ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида 2025 йил 28 февралга қадар амал қиладиган вақтинчалик низом тасдиқланган.
Унга кўра, двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутер) учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилди ҳамда бу турдаги транспорт воситалари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Мопед ёки скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ЙҲХХ ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Мопед ва скутер ҳайдовчиларида "А" тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши 2025 йил 1 мартдан бошлаб талаб этилади. Ушбу транспорт воситаларини гувоҳномасиз бошқарганлик учун жарима солинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2024 йил декабрида мототранспорт воситаларини (мотоцикл, электромотоцикл, мопед ва скутерлар) рўйхатдан ўтказиш учун БҲМнинг 1,5 баравари — 562 500 сўм миқдорида ставка белгиланганди.