

    БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбарининг она тилимизда чиқиш қилгани улкан тарихий воқеа ўлароқ, ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотди.

    Халқимиз ғурурини юксалтирди, кўнглимизни тоғдек кўтарди. Зеро, ўз замонларида Амир Темур, Навоий, Бобур каби улуғ ватандошларимиз сўзлаган, унинг ривожи йўлида қайғурган она тилимиз жаҳоннинг энг нуфузли минбаридан жаранг сочиши Ватанимизнинг бой ўтмиши, бугуни ва фаровон келажагини ифода этувчи муҳим воқеликдир.

    Шу боис, бу воқеа бутун халқимиз, кенг жамоатчилигимиз қалбида юксак акс-садо берди. Буни биз ижтимоий тармоқларда бўлаётган қизғин муҳокама ва чиқишлардан ҳам кўриб-билиб турибмиз. Жамоатчилик, зиёлилар билдираётган фикрлар ва муносабатлар фикримизга исботдир.

    Ўзбекистон мустақил давлат мақомига эга бўлган дастлабки кунлардан халқаро ҳамжамият билан тенг ҳуқуқли, суверен ҳамкорлик олиб бориш йўлидан бормоқда. Хусусан, 1992 йил 2 март куни жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТга аъзо бўлган мамлакатимиз ўзаро кўп томонлама шерикликнинг устувор йўналиш­лари бўйича ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан алоқаларни ривожлантириб келмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017 йил 19 сентябрда Президентимизнинг БМТнинг 72-сессиясидаги иштироки ва сўзлаган нутқи ­Ўзбекистоннинг мазкур тузилма доирасидаги халқаро ташаббусларида янги тенденцияларни намоён қилди.

    Шу ўринда 72-сессиядан кейинги қисқа даврни таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи навбатда, давлатимиз раҳбари кўтарган Афғонистон муаммоси, ушбу мамлакатда тинчлик, осойишталикни таъминлаш ва мавжуд вазиятни барқарорлаштириш борасида ижобий силжишлар кўзга ташланаётганлигини айтиш зарур. Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича йирик халқаро анжуман ўтказилди. Ушбу халқаро тадбирдан кейин Афғонистонга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Яъни унга хавф-хатар туғдирадиган, уруш бўлиб ўтаётган мамлакат сифатида эмас, балки энг яқин қўшни ва ишончли ҳамкор сифатида қараш анъанаси шакллана бош­лади. Бугунги кунда афғон заминида жуда катта лойиҳалар, дастурлар татбиқ қилинмоқдаки, бу ушбу давлатнинг иқтисодиётини тиклаш, савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

    72-сессиядаги нутқда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муаммолар, ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам тилга олинган эди. Йиллар давомида чегара, сув таъминоти, савдо-сотиқ йўналишларидаги ишларда бир қатор муаммолар йиғилиб қолган эдики, давлатимиз раҳбари томонидан уларни баҳамжиҳат ҳал қилишга қаратилган Маслаҳат кенгашларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилганди. Натижада минтақамизда мутлақо янги муҳит шаклланди. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ўзининг тарихий ўзанларига қайтди, борди-келдимиз яхшиланди ва халқларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди.

    Учинчи йўналишдаги масала бу — Орол денгизининг қуриши муносабати билан юзага келган фожеанинг оқибатларини бартараф этиш бўйича илгари сурилган ташаббус. Бугунги кунда бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Траст фонди ташкил этилди. Энг етакчи мамлакатлар, халқаро ташкилотлар кўмагида маблағлар сафарбар қилин­япти. Бу чора-тадбирлар туфайли Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражаси тобора яхшиланмоқда.

    Бундан ташқари, Маърифат ва диний бағрикенг­лик тўғрисидаги БМТ резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган эди. 2018 йилда ушбу резолюция қабул қилинди. Шуни алоҳида қайд этишимиз лозимки, давлатимиз раҳбарининг БМТда, яъни дунёнинг энг юқори минбарида айтган деярли барча ташаббуслари бугунги кунда тўлиқ қўллаб-қувватланиб, амалиётга жорий қилинмоқда.

    Ўзбекистоннинг инсоният бошига оғир ташвиш солган бугунги глобал пандемия­га қарши кураш жараёнида эришаётган натижалари ҳам халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимизда Сovid-19 инфекцияси қайд этилган илк кунларданоқ хавфли юқумли инфекция тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, тиббиёт тизимларини кучайтириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

    Глобал пандемия нафақат тиббий-ижтимоий соҳага, балки иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш ривожига ҳам жиддий зарар етказди. Шундай вазиятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чоралар кўрилди, солиқ ва бошқа молиявий имтиёзлар берилди. Жаҳон банкининг маълумотига кўра, 2020 йилда ялпи глобал маҳсулот 5,2 фоизга тушиши кутилаётган бир вазиятда Ўзбекистонда бу борада 1,5 фоиз иқтисодий ўсишга эришилиши кутилаётгани мамлакатимизда пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича нечоғли тўғри йўл танланганининг яққол ифодасидир. Айнан пандемия даврида мамлакатимиз қарийб 3 миллиард долларлик имтиёзли кредит ҳамда грантларни жалб этди. Ҳозирги кунда уларни ўзлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Унинг етти юз миллиони ишбилармон доиралар ва банкларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. 300 миллиони коммунал хўжалик ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилди.

    Пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастурига қўшимча 1 триллион сўм маблағ ажратилди. Умуман олганда эса оилавий тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм маблағ кафолатланган иш ўринлари яратадиган кичик ишлаб чиқариш ло­йиҳаларига йўналтирилади. Албатта, бу чора-тадбирлар бугунги мураккаб шароитда мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий муҳит барқарорлигини сақлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ­Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи ҳам жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. Президентимиз сессия ялпи мажлисида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда ­Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Жумладан, концептуал жиҳатдан мутлақо янги 10 дан ортиқ ташаббус илгари сурилди.

    Муҳокамаларнинг энг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига кенг урғу берилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Хусусан, глобал муаммога ҳар бир давлат ўз ҳолича ёндашгани, ягона стратегия йўқлиги намоён бўлди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади. Шу жиҳатдан Президентимиз томонидан БМТ шафелигида пандемия­лар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

    Айтиш керакки, ушбу таклиф 2020 йил 8 июлда бўлиб ўтган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг COVID-19 ва меҳнат масалаларига бағишланган Глобал саммитида халқаро жамоатчилик эътиборига илк бор ҳавола этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур таклифининг ўзига хос аҳамияти шундаки, унда аввало, пандемияга қарши курашиш бўйича жаҳон тажрибасига асосланиб инсоният учун бундай таҳдидни барча давлатларнинг биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатлари ва ҳамкорлиги орқали енгиш ғояси илгари сурилади.

    Афсуски, пандемия сабабли чеклов чораларини қўллаш жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтирди. Шу жиҳатдан қараганда, таклиф этилаётган ташаббус, биринчи навбатда, пандемия даврида давлат сиёсатининг асосий тамойилларини аниқлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Бундан ташқари, пандемия туфайли давлатларнинг турли соҳалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришдаги долзарб вазифалари яққол намоён бўлди. Бу муаммоларга самарали ечим топиш учун нафақат барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг тизимлилигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини аниқ англаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, мазкур Халқаро кодекс пандемия пайтида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кафолатлаш бўйича давлатлар томонидан бажариладиган минимал шартлар ва мажбуриятларни белгилашга қаратилган.

    Қолаверса, Халқаро кодекс барча соҳаларда барқарор ривожланишга эришиш учун ҳамма иштирокчиларнинг — ҳукуматлар, бизнес, фуқаролик жамияти институтларининг пандемияга қарши зарур чораларни кўриши бўйича ихтиёрий мажбуриятларини жамлашга йўналтирил­гандир.

    Шу жиҳатдан қараганда, бу жуда муҳим ташаббусдир. Чунки бундай кодекс, аввало, ҳар бир мамлакатда аҳолининг офат қаршисида ночор бўлиб қолган энг заиф қатламларини ҳимоялаш, қолаверса, ривожланишнинг қуйи босқичида бўлган давлатларга ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда кўмак бериш ва умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўйлаймизки, ­Ўзбекистон Президентининг ушбу муҳим ва ўринли ташаббуси ҳам бутун жаҳон аҳли томонидан қўллаб-қувватланади.

    Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган яна бир ташаббус — барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилишдан иборат бўлди. Бу жуда муҳим, чунки аксарият давлатларда қонун чиқарувчи органлар аъзолари БРМга эришишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мониторинг қилишда Конституция билан кўзда тутилган имконият ва ваколатларга эга. Миллий парламентларнинг қонунларни қабул қилиш ва бюджетларни тасдиқлаш билан боғлиқ муҳим роли БРМ борасида мамлакатлар томонидан олинган мажбуриятлар самарали бажарилишига хизмат қилади.

    Шу жиҳатдан, Олий Мажлис палаталари ҳам кейинги йилларда қатор ваколатларга эга бўлди. Хусусан, шу йилда ташкил этилган парламент комиссияси томонидан ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда Барқарор ривожланиш миллий мақсадларининг ҳам умумдавлат, ҳам вилоят ва туманлар кесимида бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда. Бу борада комиссия ишига маҳаллий кенгашлар депутатлари, кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВлар кенг жалб этилмоқда.

    Ўйлаймизки, Президентимиз ташаббусига кўра, БМТ Бош Ассамблеясининг барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилиниши катта маънавий ва сиёсий таъсирга эга бўлиб, бу йўналишда жаҳон миқёсида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш ҳамда унга янгича суръат бағишлашда айни муддаодир.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида глобал хавфсизликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Жумладан, ­Ўзбекистон БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги минтақавий қўш­ма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдори экани таъкидланди. Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлади ва ўтган даврда терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш бўйича 14 та халқаро конвенция ва протоколни ратификация қилди. Унинг доирасидаги минтақавий қўшма режа Марказий Осиё минтақаси учун терроризмга қарши кураш бўйича умумий кўрсатмаларни белгилайдиган ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Бу ҳужжат нималар қилиниши кераклиги тўғрисида аниқ бўлимларни ўз ичига қамраб олгани, узоқ вақт давомида терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши кураш чоралари белгилангани, эришиладиган умумий мақсадларни белгилаб бергани ҳамда у ҳукуматлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилган мавжуд таклифлар асосида ишлаб чиқилган ташаббусларни амалга оширишда юзага келадиган мавжуд бўшлиқлар ва муаммоларни баҳолаш имконини бериши билан ҳам катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан мазкур халқаро конференцияни ўтказиш ўтган давр мобайнида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишда катта аҳамиятга эга.

    БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш — бу давлатимиз раҳбари дунёнинг энг нуфузли минбарида сўзлаган нутқида урғу берган яна бир ташаббусдир.

    БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этилса, бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш, унинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётини таъминлаш борасидаги жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ҳамда афғон заминида кечаётган тинчлик ўрнатиш жараёнлари қатъий назоратга олинишини таъминлаш имконини беради. Бундан нафақат афғон халқининг ўзи, балки биз каби қўшни мамлакатлар ҳам, бутун дунё давлатлари ҳам наф кўради.

    Президентимиз ўз маърузасида дунё миқёсида долзарб бўлиб турган муаммолардан бири — глобал иқлим ўзгариш­ларига алоҳида тўхталди. Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари бундай ўзгаришларнинг Марказий Осиё тараққиётига ҳам хавф солаётганига бир мисол бўла олади. Шу ўринда айтишни истардимки, Ўзбекистон ушбу экологик фожеани бартараф этиш учун барча имконият ва ресурсларни сафарбар этмоқда. Жумладан, сўнгги бир неча йил давомида Оролбўйи ҳудудида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Денгизнинг қуриб қолган ҳудудида умумий майдони икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича давлат дастури қабул қилинди.

    Давлатимиз раҳбари БМТнинг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақидаги махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш халқаро куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Бу бизга нима беради? Аввало, Оролбўйи минтақаси экологиясини ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган биргаликдаги чораларни амалга оширишга инвестициялар жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга эришилади. Бунда, айниқса, экологик соф технологияларни жорий этиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини амалиётга комплекс татбиқ этиш мумкин бўлади. Қолаверса, иқлим ўзгариши оқибатларини Оролбўйи ҳудуди учун юмшатиш, энергия ва сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва экотуризмни ривожлантириш ҳам таъмин­ланади.

    Яна бир муҳим ташаббус — БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланиши, шубҳасиз. Зеро, глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциялашув масаласи нафақат денгиз йўлларидан олисда жойлашган минтақамиз, балки тараққиётнинг турли босқичларида турган ҳар бир давлат учун муҳим. Қолаверса, Марказий Осиёнинг табиий-географик жойлашуви ва салоҳияти минтақамизга Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт кўпригига айланиш имконини беради. Шу маънода бизга қўшни барча давлатлар мавжуд транзит-транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва ривожлантиришдан манфаатдор. Ушбу муҳим стратегик вазифанинг ҳал қилиниши Марказий Осиё мамлакатлари қаторида бошқа ҳудудларнинг ҳам жадал ривож­ланишини таъминлайди.

    Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан она тилимизда қилган чиқишида минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий меросини тарғиб қилишга ҳам алоҳида аҳамият берди. Президентимиз Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форумни ўтказишга тайёрлигини билдирди. Кўҳна заминимиз Буюк ипак йўлидаги қулай географик жойлашуви туфайли халқаро савдо, маданий, илмий ва ақл-заковат алмашинувида муҳим бўғин бўлиб хизмат қилган. Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги мулоқот ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Бироқ Марказий Осиё халқларининг бугунги жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаган. Айниқса, Ўзбекистонимизнинг бебаҳо маданий меросини дунё аҳли учун деярли очилмаган хазина сифатида баҳолаш мумкин. Шу жиҳатдан мазкур халқаро форум ана шу хазинани дунёга танитишда муҳим омил бўлади.

    Ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш — бу Президентимизнинг нутқида эътибор қаратилган яна бир долзарб масала. Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб яна бир бор барча-барчани БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ­Ўзбекистон ташаб­бусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бугунги кунда бу конвенция ло­йиҳаси бутун дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этиляпти. Хусусан, яқиндагина ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида бу конвенция бўйича ижобий фикрлар билдирилди. Кези келганда айтиш жоизки, Ўзбекистон нафақат ушбу конвенция ло­йиҳасини тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, балки ёшлар масаласини бугун давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарди. Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташкил этилди, фондлар тузилди, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

    Бундан ташқари, нутқда гендер тенглик масаласи ҳам кўтарилди. Шу пайтгача биз учун гендер тенглик масаласи устувор эмасдек туюларди. Лекин мазкур масала таҳлил қилинганда, аниқ бўлдики, биз бу борада анча ортда қолиб кетган эканмиз. Хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузи, уларнинг бошқарув идораларидаги иштироки мутлақо қониқарсиз аҳволда экани аён бўлди. Шу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида охирги 4 йилда мамлакатимизда 2 та муҳим ҳужжат — “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шулар асосида кенг кўламли ишлар бажарилди ва натижада бугунги кунда опа-сингилларимиз давлат бошқаруви идораларида самарали фаолият юритмоқда. Парламентда уларнинг сони икки баробар ошганидан ҳам бу борадаги вазият ижобий томонга ўзгарганини билиш мумкин.

    Одатда бу каби юксак минбарлардан туриб сўзлаган нотиқлар энг асосий урғу бермоқчи бўлган масалани чиқиш охирига олиб қўядилар. Давлатимиз раҳбари ҳам ўз чиқиши якунида замонавий хатарлардан бири — қашшоқлик ва камбағаллик глобал муаммоларни кучайтираётганига алоҳида эътибор қаратди. Бу муаммолар, айниқса, ҳозирги пандемия шароитида янада кескин тус олаётгани, тобора ташвишли кўриниш касб этаётган қашшоқлик овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессия­сининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклиф этилди. Шунинг ўзиёқ бу муаммо Президентимизни, умуман, бутун халқимизни қанчалик ўйлантираётганидан далолат беради. Ваҳоланки, бир неча йил аввал бу муаммо мавжудлиги тан олинмас, кашшоқлик ёки камбағаллик сўзлари давлат даражасида ҳатто тилга олинмас эди. Биргина ўтган тўрт йил мобайнида мамлакатимизда бу йўналишда изчил ва кўламдор ишлар амалга оширилдики, бунинг самарасини ҳатто пандемия ҳам йўққа чиқаролмади.

    Аминмизки, бугун глобал даражадаги муаммога айланган камбағалликни фақат бутун жаҳон ҳамжамиятининг бирлашган саъй-ҳаракатлари эвазига бартараф этиш мумкин. Унга урғу бераркан, давлатимиз раҳбари хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашимиз зарурлигини яна бир бор уқтирди. Ўз навбатида, ­Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлиги таъкидланди. Бу бежиз эмас. Зеро, ҳар бир давлатнинг вазифаси ўз фуқароларига муносиб ҳаёт кечириш имкониятини яратиб беришдан иборатдир. Шу маънода, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар яқин келажакда нафақат ўзининг кутилган самарасини бериши, балки дунёнинг бошқа давлатлари учун ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилишига ­ишончимиз комил.

    Танзила НОРБОЕВА,

    Олий Мажлис Сенати Раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates