ФарДУ Озарбайжоннинг “Одлар Юрду“ университети билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди

    Айни кунларда Фарғона давлат университети делегацияси Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди.

    ФарДУ делегацияси Озарбайжоннинг “Одлар Юрду“ университетига ташриф буюриб, университет билан ҳамкорликн алоқаларини йўлга қўйди. Ушбу ҳамкорлик шарафига бугун Одлар Юрду университетида халқаро доирада катта тадбир ташкил этилди.

    “Ўзбекистон Республикаси тарихи ва маданиятига саёҳат” деб номланган ушбу тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, ФарДУ ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов бошчилигидаги делегация вакиллари, олийгоҳнинг санъат, маданият соҳасида таълим олаётган ва юксак натижаларга эришаётган талаба-ёшлар ҳамда Одлар Юрду университети жамоаси иштирок этди.

    Тадбир аввалида Одлар Юрду университетида юртимизнинг буюк ва қадим тарихи, дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган улуғ аждодлари, қомусий алломалари, бой маданий мероси ва санъат даражаси, халқимизнинг бетакрор қадриятлари, миллий анъаналари, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташаббусларни намоён қилувчи кўргазма бўлиб ўтди. Ўз навбатида иккинчи томон — Одлар Юрду университети ҳам ўз халқининг миллий анъаналари, озарбайжон халқ амалий санъати, маданий кўргазмаси намуналари ўзбекистонлик меҳмонлар эътиборига тақдим этди. Шундан сўнг икки давлат мадҳияси садолари остида тадбирнинг расмий қисми бошланди.

    Тадбирнинг расмий қисмида Фарғона давлат университети ва Одлар Юрду университети ўртасида ўқув, тадқиқот, таълим фаолиятини амалга ошириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди. Эндиликда мазкур ҳужжат асосида икки олийгоҳ ўртасида академик алмашинув, илмий ишланмалар ва таълим дастурлари соҳаларида фаол ҳамкорлик олиб борилади.

    Табрик учун сўз олган Одлар Юрду университети ректори профессор Аҳмад Валиев икки қардош халқнинг умуммиллий мероси, юртимизнинг буюк тарихи ва бугунги куни хусусида алоҳида тўхталиб ўтар экан, Фарғона давлат университети билан ўрнатилган ҳамкорлик келгусида икки томонлама илм-фан ривожида катта аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади. Шундан сўнг Фарғона давлат университети ректори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов сўзга чиқиб, ўз маърузасида юртимизнинг 3000 йиллик буюк тарихи, дунё аҳли тан олган алломаларимизнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси, Янги Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги ўрни, ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ушбу мамлакат расмийлари, ҳамкор олийгоҳ жамоаси, Озарбайжон талаба-ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларига батафсил тушунчалар берди.

    Шунингдек, ФарДУ раҳбари ўтган 2017-2023-йилларда миллий-маданий меросимиз ЮНЕСКО даражасида юқори баҳоланиб, бутун дунё халқларининг ўлмас бойлиги сифатида эътироф этилганлигини таъкидлаб ўтди.

    Бу борада ректор ЮНЕСКО Бош конфeрeнциясининг 43-сессияси 2025-йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббусига тўхталди. Дунё нигоҳи қаратилаётган ва жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган бу муҳим тарихий воқеликнинг моҳиятини ўз маърузасида кенг ёритиб берди.

    Халқаро доирадаги тадбир давом этар экан, Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов сўзга таклиф этилди. Элчи жаноблари дастлаб ҳар икки томонларни ҳамкорликнинг янги истиқболли йўли билан муборакбод этди. Сўнгги йилларда бутунлай янги форматга ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги тўғрисида гапириб ўтди. Тарихи, маданияти, тили, илдизи бир бўлган озарбайжон ва ўзбек халқининг муштарак мақсадлари Давлатимиз раҳбарининг юритаётган оқилона сиёсати натижасида рўёбга чиқаётганини эътироф этди. Шундан сўнг икки қардош халқларнинг давлат раҳбарлари ташаббуслари, давлат даражасидаги ташрифлари акс этган видеолавҳа ва Ўзбекистон тарихи ва маданияти акс этган видеоролик иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

    Расмий маросимлар сўнгида тадбирнинг бадиий қисми бошланди. Ушбу маданий дастурда Ўзбекистон Республикаси талабалари томонидан тайёрланган бадиий композиция юксак маҳорат билан ижро этилди. Ўз навбатида Одлар Юрду университети талабаларининг ажойиб миллий-маданий чиқишлари тадбирга ўзгача кайфият бахш этди. Ҳамкорликдан дўстлик кечасига айланган ушбу халқаро тадбир якунида иштирокчилар, ёшлар Ўзбекистон дастурхонига — ўзбек миллий таомлари ва миллат бренди бўлган ошга таклиф этилди. Икки биродар халқнинг фарзандлари шу куни тадбир орқали диллашдилар, дўстлик оқшоми ёшларнинг ўйин-кулгиси ва қувноқ кайфиятлари билан файзга тўлди.

    Тадбирнинг тантанали қисми аввалида тақдирлаш жараёнлари бўлиб ўтди. Бунда тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхоновга ушбу университетнинг “Одлар Юрду Университети Фахрий меҳмони” дипломи топширилди. Шунингдек, ҳар икки томоннинг илм-фан ривожи йўлида фаоллик кўрсатаётган Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовга “Одлар Юрду” университети асосчиси ва кузатув кенгаши раиси, парламент депутати, профессор Самир Валиев иштирокида Одлар Юрду университети фахрий профессори унвони тақдим этилди. Айнан шу ўринда Одлар Юрду университети ректори профессор Аҳмад Валиевга эса Фарғона давлат университети фахрий профессори унвони берилди. Мазкур янгилик ва тарафларнинг ўзаро ҳурмат, самимият ифодаси сифатида фахрий профессорларга эсдалик совғалари тақдим этилди.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates