“Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”. Соҳибқирон Амир Темурнинг ушбу сўзлари замиридаги улкан маъно, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасидаги изчил ислоҳотларга ҳамоҳангдай гўё. Чунки тадбиркор ва ишбилармон кишилар жамият тараққиёти ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашда катта карвон вазифасини ўтайди. Халқ бой бўлса, юрт фаровон, одамлар эса ўтаётган умридан рози бўлиб яшайди. Шунинг учун ҳам юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга, ишбилармонларни кўпайтиришга ва уларга зарур шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 22 август куни Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти бу борадаги ишларни янада изчил давом эттиришда муҳим аҳамият касб этди.
Оддий ишчидан катта тадбиркорга айланди
Албатта, ҳаракат қилган, изланган ва машаққатларни енга олган инсон кун келиб ўз мақсадларига эришиши, орзулари рўёбга чиқиши тайин. Бухоро вилоятининг Вобкент туманида истиқомат қилувчи Анвар Кенжаев олий маълумотли бўлсада, на ўз соҳасида ва на бир бошқа соҳада тузукроқ маоши бор иш топа олмагач, иш излаб хорижга кетди. Ахир қишлоқ шароитида ота-онасига кўмак бериш, ўз ҳаётини қуриб, оилали бўлиш ва қора қозони яхшироқ қайнаши учун ҳам меҳнат қилиши керак-ку. У бир қанча муддат Россияда оддий ва оғир юмушларда ишлади ва топган пулини яқинларига жўнатиб турди.
Юртимизда кечаётган ислоҳотларни ўз кўзи билан кўриб турган ота-онаси ўғлига уйга қайтишни ва тадбиркорлик билан шуғулланишни маслаҳат берди. Халқ орасидаги, “Ота рози – Худо рози” деган мақол бекорга айтилмаган. Анвар гарчи Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларга унчалик ишонмаган бўлсада, яқинлари сўзини икки қилмай, Бухорога қайтди ва отасининг маслаҳати билан туман ҳокимлигига бориб, вазиятни тушинтирди. 2018 йилда унга 20 гектар ер майдони ажратиб беришди. Ўз ерига эга бўлган Анвар дастлабки кундан бошлаб, енг шимариб ишга киришди. Жигарлари эса унга кўмакдош бўлди.
Даставвал, пахта ва ғалла эккан еридан даромад топган қаҳрамонимиз, меҳнат қилган – элда азиз деган гапга амал қилган ҳолда фаолият олиб борди. Тинимсиз меҳнат ва изланишлари натижасида бугунги кунда Анвар Кенжаев нафақат Бухоро вилоятида, балки республикадаги кўзга кўринган ишбилармонлардан бири.
20 гектар ер майдони айни вақтда 400 гектарга етган бўлиб, шундан 250 гектари экин майдонидан иборат. Фермер хўжалигида ҳамқишлоқларининг юздан зиёдини иш билан таъминланди. Ҳозир ҳар бир ишчининг ўртача ойлик иш ҳақи 5-10 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ислоҳотлар самараси
— Юртга қайтгач, давлат томонидан берилган 20 гектар ер майдонида “Заҳро юлдуз” фермер хўжалигини ташкил этиб, пахта ва ғалла экиб, ўз фаолиятимни бошладим. Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қабул қилинган халқчил қарорлар ва имтиёзли кредитлар фаолиятимни йўлга қўйиб олишимда муҳим таянч бўлди, — дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Анвар Кенжаев. — 2019 йилда фермер хўжалигимиз негизида “Бухоро асл элита уруғчилик хўжалиги”ни ҳам ташкил этдик. Илгари фақат ғалла ва пахта етиштириб, хомашёни давлат эҳтиёжи учун қатъий белгиланган нархларда сотган бўлсак, эндиликда сифатли ғалла ва пахта етказиб беряпмиз. Пахтани қайта ишлаб, толасини ўзимиз эркин нархда биржа орқали тўқимачилик корхоналарига сотяпмиз ва йилига 5 миллирад сўмдан зиёд даромад оляпмиз. 2021 йилда даромадимиз ортиши туфайли имкониятларимизни чорвачилик соҳасида ҳам синаб кўриш учун 8 миллиард сўмга чорва биносини қурдик. 3 миллиард сўмлик имтиёли кердит маблағига Австрия ва Германиядан наслли қорамол олиб келдик. 2023 йилда 5,5 миллиард сўмга автоматалштирилган соғин зали ва 500 бош чорвага мўлжалланган ускуналар харид қилдик. Ҳозир қурилиш монтаж ишлари якунланиш арафасида. Худо хоҳласа, йил якунига қадар чорва бош сонини мингтага етказиб, сут ва гўштни қайта ишлашгача бўлган жараёнларни ўз ичига олувчи чорвачилик кластерини ташкил қилишни ният қилганмиз. Шунда яна 50 нафардан зиёд ҳамқишлоғимиз ишли бўлади Бу билан биз қўшимча қиймат занжирини яратамиз. Албатта, бу ишлар шунчаки, ўз-ўзидан бўлаётгани ёки кимдир четдан келиб ёрдам бераётган йўқ. Давлатимиз томонидан аниқ мақсад билан йўлга қўйилган, пухта ўйланган ислоҳотлар ютуғи бор унинг заминида. Айниқса, Президентимизнинг биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлагани, имтиёз ва имкониятлар бергани ишиларимизда ўз самарасини кўрсатяпти.
Муносиб эътироф
Ҳа, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси натижасида тадбиркорлик ривожи сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариляпти. Ишбилармонлар учун янги-янги имкониятлар эшиги очилиб, уларнинг меҳнатлари ўзининг муносиб эътирофини топмоқда.
Жорий йил Анвар Кенжаевнинг меҳнати муносиб эътироф этилиб, у Президент фармони билан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибига айланди. Президент ишончи юксак руҳий ва маънавий мадад, бинобарин, бу ишонч кишини халқ фаровонлиги йўлидаги янги марраларни забт этишга ундайверади.
Шуни маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги жорий йилда ғаллачиликни ривожлантириш юзасидан россиялик, пахтачилик бўйича эса хитойлик етакчи олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Бундан кўзланган асосий мақсад тармоқларда янги истиқболли лойиҳаларни амалда қўллаб, илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда агросаноат мажмуаси ривожига ҳисса қўшишдир.
Тадбиркорнинг айтишича, “Бухоро асл элита уруғчилик хўжалиги” элита уруғчилигига ихтисослашган бўлиб, 140 гектар экин майдонини ўз ичига олган. Аниқроқ айтганда, бу ернинг 57 гектарида пахта, яна шунча гектар ерда ғалла, қолган майдонда чорва моллари учун ўт, беда, маккажўхори, тариқ ва бошқа озуқабоп экинлар етиштириб келинади. 2022 йилги мавсумда 56 гектар ерда етиштирилган пахтанинг “Бухоро-8” навидан 254 тоннага етказиб баракали хирмон кўтарилган бўлса, 2023 йилди ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик қарийб 45 центнерни ташкил этди. Бу, 257 тонна “оқ олтин” хирмони дегани. Жорий йилги режа ҳам ортиғи билан бажарилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жорий йилда жамоа миришкорлари 65 гектар майдонга ғалла экиб, 75 центнердан мўл ҳосил олди ва ризқ-рўз хирмони 490 тоннага етди. Бу ҳам тадбиркорнинг уддабуронлигидан далолат, албатта. Етиштирилган сара буғдойнинг қарийб ярми давлатга сотилган бўлса, қолгани меҳнат жамоасининг моддий манфаатдорлиги учун сарфланди.
Яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан тўғри фойдаланаётган фермер хўжалиги ва унинг раҳбари Анвар Кенжаев қўшимча тармоқларни ишга туширишга киришди ва 4 гектарга яқин майдонда балиқ етиштиришни ҳам йўлга қўйди.
Ҳаракатда баракат
Ҳаракат қилган одам ўз меҳнатидан барака топади. Бухоролик табиркор Анвар Кенжаев ҳам бу ёруғ кунларга етгунича тиним билмай ишлади, изланди, янги-янги режалар тузди. Энг муҳими, тадбиркорлигини ташкил этиш учун, идорама-идора юрмади, турли мутасаддиларнинг эшигида қоғозларга қўл қўйиб беринг деб сарғаймади. Бу мамалкатимизда тадбиркорларга хизмат кўрсатадиган мукаммал ва янги тизимининг шарофатидир.
Албатта, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи кун сайин тобора кенгаймоқда. Мақоламиз қаҳрамонининг орзулари жуда кўп. У бунга шунчаки эришиб бўлмаслигини теран англайди. Шунинг учун меҳнат қилишдан, янгиликлар устида изланиш ва замонага мос қадам ташлашдан эринмайди. Шиори эса оддийгина, ишлаган тишлайди!
Биз эса бунга қўшимча равишда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини мисол тариқасида келтирдик ва шу сўзлар билан мақолага нуқта қўйишни лозим топдик:
“Бухоронинг ерида деҳқончилик қилиш осон иш эмас. Бу ерда уч марталаб шўр ювиш керак. Шундай экан, ривожланишни истайдиган бўлсак, замон билан тенг юришимиз ва технологиялардан албатта фойдаланишимиз шарт. Бу ишларни бажара олмаганлар ортда қолиб кетаверади”.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири