Ихлос, раҳмат ва саховат ойи қалбларимизни покласин!

    Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайр-саховат ва қаноат ойидир.

    Рамазон — биз мусулмон олами муштоқлик билан кутадиган ой. Бу ойда мўминларга рўза тутиш фарз қилинган. Рамазон ойида Аллоҳнинг розилигини топамиз, мағфирати, раҳматига сазовор бўламиз. Бошқача айтганда, Рамазон ҳидоят, тақво, ихлос, сабр, ибодат, мағфират, раҳмат, дўзахдан нажот топиш, хайр-саховат ва қаноат ойидир.

    Беадад шукрлар бўлсинки, мамлакатимизда мусулмон биродарларимиз, халқимиз эмин-эркин ибодат қилиш, рўза тутиш имконига эга.

    Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз қалбини қувонч ва сурурга тўлдирди.

    Маълумки, мазкур қарорда Ўзбекистон халқи учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди.

    Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилади.

    Кўриниб турибдики, Рамазон ойи юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чин маънода меҳр-мурувват, оқибат ва саховат ойи сифатида ўтказилади.

    Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.

    Табрикда бутун Ер юзидаги ислом уммати билан бирга жонажон Ўзбекистоннинг барча мўмин-мусулмонлари ҳам қутлуғ ва муборак рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олгани қайд этилди.

    Айниқса, табрикдаги: “Аввало қалбларимизга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.

    Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган мохи рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди.

    “Инсон қадри – улуғ” деган олийжаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз.

    Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади”, деган сўзлар биз учун Рамазон ойининг нақадар улуғ неъмат эканини кўрсатади.

    Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Мана шундай паллада биз Аллоҳдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қилмоғимиз керак.

    Рамазон ойи халқимизнинг азалий қадриятларини ўзида мужассам этади. Ҳамюртларимиз нафақат ибодатда собит бўлишга интиладилар, балки ўзгаларга ҳар қачонгидан кўпроқ сийлаи раҳм қилишга ҳаракат қиладилар. Кам таъминланган, бемор, боқувчиси йўқ инсонлар ҳолидан хабар олишга, уларга моддий кўмак беришга уринамиз. Ифторлик пайтларида қўни-қўшнига тансиқ таомлар илинамиз.

    Бу ойни янада гўзал тарзда ўтказиш ўзимизга боғлиқ. Рамазон ойи Аллоҳнинг биз мўмин-мусулмонларга берган катта неъмати экан, уни ғанимат билиб қадрлашимиз лозим.

    Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин!

    Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,

    Чуст туманидаги “Саид Насимхон Тўра”

    жоме масжиди имом хатиби.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates