Давактив агентлиги Фарғонадаги “Ёшлар кўли” хусусий МЧЖга бериб юборилаётгани бўйича баёнот билан чиқди. Унда агентлик мазкур иншоот Спорт вазирлигига қайтарилишини маълум қилган.
"Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги тегишли қарорига асосан Фарғона шаҳар, “Ойбек” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Ёшлар кўли” бино-иншоотлари “Unays Building” МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланиш ҳуқуқи билан берилганлиги, яъни сотилмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур масалага аниқлик киритиш бўйича ўрганишларда ушбу объект Спорт вазирлиги томонидан самарали фойдаланиш учун Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига Фарғона вилоят ҳокимининг 2022 йил 30 декабрдаги қарорига асосан ўтказиб берилганлиги, бироқ ҳокимлик томонидан объектга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги аниқланди" дейилади баёнотда.
Ушбу ҳолатда, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган тартиб талаблари бажарилмаган.
Хусусан, Қонун талабларига кўра, давлат кўчмас мулк объектларини, идоравий мансублигидан қатъи назар, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тўғрисида қарор Давактив агентлиги томонидан тегишли давлат органлари билан келишувга кўра қабул қилиниши белгиланган.
Шунга кўра, амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартиблар бузилганлиги муносабати билан Давактив агентлиги томонидан:
- Спорт вазирлигига объектни Спорт мактаби балансига қайтариб олиш;
- Фарғона вилояти ҳокимлигига объектни Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш ва “Унайс буилдинг” МЧЖга фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш бўйича жорий йил 6 март куни тегишли кўрсатмалар юборилган.
Ўз навбатида, Давактив агентлиги томонидан ушбу давлат мулки объектини тегишли Спорт мактаби балансига қайтариш масаласи қатъий назоратга олинган.
Бир неча кун аввал Фарғона вилояти ҳокими томонидан Фарғона шаҳри марказидаги “Ёшлар кўли” ҳудуди меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ва турар жой қуриш учун очилганига ҳали бир ой тўлмаган фирмага бериб юборилгани маълум бўлганди. Ҳудуд МЧЖга меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ва турар жой қуриш шарти билан доимий муддатга бириктириб берилган.