Эркин иқтисодий зоналар – ривожланишнинг муҳим омили

    Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият юритяпти.

    Мамлакатимиз ҳудудларининг ишлаб чиқариш, ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор.

    Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият юритаётган бўлиб, уларда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 триллион сўмлик 1 минг 497 та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган.

    Албатта, бу қувонарли ҳолат. Лекин мазкур зоналарда маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўз фаолиятини тўлақонли бошлаши учун айрим муаммолар ҳам борки, бу янги инвесторлар ва тадбиркорларни истиқболли лойиҳаларни амалга оширишига ўз таъсирини кўрсатяпти.

    Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокамаси юзасидан жорий йил 27 апрель куни ўтказилган йиғилишда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо – инфратузилма масалаларини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

    Давлатимиз раҳбарининг «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ишга туширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларнинг ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Унга мувофиқ, жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун 1 триллион 600 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Эндиликда 17 та эркин иқтисодий зонада қўшимча электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини барпо этиш учун 584 миллиард сўм, 145 та кичик саноат зонаси учун 395 миллиард сўм йўналтирилади.

    Айтиш керакки, саноатни инновацион асосда ташкиллаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий-технологик ҳамда инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантириш бугунги куннинг устувор вазифасидир. Бу борада юқори технологияли ишлаб чиқаришлар, ноу-хауларни ўзлаштириш, корхоналарда инновацияларнинг жорий қилиниши, технологиялар трансферини таъминлаш учун технополислар, технопарклар каби эркин иқтисодий ҳудудлар ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларининг барпо қилинишига йўналтирилган қонунчиликни яратиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

    Йирик инвестиция лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 232 миллиард сўм кўзда тутилгани, ривожланишдан ортда қолган 33 та туманда саноат ва бизнесни жадал ривожлантириш учун 264 миллиард сўм ажратилиши айни муддао бўлди. Бундан буён биз депутатлар мазкур маблағларни ажратилиши ва мақсадли ишлатилиши устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишимиз лозим бўлади.

    Йиғилишда эндиги энг муҳим масала эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш экани айтилиб, жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,5 триллион сўм бўлган 1 минг 800 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилгани таъкидланди. Бу лойиҳалар эса юртимизда саноатни янада ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омилдир.

    Хулоса ўрнида айтганда, эркин иқтисодий зона — бу янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш мақсадида ташкил этиладиган ҳудуддир. Уни тузишдан мақсад энг аввало, мамлакатни ёки алоҳида олинган ҳудудни стратегик ривожлантиришга доир вазифаларини, яъни ташқи савдо, умумиқтисодий, ижтимоий, ҳудудий ва илмий-техник масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлади.

    Ботирбек ТЎРАЗОДА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates