Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унга кўра, президент 17 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда хусусийлаштириш соҳасидаги аниқ вазифалар ва уларни ҳал этиш механизмларини белгилаб берган.
«2025 йилда ҳам хусусийлаштириш ишларини жадаллаштириш топширилди. Бунинг барча механизмлари, қандай амалга ошириш кераклиги бўйича аниқ вазифа ва ечимларни президент белгилаб берди. Айтдиларки, 2025 йил барча соҳада хусусий секторни жалб қилиш йили бўлади… Президент рақамлаштириш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича ўринбосар даражасидаги раҳбарни тайинлаш тўғрисида кўрсатма берди», — деди Акмалхон Ортиқов.
Унга кўра, Шавкат Мирзиёев 2025 йилда давлат корхоналари, вазирлик ва идоралар олдига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, кераксиз объектларни сотиш бўйича вазифалар қўйган.
«Катта-катта давлат корхоналарида трансформация жараёнини тезлаштириш ва халқаро бозорларга чиқиш, шунингдек, харажатларни қисқартириш ва меҳнат самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди», — деди у.
Давактив раҳбари давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва бўш ерларни аукцион орқали сотиш бўйича 2025 йилга мўлжалланган янги дастурни тайёрлаш режалаштирилганини айтди.