Энг нафосатли, оқила ва ўз касбида илғор аёллар муносиб тақдирланди

    Мамлакатимизда 27 декабр 2021 1733

    Кеча Ўзбекистон аёллари учун унутилмас кунлардан бири бўлди. Пойтахтимиздаги Hilton меҳмонхонаси кўп йиллар юртимиз ривожи йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган, айни пайтда давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган энг фаол, мунис ва муҳтарама аёллар, забардаст ва жонкуяр юртдошларимиз, парламент аъзолари, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоат тузилмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, хорижий ва халқаро ҳамкорлар, меҳнат фахрийлари, тадбиркорлар, журналист ва блогерларни бир ерга жамлади.

    Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан ташкил этилган «Нафосат», «Гендер тенглик фаоли» ва «Йил аёли» миллий кўрик танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева табрик сўзи билан очиб берди.

    Қайд этилганидек, сўнгги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ўз салоҳиятини тўла намоён этишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, турмушини фаровон қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, бир сўз билан айтганда ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳуқуқий асос мустаҳкамланмоқда.

    Ўз вақтида белгилаб олинган вазифалар ва кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида катта катта ижобий натижаларга эришилмоқда. Бугун бошқарув лавозимларидаги шахслар ҳамда тадбиркорларнинг учдан бир қисми айнан аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Сиёсий партияларда хотин-қизлар салмоғи 44 фоизни, парламент қуйи палатасида 32 фоизни, Сенатда 25 фоизни маҳаллий Кенгашлар аъзоларининг эса қарийб учдан бир қисмини (31 фоиз) аёллар ташкил этмоқда. «Сиёсатдаги аёллар» жаҳон рейтингида Ўзбекистон охирги икки йилда дунё парламентлари орасида 130-ўриндан 45-ўринга кўтарилиб, топ-50 таликдан жой олди.

    Юқорида қайд этилган фикрлар, келтириб ўтилган рақамлар ва истиқболга белгиланган режалар замирида минглаб, миллионлаб опа-сингилларимизнинг тақдири, уларнинг тинч-тотув, тўкин ҳаёти, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда аёлни бахтли қилишдек улуғвор мақсад ётибди. Шу жиҳатдан қараганда, бугунги «Йил аёли», «Гендер тенглик фаоли» ва «Нафосат» кўрик-танловларини ушбу йўналишдаги ишларнинг ўзига хос сарҳисоби дейиш мумкин.

    Шундан сўнг, барча учун энг ҳаяжонли, унутилмас онлар бошланди. Бирин-кетин ғолиблар номи эълон қилинди.

    Дастлаб, «Нафосат» республика кўрик танлови ғолиблари тақдирланди. Бугун турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг кийиниш услубини янада такомиллаштириш, улар ўртасида миллий ва замонавий, менталитетимизга мос либосларни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилишда фаол қатнашган қуйидаги аёллар тақдирланди:

    Азиза Сайфуллаева – Тошкент вилояти

    Цитора Эргашева– Бухоро вилояти

    Гавҳарой Жўрақулова – Сурхондарё вилояти

    Дилназ Адилчаева – Қорақалпоғистон Республикаси

    Шаҳло Раҳматова – Жиззах вилояти

    Шаҳноза Ғуломова – Тошкент шаҳри

    Гулноза Аслонова – Навоий вилояти

    Амина Кулиева – Самарқанд вилояти

    Муаттархон Тошматова – Фарғона вилояти

    Ноила Эркинова – Наманган вилояти

    Одина Эминова – Андижон вилояти

    Нафиса Раҳмонова – Хоразм вилояти

    Дилрабо Эминжанова – Сирдарё вилояти

    Шундан сўнг, «Гендер тенглик фаоли» ғолиблари саҳнага таклиф этилди. «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган» номинациясида Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлат органи» номинациясида эса, Мудофаа вазирлиги ғолиб деб топилди. «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик» йўналиши Самарқанд вилоятига, «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ташкилот» номинацияси Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига насиб этди. «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ» йўналиши бўйича

    «Тўмарис» аёллар ва ёшлар маркази, «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти» номинациясида Хоразм вилоятидаги «Shovot tekstil» МЧЖ юқори ўринга сазовор бўлди. «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши радио дастур» Қорақалпоғистон телерадиоканали Бош муҳаррири Гулназ Нурбековага, «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт» «Ўзсаноатқурилишбанки» расмий веб-сайти жамоасига топширилди. «Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши ахборот портал» номинациясида «Human.uz» ахборот портали мухбири Наргиза Юнусова ғолибликни қўлга киритди.

    Маросимда «Йил аёли – 2021» республика танловининг ғолиблари номи ҳам эълон қилинди. Унга кўра,

    1-ўрин Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-сон Оториноларингология кафедраси мудири, Тиббиёт фанлари доктори, доцент, Насриддинова Маҳзуна Тахсиновнага, 2-ўрин Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Шаропова Дилфуза Қудратовнага 3-ўрин Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, «Мевазор-Саодат» ишлаб чиқариш кооперативи бошлиғи Низомова Саодат Кенжаевнага насиб қилди. Биринчи ўрин соҳибаси «Азия-Альянс банк» томонидан 20 миллион сўмлик ваучер билан ҳам тақдирланди.

    «Йил аёли» кўрик-танловининг гран-при ғолибасига президент совғаси тантанали топширилди. Кўрик-танлов ғолиби деб топилган Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли тумани «Орзу» фермер хўжалиги раиси Салиева Палзада Жиенбаевнага президент совғаси - автомобиль тантанали топширилди.

    Ушбу танловлар мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оила ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзи фаолият кўрсатаётган тизим нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамоатчиликка яқиндан таништириш, илғор иш тажрибасини оммалаштириш, профессионал салоҳияти, ишбилармонлик, рақобатбардошлик сифатлари ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсад қилинган.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates