Эндиликда "прописка"га қўйиш бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида тартиб бўлмайди

    Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

    Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, республикамизда доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этишга қаратилган.

    Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди.

    Ўтган қисқа даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўп йиллар давомида халқимизни қийнаб келган, эскилик сарқити бўлган прописка тизимини бекор қилиш, бу борада белгиланган турли бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, хусусан, пропискасиз фуқароларни ишга олганлик учун иш берувчининг жавобгарлигини бекор қилиш бўйича муҳим тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

    Фуқароларни доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ички ишлар органлари билан бир қаторда давлат хизматлари марказлари орқали ёки онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Олиш ўта мураккаб бўлган хорижга чиқиш стикери бекор қилиниб, унинг ўрнига биометрик паспорт ва мамлакат ичида эса ИД карта жорий қилинди.Бугунги кунда фуқароларимиз мамлакат ҳудуди бўйлаб эмин-эркин ҳаракатланмоқда, шу жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятида турар жой сотиб олиш, ишга жойлашиш, тиббий ва бошқа ижтимоий хизматлардан тўсиқсиз фойдаланмоқда, чет давлатларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз бориб келишмоқда.

    Ўз навбатида, фуқароларни доимий яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тизими аҳоли статистикасини юритиш, ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш, пенсия, тиббий таъминот, ижтимоий хизматлар ва давлат хизматлари кўрсатишни режалаштиришда, мавжуд ресурс ва маблағларни тўғри тақсимлашда, аҳоли бандлигини таъминлашда, ҳарбий рўйхат юритишда муҳим аҳамият касб этади.

    Бугунги кунда амалда бўлган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.

    Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган Қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

    Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.

    Бундан ташқари, аҳолининг айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш таклиф этилмоқда.

    Жумладан, ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган ёки тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўтаб чиққан, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги натижасида жабрланган шахслар эндиликда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан тўлиқ озод этилади.

    Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимиз фуқаролари ва меҳмонларини рўйхатга олиш тартибини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилишга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чораларини мақбуллаштиришга хизмат қилади.

    Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates