Қайд этилишича, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги Foton устав капиталидаги давлат улушини профессионал консултантни жалб этган ҳолда музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан ташкиллаштирилган хусусийлаштириш натижалари бўйича 151 миллиард сўм сотиб олиш тўлови билан Havvo Group МЧЖ савдо ғолиби деб топилган.
Ғолиб томонидан келажакда корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотлар турини ва реализацияси географиясини янада кенгайтириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек, корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган.
Таъкидланишича, харидорнинг таклифи консультант томонидан ҳисобланган корхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
2023 йилда Foton томонидан 14,5 минг дона маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, соф тушуми 36,4 миллиард сўмни, соф фойдаси 1,4 миллиад сўмни, соф активлари 20,1 миллиад сўмни ва мажбуриятлари 1,8 миллиад сўмни ташкил қилган.
- Маълумот учун, Foton заводига 1942 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирда 68 минг метр квадратга яқин майдонда иккита ишлаб чиқариш биносига эга.
- 2020 йилги маълумотларга кўра, давлат 257 мутахассис ишлайдиган корхонанинг 83,15 фоиз акцияларига эгалик қилган.