Энг кўп грант ўринлари ажратган нодавлат олий таълим ташкилоти маълум бўлди

    Нодавлат олий таълим муассасалари молиявий жиҳатдан мустақил бўлиб, тўлов контракт суммасини мустақил белгилайди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб юртимизда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 1 000 та ўрин ажратиб бориш ва бу ўринларни нодавлат олийгоҳлар ўртасида тақсимлаш йўлга қўйилди.

    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси нодавлат олий таълим ташкилотларида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имконият яратиш мақсадида давлат томонидан ажратилган ўринлардан ташқари ўз ташаббуслари билан ажратилган грантларни аниқлаш бўйича мониторинг ўтказди.

    Унга кўра, жорий йилда нодавлат олий таълим ташкилотлари иқтидорли ёшларга 2000 тадан ортиқ грант ўрин ажратгани ва турли стипендиялар жорий қилгани маълум бўлди.

    Нодавлат олий таълим ташкилотлари ўртасида ўз маблағи ҳисобидан энг кўп грант ўринни Тошкент вилоятидаги ISFT (International school of finance technology and science) институти ҳамда Тошкент шаҳридаги АКФА ҳамда Инҳа университетлари ажратган.

    – Нодавлат таълим хизматлари кўрсатаётган инвестор фақат пул топишни мақсад қилган бўлса, муваффақиятга эриша олмайди. Дунёдаги нуфузли хусусий университетлар ҳам иқтидорли ёшлар учун грант ўринлар ажратади, – дейди ISFT институти ректори Мансур Ниязметов. – Зеро, иқтидорли ёшлар келгусида иш берувчилар ўртасида университет мавқеини оширишга хизмат қилса, иккинчидан, курсдошлари ўртасида таълим муҳитини яратади. Етакчи сифатида бошқаларни ортидан эргаштира олади.

    Бу йил кундузги таълимга 800 нафар талаба жалб қилишни режалаштирган бўлсак, уларнинг 30 фоизи грант асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Шундан 10 таси Президентимиз қарори асосида бизга давлат ҳисобидан ажратиб берилган бўлса, 250 тасини ўз ташаббусимиз билан жорий қилдик.

    Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга кичик ҳиссамизни қўшиш мақсадида 50 та ўринни айнан қизларимизга ажратганмиз. Келгуси йилларда ҳам грант ўринларни янада кўпроқ ажратиш, қизларимизни қўллаб-қувватлашни режалаштирганмиз.

    Ёшларимиз яратилаётган имкониятдан унумли фойдаланиб нафақат маҳаллий миқёсда, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош кадрлар бўлиб етишади, деб умид қиляпмиз,

    Бугун аксарият нодавлат олий таълим ташкилотларининг 1-курсига қабул жараёни давом этаётган бўлиб, бошқа нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳам ички имкониятлардан келиб чиқиб грант ўринлари ажратиши мумкин, дейилади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати хабарида.