Жума куни кундузи республиканинг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, Тошкент вилоятида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бундай ҳолат эртага — 27 апрель куни ҳам сақланиб туради. Куннинг иккинчи ярмида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғиши мумкин. Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ушбу кунларда ҳарорат фони пасаяди.
Жума куни кундузи ҳаво ҳарорати асосан +22…+27, шанба куни +20…+25, якшанба куни эса +18…+23 даража бўлади. Ҳаво ҳарорати кечалари пасаяди, якшанба кунига келиб +8…+13 даражагача пасаяди.
26 апрелда шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 27−28 апрелда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.
26−28 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Баланд тоғларда 2000 м дан юқорида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлади, жума ва шанба кунининг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат бугун ва эртага кундузи +21…+24, якшанба куни +18−+20 даража атрофида бўлади. Ҳарорат кечалари +8…+10 даражагача пасаяди.