Журналистлар ушбу объектда маиший техника маҳсулотлари, жумладан, музлатгичнинг халқаро стандартларга кўра синовдан ўтиши, баҳолаш жараёнлари билан танишди.
Таъкидлаш лозимки, маиший электротехника маҳсулотларининг энергосамарадорлиги ИСО ИЕК 62552 халқаро стандарти бўйича баҳоланади.
Пресс-тур давомида журналистлар совутгич ва музлатгичларни барқарор ҳолатда энергия сарфини тегишли стандартлар бўйича баҳоланиш жараёнини кузатди.
Ўзбекистон ҳудудига энергия самарадорлиги паст бўлган маиший техникаларни импорт қилишга чеклов қўйилган. Шунингдек, 2016 йилдан эътиборан электрожиҳозларнинг энергия самарадорлигини белгилаш тартиби жорий қилинган. Энергия самарадорлик даражалари А, В, С, D, E, F ва G синфлари билан белгиланади.
Масалан, энергия самарадорлиги юқори бўлган жиҳозлар, (масалан, А +++синфидаги музлатгич) йилига ўртача 200-300 квт соат истеъмол қилади, эски моделлар эса 500-600 квт соат истеъмол қилиши мумкин. А+ энергия самарадорлиги синфига эга идиш ювиш машинаси ҳар бир цикл учун тахминан 1,1 квт соат истеъмол қилади.
Аслида энергия самарадорлиги юқори бўлган маиший ошхона анжомлари кўп энергия сарфлайдиган жиҳозларга қараганда қимматроқ бўлади. Табиийки, фойдаланувчиларда бундай ускунадан фойдаланиш самаралими, нарх фарқи қанчалик тез қопланади, деган савол туғилади. Бу ҳақиқатда манфаатли.
Кўп турдаги маиший техника доимий равишда ишлайди, шунинг учун улар ҳар куни, ҳар сонияда энергия истеъмол қилади. Шу сабаб бир неча йил фойдаланишдан кейин энергия самарадор техника нарх ўлароқ манфаатли экани кўринади;
Юқори сифатли, элита маиший техника одатда юқори энергия самарадорлиги билан ажралиб туради, бу жуда узоқ вақт давомида узилишларсиз ишлайди, яъни А++ синфидаги қурилма сизга хизмат қиладиган бир неча ўн йиллар давомида сиз аллақачон бир нечта шунга ўхшаш C синфидаги қурилмаларни алмаштирган бўласиз. Шу сабаб узоқ муддатга қиммат қурилмани сотиб олиш фойдалироқ.
Пулни тежашни афзал кўрган одамлар учун бир маротаба катта харидга пул сарфлаш, кейин эса оз миқдорда ойлик энергия тўловларидан баҳраманд бўлиш психологик жиҳатдан осонроқдир. Аммо энг муҳими шундаки, биз энергия самарадор жиҳозларни ишлатиш билан атроф-муҳитга бўлган зарарни камайтирамиз, экологияга ва фарзандлар келажагига ҳисса қўшамиз.