ESG рейтингини қўлга киритиш йўлида яна бир қадам

    «Навоийуран» давлат корхонасида замонавий бошқарув тамойилларини татбиқ қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

    Хусусан, жорий йил март-апрель ойларида корхонада 2 та халқаро стандарт – ISO 27001 «Ахборот хавфсизлиги менежменти» ва ISO 50001 «Энергетика менежменти» тизимларнинг талаблари жорий этилиб, сертификатлаштириш аудити муваффақиятли ўтказилди.

    Шу муносабат билан 22 май санасида «Cert International» халқаро сертификатлаш ташкилоти бош аудитори Риад Ибрагимов «Навоийуран» давлат корхонаси бош директори Джамал Файзуллаевга ISO 27001 ва ISO 50001 сертификатларини расмий равишда топширди ҳамда ESG тамойилларини фаол жорий этиб келаётган корхона жамоасига келгуси режаларини амалга оширишида омад ва муваффақиятлар тилади.

    Аввалроқ – 2023 йил май ойида корхонада 3 та халқаро ISO стандарт талаблари жорий этилиб, ISO 9001 «Сифат менежменти», ISO 14001 «Экологик менежменти» ва ISO 45001 «Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш менежменти» сертификатлари қўлга киритилган эди.

    Мазкур сертификатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022 – 2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-319-сон қарори билан корхонани трансформация қилиш, шу жумладан, «Environment, Social & Governance» (ESG) тамойилларини жорий этиш топшириғи ижроси доирасида қўлга киритилмоқда.

    ISO 27001, ISO 50001 сертификатлари қўлга киритилиши, халқаро ISO стандартлари бўйича сертификатлар сони 5 тага етиши «Навоийуран» давлат корхонаси томонидан ESG тамойилларини жорий қилиш ҳамда ESG рейтингини забт этиш йўлида олиб борилаётган фаол ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади.

    «Навоийуран» ДК ахборот хизмати

    Реклама