Бу ҳақда АОКАда Кадастр агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Шу йилнинг 5 август санасида Давлатимиз Раҳбари томонидан "Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида"ги Қонун имзоланди.
Қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2023 йил 21 ноябрда ер ҳисоби ва кадастр хизматлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириғи асосида ишлаб чиқилди. Лойиҳани тайёрлашда Италия, Болгария, Хорватия, Чехия ва бошқа давлатларнинг ижобий тажрибаси инобатга олинди.
Шунингдек, лойиҳани тайёрлаш жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган йўриқномалар ўрганилди.
Олий суд, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги масъуллари томонидан биргаликда жуда кўп ҳолатлар ўрганилиб, умумлаштирди ва ер участкаларининг расмийлаштирилмаган асосий 8 та ҳолати белгилаб олинди:
— 2018 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
— 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
— "бир марталик акция" доирасида ҳуқуқларини эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
— 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер;
— боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
— кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
— давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
— ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.
Ҳозирги кунда "бир марталик акция" доирасида ҳужжатлари расмийлаштирилиши бошланган, лекин якунига етмаган 60 мингдан зиёд ҳолат бор. Шунингдек, кичик саноат зоналарида жойлашган 1 200 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг ерларини расмийлаштириш ишлари тугатилмаган. Худди шундай, туманларда ҳоким қарори билан уй-жойга мулк ҳуқуқи эътироф этилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланмай қолган кўплаб ҳолатлар мавжуд. Қонунда ана шуларнинг барчасини расмийлаштириш назарда тутилган.
Аслида, "ўзбошимчалик билан эгалланган", деган сўз фақатгина ноқонуний маъносини англатмайди. Қонунчиликда ҳужжатлари сақланиб қолинмаган ер ёки бино-иншоотларга нисбатан ҳам "ўзбошимчалик билан эгалланган" деган таъриф қўлланилади. Масалан, ўтган асрда ажратилган ерларнинг кўпи шундай ҳолатда, яъни қайсидир сабабларга кўра ҳужжатлари сақланмаган. Ҳозирги кунда юртимиздаги 2 400 мингдан ортиқ уй-жой шу ҳолатда турибди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, қонуний ечимлари берилади.
Эслатиб ўтамиз; Қонун имзоланган вақтдан бошлаб уч ойдан кейин, яъни 2024 йил 8 ноябрь куни кучга киради. Унга қадар жойларда тарғибот, тушунтириш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилади.