Шу жиҳатдан олганда, бугунги кунда республикамизда ҳар бир қарич ер халқимизга манфаат келтиришини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор.
Ваҳоланки, ўтган йиллар давомида геодезия, картография ва кадастр соҳасида қатор муаммолар тўпланиб қолган эди. Охирги марта мамлакатимизда ер хатлови 40 йил олдин ўтказилгани, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби эса 22 йил аввал қабул қилингани бунинг яққол тасдиғидир.
Президентимиз 2020 йил 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича ўтказган йиғилишда ушбу масалаларга ечим топиш давр талаби эканини қайд этганди. Мутасаддилар олдига кадастр идораларининг энг асосий вазифаси ер ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклиги, йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ҳамда фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси ҳам қўйилган.
Дарҳақиқат, иқтисодий ислоҳотлар ривожланишини ҳисобга олиб табиий ва хўжалик ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишнинг бошқариш тизимини такомиллаштириш, ҳудудлар салоҳиятини мажмуавий таҳлил этиш ҳамда баҳолаш бугунги куннинг энг зарур масалалардан бири ҳисобланади.
Бозор иқтисодиётининг асосий элементларидан бири ҳисобланган кадастр тизими эса ривожланишнинг асосий тамойиллари ва мазмунига мос келиши билан ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим рол ўйнайди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги очиқ маълумотлар таркибини белгилаш, улар асосида оммавий геопортални жорий этиш ҳамда маълумотларни Миллий геоахборот тизими орқали жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартиби ишлаб чиқилиши қайд этилган. Шу мақсадда тақдим этилган давлат кадастрлари маълумотлари асосида янги интеграциялашган географик ахборот тизими ишга туширилиб, ер майдонларининг электрон хариталари яратилди. Ушбу база бугунги кунда вазирликлар, давлат қўмиталари, маҳаллий ҳокимликлар, солиқ органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун зарурий маълумотларни олишга хизмат қилаётир.
Соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш маркази ташкил этилди.
Орттирилган кўп йиллик тажриба ва йиғилган материалларни ўрганиш натижалари ҳамда соҳага янги стандартлар жорий этилиши асосида давлат кадастрларини яратиш ҳамда юритишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ташкил этилди. Ушбу норматив-ҳуқуқий база ҳамда соҳадаги ўзгаришлар Кадастр агентлигида кадрларни тизимли равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этиш заруратини юзага келтирди.
Ана шу мақсадда масъул вазирлик, қўмита ҳамда идораларнинг раҳбарлари ва мутахассисларининг ер тузиш, геодезия, картография, топография, давлат кадастрлари соҳасида малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, амалдаги норматив-хуқуқий ҳужжатларни етказиб бериш ва услубий ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Марказда тингловчиларнинг ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрлари соҳаларини бошқаришдаги касб маҳоратини ошириш ҳамда замонавий билимларни эгаллашлари учун барча шароит яратилган. Ўқув ишлари ҳар икки йилда қайта ўтказилади.
Давлат кадастрларининг барча йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ишларини такомиллаштириш мақсадида ўқув жараёнига олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, соҳада кўп йиллик амалий тажрибага эга мутахассислар, маслаҳатчи ва экспертлар жалб этилади.
Малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда олиб борилади.
Жорий йил 22 февралда Кадастр агентлиги томонидан тизимда фаолият юритаётган мутахассисларнинг 2023 йилда ташкил этиладиган бирламчи малака ошириш курсларига буюртма тасдиқланди.
Ушбу буюртмага мувофиқ, Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлар палатаси ва ҳудудий бошқармалар ҳамда тизим ташкилотларидан соҳавий йўналишлар бўйича 1 минг 576 мутахассис малакасини ошириш буюртмалари шакллантирилиб, улар асосида 8 йўналиш бўйича тегишли ўқув курслари дастури ишлаб чиқилди.
Марказда келгусида Кадастр агентлиги, бошқа вазирлик, қўмиталар, корхона ва ташкилотлар раҳбар ходимлари ҳамда мутахассисларини қайта тайёрлаш баробарида, уларнинг малакасини оширишга бўлган эҳтиёжини аниқлайди. Шундан келиб чиқиб тасдиқланган жадвал асосида мутахассислар қайта тайёрланади.
Шунингдек, соҳага тааллуқли олий ўқув юртларининг ишлаб чиқаришда филиалларини ташкил этиш, амалий ва назарий ўқув дарсларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Айни шу мақсадда хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимни такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилиб, ўзаро тажриба алмашиш чоралари кўрилмоқда. Булар эса, табиийки, келгуси фаолиятимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шавкат ОЛИМОВ,
Кадастр агентлигининг Инсон ресурсларини ривожлантириш
ва бошқариш бўлими бошлиғи,
Алишер АВАЗОВ,
Тошкент геодезия ва картография коллежи директори