Шаҳарчадаги ғишт заводи, олтингугурт тегирмони, механика цехи, сопол қувур ва шифер ишлаб чиқариш заводлари, чўян қуйиш цехлари шу шаҳарчада яшовчи 4 минг нафар ишчи-ходимларга етарли фаолият бўлган.
Ҳозирги вақтда Шўрсувда 30 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарида йилига 1 триллион 11 миллиард сўмлик 40 га яқин қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Янада аниқроқ айтганда, Шўрсув ҳудудидаги 186 гектарли ер майдонида норуда қазилма бойликлари қазиб олиш конларидан фойдаланиб келмоқда. Шу кунга қадар қазиб олиш ҳуқуқига эга 34 та корхоналар томонидан мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Табиийки, Шўрсувдаги бундай табиий захиралар ва солиқ сиёсатида яратилган имкониятлар хорижлик инвесторларни ўзига оҳанрабодек тортмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон туман Давлат хизматлари марказида яна бир хориж корхонаси расман давлат рўйхатидан ўтказилди. 1 миллиард сўм устав фондига эга янги «Kexin Yuan Da» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонаси цемент ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.
— Бир ҳудудга инвестиция киритишдан аввал шу жойни табиий бойликларининг салмоғи, яратилган солиқ имкониятлари каби ўнлаб талаблар доирасида мукаммал ўрганамиз, — дейди корхона таъсисчиси Жингхуан Луи (Jingxuan Liu). — Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар учун солиқ соҳасидаги берилган имтиёзлар кўпроқ эътиборимизни тортди. Бундан ташқари, Шўрсувнинг географик жойлашуви, экспорт қилиш учун транспорт коридорининг қулайлиги бизни қониқтиради. Ишлаб чиқариш тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, биз бир пайтнинг ўзида 200 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлай оламиз. Умид қиламизки, узоқ йиллар Фарғона водийсида бу каби тадбиркорлигимиз кўламини кенгайтириб борамиз.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Шўрсув саноат зонасида йирик хорижий корхоналар сони 5 тага етди.
Маъруфжон ДЖЎРАЕВ, Ўзбекистон туман ДХМ директори.