Ёлғизлар ёнига чопган одамлар,
Дунёдан дунёлар топган одамлар,
Ночорлар камини ёпган одамлар,
Қоронғу тунларда чироқ бўлайлик,
Эҳсон дарахтига япроқ бўлайлик.
Муборак рўзаю рамазонда юртимизнинг барча ҳудудларида, маҳаллаларида хайр-саховат йўлида ёзилаётган ифторлик дастурхонлари ғоят файзли бўлмоқда.
Президент қарори ва ташаббуси амалда
Одамлар орасидаги меҳру муҳаббатни, хайр-саховатни кўпайтирадиган, инсонларни бир-бирларига оқибатини мустаҳкамлайдиган, ночор, ногирон, бева-бечора ва қарияларга ёрдам қўлини чўзадиган амаллар нечоғли кўп қилинса, жаннатмонанд Ўзбекистонимизга, муқаддас заминимизга шунчалик кўп ризқ ва барака ёғилаверади.
Муборак ой муносабати билан бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган хайру эҳсон тадбирларида дийдорлашаётган нуронийларимиз, меҳнат фахрийлари, маҳалла кайвонилари, оқсоқоллар, ҳожи ота, ҳожи оналаримиз, қўйингки, етти ёшдан етмиш ёшгача барча инсонларнинг саҳарлик ва ифторлик дуоларида юрт тинчлиги, мамлакат ободлиги, халқ фаровонлиги сўралган гўзал ниятлар ва тиловатлар қилинмоқда.
“Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви томонидан юртимизнинг барча вилоятларида бўлиб ўтаётган ана шундай тадбирларда биз ижодкорлар ҳам иштирок этмоқдамиз. Сирдарё тумани Фурқат маҳалласида яшовчи Холбуви ая Нарзиқулованинг хонадонида ҳам ифторлик дастурхони ёзилди. Ифторликка маҳалланинг отахон ва онахонлари, меҳнат фахрийлари, фаоллар, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи эҳтиёжманд оила вакиллари таклиф этилди.
Келинг, шу тадбирлар баҳонасида қалби эзгуликка тўлган пиру бадавлат онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳақида маълумот бериб кетсам. Шояд ёзганларим ибрат бўлса.
Кутилмаган ва қувончли ташриф
7 фарзанднинг онаси, 20 неваранинг бувижониси 72 ёшли Холбуви аяни ҳаётнинг синовлари четлаб ўтмаган. Ногиронлиги бор 2 фарзандини бошқа болалари қатори оқ ювиб, оқ тараб, парваришлаб вояга етказди. Умри меҳнат билан ўтди. Ҳамманинг ташвиши ўзи билан-да, деб умргузаронлик қилаётган Холбуви ая жойларда ташкил этилаётган ифторлик тадбирлари ҳақида эшитганида унчалик ҳам эътибор бермаган эди.
Аммо унинг ҳолидан хабар олиш, хонадонида ифторлик дастурхони ёзиш учун “Нуроний” жамғармасининг республика даражасидаги ва маҳаллий раҳбарлари бир гуруҳ нуронийлар, меҳнат фахрийлари билан кириб келишгани ая ва хонадон аъзолари учун кутилмаган, қувончли ташриф бўлди.
— Меҳмонлар кутилмаганда кириб келишди, — дейди Холбуви ая Нарзиқулова. — Одатдагидек, қандай яшаяпсиз, деб сўраб-суриштириб, совға бериб, қайтиб кетишса керак, деб ўйлабман. Аммо бирданига ифторликка тайёргарликни бошлаб юборишса бўладими! Қўни-қўшнилар, меҳмонларни ҳам таклиф қилишди. Анчадан бери ҳовлимиз бунчалик файзга тўлмаган эди. Раҳбарлар уйингизга совға-салом, ифторлик неъматлари билан тўлиб-тошиб келиб, ҳол-аҳвол сўраб турса, ҳовли жойингиз билан танишиб, худди туғишган ака-укангиздек яқин олиб, қозон осиб, ифторлик тадоригини бошлаб юборса, одамнинг кўнгли осмонча кўтарилиб кетаркан.
Қозон бошида бошланган шукроналик суҳбатлари тўкин дастурхонга ош тортилиб, бир пиёла кўк чой устида давом этди. “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга ошираётган ислоҳотлар тўғрисидаги мамнуният тўла фикрлашувлар, шу йили 30 апрелида ўтказиладиган референдум, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган ёши улуғларимизнинг миннатдорлик сўзлари дуоларга уланди.
Тошкент вилояти ҳудудларида
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Машраб” ва “Жумагул”, Янгийўл туманидаги “Миришкор”, “Шўралисой”, “Дархон”, Оҳангарон туманидаги “Сартамғали”, Чирчиқ шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган оилалар хонадонларида ёзилган ифторлик дастурхонлари ҳам кўнгилочар кутилмаган учрашувлар, дилкаш давраларга айланиб кетди.
Суҳбатларда Чирчиқ шаҳридаги Мир Алишер Навоий маҳалласида яшаётган ночор оилага икки хонали уй қуриб берилгани, шу маҳаллада яшовчи яна бир оиланинг нураб бораётган эски уйи бузилиб, янгиси қурилаётгани ҳам мамнуният билан тилга олинди.
Водий, воҳа ва пойтахтда саховатдан сўз очилди
Андижон вилояти Асака тумани Амир Темур маҳалласида 150 кишилик, Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Ғаллакор маҳалласида 200 кишилик, Муборак тумани Бўстон маҳалласида ёзилган 135 кишилик ифторлик тадбирларида ҳам ўзбекнинг бек боболари, юзлари фариштали момолари бош-қош бўлишди.
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги Ал-Фарғоний маҳалласида ҳам ифторлик дастурхони ёзилиб, нуронийлар, кексалар “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчилар, маҳалланинг эҳтиёжманд оилалари таклиф этилди. 170 нафардан ортиқ меҳмонни бир даврага жамлаган эҳсон ифторлиги олдидан Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар ёд этилди. Эл-юртга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам фикр алмашдилар. Кексаю ёш уч авлодни бир дастурхон атрофига жамлаган ифторлик тадбири маърифий суҳбатларга уланиб кетди.
Оталаримиз дуога қўл очганида, “охиратимни бергин”, деб дуо қиладилар. Ҳар қандай ёши улуғ инсон меҳрга, эътиборга ташна бўлади. Биргина мисол. Наманган вилояти Соҳилобод маҳалласида яшовчи Абдумутал Худойбердиев 27 йил давомида Наманган дон маҳсулотлари комбинатида, темир йўл орқали маҳсулот жўнатиш бўлимида ишлади.
Ҳозир нафақада бўлса-да деҳқонларга хос тиришқоқлик билан томорқага меҳр бериб, қулупнай, гилос, ловия, сабзи, пиёз, картошка каби мева ва сабзавотлардан мўл ҳосил олмоқда. Меҳнати туфайли ҳеч кимдан кам эмас. Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими мутассаддилари отахонни йўқлаб бориши унинг учун кутилмаган қувончли ташриф бўлди. Оқшом Абдумутал отани кўргани келган маҳалла ёшларининг мусиқий чиқишлари билан янада сермазмун ўтди. Ушбу меҳру саховат ойидаги хайр-эҳсон тадбирларида кўнгли қувончга тўлаётган ҳамюртларимиз, нуроний отахон ва онахонларимиз эл-юртимиз тинчлиги, осойиштлиги, мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши, халқимиз фаровонлиги йўлида дуолар қилишмоқда. Зеро, икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Уч тоифа одамнинг дуоси рад этилмайди: ота-онанинг дуоси, рўзадорнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар.
Хайр-эҳсон ва ифторлик тадбирлари “Нуроний” жамғармасининг ҳар бир маҳалла, қишлоқ ҳамда овуллардаги вакиллари ташкилотчилигида кўтаринки руҳда, файзли ўтмоқда.
Дардмандни кўзидан билган ўзбекмиз,
Майизни қирқтага бўлган ўзбекмиз,
Уйлари бўғдойга тўлган ўзбекмиз,
Қоронғу тунларда чироқ бўлайлик,
Эҳсон дарахтига япроқ бўлайлик.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими